
Нигериянинг Огун штати ҳукумати таниқли боксчи Энтони Жошуа иштирокидаги автоҳалокатдан сўнг унинг соғлиги ҳақида расмий маълумот берди. Маҳаллий маъмурият баёнотига кўра, спортчи ва яна бир йўловчи зудлик билан Лагос шаҳридаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага олиб борилган.
Маълум қилинишича, шифохонада ўтказилган кенг қамровли тиббий текширувлардан кейин шифокорлар ҳар икки жабрланувчининг ҳам аҳволи барқарор эканини тасдиқлаган. Уларга шошилинч жарроҳлик ёки қўшимча тиббий аралашув талаб этилмаган. Шу билан бирга, беморларнинг ҳолатини доимий назоратда ушлаб туриш мақсадида алоҳида тиббий гуруҳ ташкил этилган.
Огун штати ҳукумати баёноти BBC орқали жамоатчиликка етказилди. Расмийлар Жошуанинг аҳволи барқарорлигини таъкидлар экан, барча тиббий жараёнлар халқаро стандартларга мувофиқ олиб борилаётганини билдиришди.
Афсуски, мазкур автоҳалокат оғир йўқотишларсиз ўтмади. Воқеа оқибатида Энтони Жошуанинг мураббийлари — Кевин Латиф ва Сина Гхами ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу хабар спорт оламида катта қайғу билан қабул қилинмоқда.
Ҳозирда боксчининг соғлиғи шифокорлар назорати остида бўлиб, унинг аҳволи қониқарли, дея баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.