date

Ижтимоий тармоқлардаги «дистрибьютор» фирибгарликда гумонланмоқда

Ижтимоий тармоқлардаги «дистрибьютор» фирибгарликда гумонланмоқда

Ижтимоий тармоқларда ўзини йирик дистрибьютор сифатида танитиб келган Хайрулло Шокировга нисбатан жуда кўп миқдордаги фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди — яъни жуда кўп миқдордаги фирибгарлик аломатлари билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёнида 1986 йилда туғилган Хайрулла Убайдуллаевич Шокиров алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш орқали кўплаб фуқароларга моддий зарар етказгани аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълум қилишича, гумонланувчи Instagram, Telegram ҳамда YouTube платформаларида Xayrullo Shokirov номи билан саҳифалар юритиб, ўзини тажрибали тадбиркор ва йирик дистрибьютор сифатида намоён этган. У тармоқларда ушбу фаолият билан гўёки 2004 йилдан буён шуғулланиб келаётганини таъкидлаб, аудитория ишончини қозонишга уринган.

Тергов материалларида айтилишича, Шокиров чет элдан катта миқдорда анор шарбати ва салқин ичимликлар олиб кириш, уларни Ўзбекистон бўйлаб савдо нуқталарига етказиб бериш ваколатига эга экани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган. Шу баҳонада у фуқароларга “дистрибьюторлик фаолияти” орқали юқори даромад ва катта фоизларни ваъда қилиб, уларнинг ишончига кирган.

Амалда эса, терговга кўра, мазкур ваъдалар асоссиз бўлиб чиққан ва натижада жабрланувчилар жуда кўп миқдорда моддий зарар кўрган. Ҳозирда Хайрулло Шокиров гумонланувчи сифатида жиноят ишига жалб этилган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Тошкент шаҳри ИИББ мазкур шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқароларни ёки бу иш бўйича қўшимча маълумотга эга шахсларни тергов органларига мурожаат қилишга чақирди. Мурожаатлар Тергов бошқармасининг 71−206−40−99, 71−206−42−52 телефон рақамлари ёки 102 қисқа рақами орқали қабул қилинади.

Ички ишлар органлари таъкидлашича, ҳар қандай маълумот жиноятни тўлиқ очиш, бошқа эҳтимолий жабрланувчиларни аниқлаш ва адолат қарор топишига хизмат қилиши мумкин. Шу боис фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги шубҳали “инвестиция” ва “дистрибьюторлик” таклифларига нисбатан ҳушёр бўлишга чақиришмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Ижтимоий тармоқлардаги «дистрибьютор» фирибгарликда гумонланмоқда