
Солиқ қўмитаси Paynet’нинг Холис платформасидан фойдаланиш бўйича вазиятга изоҳ бериб, тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар иловани ўз хоҳишига кўра ўрнатиши мумкинлигини маълум қилди.
Идора баёнотида айтилишича, агар солиқ ходимлари якка тартибдаги тадбиркорлар ёки ўзини ўзи банд шахслардан ушбу иловани мажбурий ўрнатишни талаб қилса, фуқаролар 1198 қисқа рақамига қўнғироқ қилиши ёки ҳудудий солиқ органларига мурожаат этиши мумкин.
Қўмитага кўра, ҳозирда ўзини ўзи банд қилганлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини қонуний майдонга олиб чиқишга қаратилган янги техник ечимлар устида иш олиб борилмоқда.
Холис платформасининг жорий этилиши Ўзнетда эътирозларга сабаб бўлди: айрим тадбиркорлар солиқ органлари вакиллари иловани ўрнатишни талаб қилганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, келаси йил бошидан Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун махсус ҳуқуқий режим кучга киради. Унга кўра, бизнес махсус платформалар орқали рўйхатдан ўтиши ва ҳисобот топшириши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, бундай хизматларни технопарк резиденти мақомига эга компаниялар кўрсатишига рухсат берилмайди. Солиқ қўмитаси ҳозирча бу талабга Paynet мос келишини қайд этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.