date

Нью Йорк полицияси “Гринч”ни қидирувга бериб, мукофот эълон қилди

Нью Йорк полицияси “Гринч”ни қидирувга бериб, мукофот эълон қилди

Нью Йорк шаҳри полицияси Янги йил байрами арафасида машҳур кинокаҳрамон — Рождество байрамини “ўғирлаши” билан танилган Гринчни ҳазиломуз тарзда қидирувга берди. New York Police Department ушбу қаҳрамонни “қўлга олиш”га ёрдам берувчи маълумот учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот ваъда қилди.

Мазкур эълон полициянинг расмий ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали тарқатилди. NYPD вакиллари бу хабар ҳақиқий жиноят иши билан боғлиқ эмаслигини, аксинча, байрамона кайфият улашиш, ҳазил орқали жамоатчилик билан мулоқотни янада яқинлаштириш мақсадида эълон қилинганини алоҳида таъкидлади.

Ҳазил шаклида тайёрланган “қидирув” эълонида 24 декабрь куни ярим тун атрофида Гринч бу йил ўзини яхши тутган болаларнинг арча остига қўйилган ўйинчоқлари ва совғаларини “ўғирлаб кетгани” айтилган. Гўёки ушбу “жиноят” хавфсизлик камералари томонидан ҳам қайд этилган. Эълонда Гринчнинг яшил тусдаги ташқи кўриниши, тукли либоси ва “шубҳали хатти-ҳаракатлари” алоҳида таърифланиб, бу ҳолатга юмор билан ёндашилган.

Айтиб ўтиш жоизки, Нью Йорк полицияси байрамлар арафасида ижтимоий тармоқларда бундай ижодий ва ҳазиломуз чиқишлари билан аввал ҳам кўпчилик эътиборини тортган. Масалан, аввалги йилларда полиция Санта Клаусни йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга чақирган, Янги йил элфларини эса жамоат тартибини бузмаслик ҳақида “огоҳлантирган” постлар ҳам жойлаштирган эди.

Гринч образи америкалик машҳур болалар ёзувчиси Dr. Seuss (Теодор Сюз Гейзел) томонидан яратилган. У илк бор 1957 йилда нашр этилган “How the Grinch Stole Christmas!” (“Гринч — Рождество ўғриси”) номли китоб орқали китобхонларга таниш бўлган.

Ушбу асар асосида 1966 йилда анимацион фильм суратга олинган, 2000 йилда эса машҳур актёр Jim Carrey бош ролни ижро этган бадиий фильм экранларга чиққан. Ҳикоя аввалида Рождествони ёмон кўрадиган, байрам қувончидан йироқ қаҳрамон тасвирланса-да, воқеалар якунида Гринч меҳр-оқибат, саховат ва байрамнинг асл моҳиятини англаб етади.

Нью Йорк полициясининг ушбу ҳазиломуз ташаббуси эса байрам арафасида жамоатчиликка илиқ табассум улашиб, Янги йил кайфиятини янада кўтаришга хизмат қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Нью Йорк полицияси “Гринч”ни қидирувга бериб, мукофот эълон қилди