11:00 / 21.08.2018
4 501

Кекчи қўшни

Кекчи қўшни
Аҳмад кўса ўлгудай ўжар одам. Бир гапни ушлаб олдими, бўлди, тураверади, ҳеч гапидан қайтмайди, унча-мунчасига кўнмайди. Ўзига ўхшаган бир-иккитасини айтмаса, ҳеч ким у билан гап талашмайди. «Кел, қўй, шу билан баравар бўламанми!» дея кўсага атай ён беради. Баъзилар «Сизники тўғри», деб уни баттар шиширади ҳам.

Устига-устак, кўса ўта кекчи ҳам. Баъзан давраларда кимдир пайтини пойлаб «мот» қилиб қўйса, сираям эсидан чиқармайди. Кўнглида сақлаб юраверади, аламини олмагунча қўймайди. Қаттиқ ранжитганлар билан кўпинча гаплашмай ҳам қўяди.

Хуллас, Аҳмад кўсанинг бўлган бўлдиғи шу! Омон раис айтганидай, унинг лойи шундай қорилган. Ўзгартириб бўлмайди.

Кўсанинг қишлоқда ёмон кўрадиган одамлари кўп. Лекин энг ёмон кўргани — ҳамсояси Турсун қоранинг хотини Бўстоной. Уни келин бўлиб тушганидан бери ёмон кўради. Айтишича, келин тўйнинг эртаси куниёқ уни кўриб, кўрмасликка олган ва салом бермаган экан. Ким билсин, балки, салом бергандир, кўса эшитмагандир, энди бу ёғи Худога аён. Лекин кўсанинг қўшиб-чатиб гапириш одати ҳам йўқ эмас.

Кўса билан Турсун қоранинг уйи ўртасида девор ҳам йўқ. Уларнинг уйини ҳар йили устига ток новдалари босилавериб, тупроғи уваланиб кетган уват ажратиб туради. Иккаласининг ҳам каттагина токзори бор эмасми, ҳар йили ундан чиқадиган новдалар боғланиб, шу уват бўйлаб тахлаб чиқилади. Ундан тандир-ўчоққа тутантириқ учун ҳам олиш мумкин эмаски, бунга икки тараф ҳам бирдай амал қилади. Сабаби, чегара бузилмасин, бир-бировининг томорқасига мол-ҳоли ўтиб кетиб, бақир-чақир бўлмасин!

Баъзан уватнинг ток новдалари камроқ босилган, пастқамроқ жойларидан Турсун қоранинг қўй-эчкилари ўтиб кетиб, кўсанинг экинларини пайҳон қилади, бунинг оқибатида қўшнилар анча вақтгача аразлашиб юради. Кўсанинг қўй-эчкиси йўқ, биттагина соғин сигири бор, холос. Бечора сигир қўшни тугул, эгасининг томорқасигаям мўраламайди. Кўсанинг тили билан айтганда, «нас» сигир. Ёлчитиб емиш ҳам емайди, сут ҳам бермайди. Даштга ҳайдаб қўйиб келса, орқасидан етиб келади. Бузоғини қизғанади. Бунинг бари кўсага алам қилади. Қанийди унинг ҳам бошқаларникига ўхшаб сигири серсут бўлса, ҳамсоясиникидек ўн беш-йигирма чоғли қўй-эчкиси бўлса…

Бу етмагандай Турсун қоранинг товуқлариям кўсанинг ғашига тегади. Биринчидан, бари зўр-зўр товуқлар! Лапанглаб-лапанглаб юришига қараганда, катта-катта тухум қўяди. Хўрозига-ку, гап йўқ! Баъзан кўсанинг товуқларигаям кучини кўрсатиб қўяди. Бу атрофда унга тенг келадигани йўқ, кўсанинг чипор хўрозини ҳам бир чўқишда қочирган, шу-шу олдига йўламайди.

Иккинчидан, кўса шу товуқларни деб тузук экин-тикин қилолмайман, деб ўйлайди. Лекин ўзига иш ёқмаслигини тан олмайди. Товуқларга келсак, кўса ҳар куниям уларни «киш-кишлаб»лаб юргани йўқ, экинини қўриш пайидан бўлиб. Ҳамсоясининг товуқлари ҳар-ҳар замон, қаровсиз қолганида кириб кетади. Бир куни ўз-ўзидан чипор хўрози йўқолиб қолдию Бўстоной товуқларини катагидан чиқармай қўйди. Хўрозни қанча изламасин, барибир, топишолмади. Ит ёки мушук еган деса, пати ҳам чиқмади.

