date

Россияда амалдорлар декларацияси бекор қилинди: янги қоидалар нима дейди?

Россияда амалдорлар декларацияси бекор қилинди: янги қоидалар нима дейди?

Россияда давлат хизматчилари ва депутатлар учун муҳим ўзгариш кучга кирмоқда: эндиликда улар ҳар йили даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация топширишга мажбур бўлмайди. Буни назарда тутувчи қонунлар тўплами РФ президенти Владимир Путин томонидан 28 декабрь куни имзоланди ва расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

Янги қонунларга кўра, доимий йиллик декларация амалиёти бекор қилинган бўлса-да, назорат бутунлай йўқолмайди. Аксинча, муайян ҳолатларда амалдорлар молиявий ҳисобот тақдим этишда давом этади. Хусусан, давлат хизматига биринчи марта қабул қилинаётганда, янги лавозимга тайинланганда, бошқа мансабга ўтказилганда ёки кадрлар захирасига киритилганда декларация бериш шарт бўлиб қолади.

Шунингдек, қонун амалдорларни ўз молиявий ҳолатидаги жиддий ўзгаришлар ҳақида ҳам хабардор қилишга мажбур этади. Масалан, агар давлат хизматчисининг оиласи сўнгги уч йиллик умумий даромадидан қимматроқ бўлган уй-жой ёки бошқа қимматбаҳо мол-мулк сотиб олса, бу ҳолат албатта маълум қилиниши лозим.

Амалдорларнинг даромадлари ва мулкий ҳолатини текшириш энди “Посейдон” деб номланган махсус онлайн тизим орқали амалга оширилади. У Россиянинг Солиқ хизмати, Росфинмониторинг, Росреестр, ГИБДД ва бошқа давлат идораларининг маълумотлар базалари билан ўзаро боғланган. Расмийларга кўра, бу тизим инсон омилларини камайтириш ва назоратни автоматлаштиришга хизмат қилади.

Қонун 2026 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилган. Қонун лойиҳалари 10 декабрь куни Давлат думасига киритилган, 18 декабрь куни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинган. 24 декабр куни эса улар Федерация кенгаши томонидан маъқулланган.

Маълумот учун, Россияда амалдорлар 1995 йилдан бери ҳар йили даромад ва мол-мулкини декларация қилишга мажбур бўлиб келган. Бироқ 2023 йил феврал ойида депутатлар ва сенаторлар ҳақидаги маълумотларни фақат умумлаштирилган кўринишда эълон қилишни назарда тутувчи қонун қабул қилинган эди. Унга кўра, очиқ манбаларда фамилиялар, аниқ сумма ва кўчмас мулк рўйхатлари кўрсатилмайди, фақат декларация топширилгани ёки унда хато бор-йўқлиги ҳақида қисқача ахборот қолади.

Мутахассислар бу ўзгаришни Россияда давлат бошқаруви шаффофлигига доир ёндашувнинг янги босқичи сифатида баҳоламоқда. Айримлар бундай тартиб назоратни марказлаштиради, деб ҳисобласа, бошқалар уни жамоатчилик назорати заифлашиши билан боғламоқда. Қандай бўлмасин, 2026 йилдан бошлаб Россияда амалдорлар декларация тизими мутлақо янги форматда ишлай бошлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Россияда амалдорлар декларацияси бекор қилинди: янги қоидалар нима дейди?