Орадан ўн кунлар ўтгач, чипор хўрознинг ёди ҳам сал-пал эсдан чиқдию, Бўстоной яна товуқларини ташқарига, ҳовлига қўйиб юборадиган бўлди. У бир куни кечки пайт товуқларини ҳайдаб, катагига киритмоқчи бўлди. Қараса, яна битта товуқ йўқ. Бола-чақаси билан қидиришга тушди. Токзор оралариям, қўра-қўтон ҳам, қўни-қўшниникиям қолмади. Товуқ ҳеч қаердан чиқмади. Чипор хўрозникидек пати ҳам топилмади…

Аввалига буни ҳеч ким Бўйноқдан кўрмади. Чунки Бўйноқнинг товуқ ушлаб ейиш одати йўқ эди. Ҳар доим товуқлар олдидан бемалол ўтиб-қайтиб юрар, Бўйноқ қайрилиб ҳам қарамасди. Ҳаммаси кўсанинг боғига сув олиш навбати келганида бошланди. Боққа қиялаб оқиб кирган ариқнинг сув ювиб, кичикроқ камар ҳосил бўлган жойидан ўша йўқолган товуқнинг қоп-қора патлари оқиб чиқдию, буни кўсаникида ўйнаб юрган Турсун қоранинг қизи кўриб қолди. Қиз қурмагур дарров бориб, кўрганларини онасига айтди. Бўстоной ҳам шу заҳоти лапанглаб етиб келди. Қараса, худди шу, ўзи тухумдан очириб, жўжалигидан катта қилган қора товуғининг патлари. Жон-пони чиқиб кетди. Оғзига келганини айтиб, шанғиллай бошлади.

Қўлидаги кетмон билан ток жўякларига сув тараётган кўсанинг хотини Роҳила нима қилишини, нима дейишини билолмай, жойида донг қотиб қолди.

«Сизгаям, хўжайинингизгаям неча марта айтдим, шу ўлгурни боғлаб қўйинглар, бир кунмас бир кун бир нарсани бошлайди, деб. Йўқ, гапимни бир тийингаям олмадинглар. Мана, товуқларимни еб бошлабди, хўрозниям шу гўрсўхта еган. Энди бир ҳаром кучукни деб товуқ боқолмас эканмизда-а!? Ҳа, мен буни шундай қолдирмайман, ҳали кўрасиз, бунингиз ит бўлганига пушаймон бўлади. Товуқларимни еган тишлари битта қолмай тўкилиб кетади…».

Роҳила «Балки, товуқларингизни Бўйноқ емагандир», демоқчи бўлдию, демади. Чунки Бўстоной унинг гапларини эшитадиган аҳволда эмасди. Аёлнинг ярим соатлар чамаси ияги тинмади. Охири итни қарғай-қарғай изига қайтаркан, ёнида бораётган қизига ҳам ўшқира кетди.

Бақир-чақир тингач, Роҳила ҳам эс-ҳушини йиғиб, уйига келди ва даҳлизда муздай сув симираётган эрига: «Бугуноқ Бўйноқнинг бўйнига занжир солинг», деди.

Панароқда ҳамма гапни эшитиб бўлган кўса:

— Занжир-панжир солинмайди, — деди қўлидаги косани токчага қўяркан. — Бўйноқ бировнинг товуғини ёйдиган итмас! Мен уни яхши биламан, унинг бундай қилиғи йўқ!

— Менам шундай деб ўйладим, — деди Роҳила одатдагидай эрининг гапини маъқуллаб. — Лекин Бўстоной қулоқ-миямни қоқиб қўлимга берди…

— Тилинг йўқми сенинг, аҳмоқ? Нега индамайсан, нега ҳамма гапини жим эшитиб тураверасан? Ўв, гапингни сал ўйлаб гапир, аниқ кўрдингми ёки ушлаб олдингми итимнинг товуғингни еяётганини» демайсанми? Бу атрофда бизникидан бошқа ит йўқми, нима, ариқда товуғининг пати оқиб келса, Бўйноқ айбдор бўлиши керакми? Мен ишонмайман, Бўйноқ ундай қилмайди, у фақат олдига қўйилганинигина еб ўрганган.

… Бўйноқ ҳовли адоғидаги эски молхона ичидан ғингшиб-ғингшиб чиқди-да, тандир айвон орқасига ўтиб кетди. Кўса секин итнинг ортидан юрди. Ит тезда ҳолдан тойди. Тандирайвон орқасидаги лойҳандаққа етганда ётиб олди. Кўса қўрқа-қўрқа итига яқинлашди ва совий бошлаган оёқларини ушлаб, дарров ҳаммасини тушунди. Ит жон бераётганди. Кўса азобланаётган итига ич-ичидан ачиниб, унинг кўзларига қаради. Ғира-шира қоронғиликда итнинг чала юмиқ кўзларидан ёш сизиб чиқар, у эгасидан сўнгги бор нажот кутаётгандек ётарди.

Кўса Бўйноқни уйидан қуйироқдаги жарга кўмиб қайтаркан, «Уҳ», деди ғазабдан кўзлари косасидан чиққудай бўлиб. «Эркак бўлганингда-ку, ўзим билардим. Аёлсан-да, аёлсан!!!»

Кўса бир-икки кун нима қиларини, ўзини қаерга қўярини билмай юрди. Турганда ҳам, ўтирганда ҳам Бўстонойнинг гўрига ғишт қалади, Бўйноққа дори берган қўлларинг узилиб тушсин, дея қарғади. Бўстонойнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган Турсун қоранинг ҳам шаънига айтилмаган сўз қолмади.

Кунлар ўтаверди. Аста-секин Бўйноқ билан боғлиқ юракдаги доғлар ҳам кетди. Лекин кўсанинг кўнглидаги яра битмади. Ўйлаб-ўйлаб, охири бир қарорга келди. Шундай қилса, ичидаги ўт ўчадигандек, алам босиладигандек эди.

У бир куни саҳарлаб туриб, тоққа, Чўнқаймишга йўл олди. Тушга яқин қадрдони Ҳамдамникига етиб келди. Кўса Ҳамдамга Бўйноқнинг ўлганини айтмади. Тўғрироғи, айтишга уялди. Унга битта урғочи кучук кераклигини, чўпонлардан топиб беришини илтимос қилди. Буни эшитиб, Ҳамдам ичида кулиб қўйди. Кўсанинг ниятини ўзича тусмол қилди: «Қишлоғида бўйноқчаларни кўпайтирмоқчи?..».

Ҳамдам кўсани бир неча чўпон ошналариникига олиб борди. Чўпонлар уларга шу йил баҳорги кучукваччалардан кўрсатишди. Кўса худди Бўйноқдек, бўйни оқ бир кучукваччани танлади, чўпонлар унга ошириб-тошириб таъриф беришди. Зотини хўб мақташди.

Шундан сўнг кўса Ҳамдам билан ҳам хайр-хўш қилиб, ортига қайтди.

У кучукваччани гоҳ эшагининг хуржунига солар, гоҳ хуржундан чиқариб, олдига олар экан, ёш боладай қувониб, бир гапни такрорларди: «Энди Бўстонойнинг шўри қурийди, энди унга кўрсатаман!».

Кўса айни пода қайтар маҳали уйига етиб келди. Роҳила эрининг қўлидаги кучукваччани кўриб, аввалига ҳайрон бўлди. Кўса тоққа, чўпонлар қишлоғига бориб-келганини айтгач, тушунди.

Кучукваччани кўриб, ҳаммадан ҳам кўра кўсанинг кенжа қизи Нурсулув хурсанд бўлди. Унинг бошидан силаб, эркалар экан, отасидан сўради:

— Кучукча Бўйноққа ўхшаркан, унга ҳам «Бўйноқ», деб от қўямизми?

— Йўқ, қизим, — деди кўса хўрсиниб. — Бу кучукча қиз бола, унга мос от қўйишимиз керак. Унинг оти Мастоной бўлади, қизим. Уни Мастоной, деб чақирамиз!

— Мастоной! Бўстоной холанинг отига ўхшаб кетаркан-а?..

— Ўхшаса ўхшар, лекин бу от кучукка жуда ярашади.

Бўстоной ҳамсоясининг кучук асрагани, унга Мастоной деб от қўйгани, ҳаммасини эртаси куниёқ қизидан эшитди. Эшитиб, ҳангу манг бўлиб қолди. Айни тол тушдаги манзара эса уни баттар эсанкиратди.

Бўстоной тутга осилган халтадан сузма олиб, чалоп қилаётган эди. Бирдан кўзи токзор билан анжир орасида кетаётган, ёзда токзорларда, қишда қўраю қўтонларнинг томларида яшаб юрадиган ёввойи сарғиш мушукка тушди. Мушукнинг оғзида оқ товуқ бор эди. У пастга, кўсанинг томорқаси бошланишидаги ўша камарга қараб кетяпти. Бўстоной ҳай-ҳайлаганча шу томонга қараб тез-тез қадам ташлади. Мушук сакраб-сакраб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Ток новдалари босилган уватдан ўтаётганида оғзидаги товуқ тушиб қолганди. Бўстоной уриниб-суриниб келиб кўрса, қизғиш тусга кирган оқ товуқнинг аллақачон жони узилганди.

Бўстонойнинг юрагида оғриқ турди, ичидан бир нарса узилгандек бўлди…
Раимқул СУЯРОВ

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кекчи қўшни