date

Хитойда ходимлар орасида вазн йўқотиш марафони – 1 кг вазнга 140 доллар мукофот

Хитойда ходимлар орасида вазн йўқотиш марафони – 1 кг вазнга 140 доллар мукофот

Хитойдаги йирик технология компанияларидан бири – Insta360 ўз ходимларини соғлом турмуш тарзига ундаш учун ноодатий ва қизиқарли ташаббусни амалга оширди. Shanghai City News Service ёзишича, компания “Оз ва пул топ” деб номланган челленжни йўлга қўйиб, унда вазн йўқотган ҳар бир ходим ҳар 500 грамм учун 500 юан (тахминан 70 доллар) мукофот олмоқда.

Қоида – мотивация ва масъулият бир вақтда

Лойиҳанинг энг қизиқ жиҳати шундаки, агар кимдир аксинча вазн орттирса, ундан компания фойдасига ҳар 500 грамм учун 800 юан (112 доллар) ундирилади. Бу қоида ходимлар учун нафақат молиявий рағбат, балки ўз саломатлигини кузатишга жиддий сабаб бўлиб хизмат қилади.

Натижалар ва мукофотлар

Челленжда иштирок этган 99 нафар ходим жами 950 килограмм вазн ташлашга муваффақ бўлди. Улар биргаликда 1 миллион юан (139 минг доллар) мукофот пулини қўлга киритишди. Энг ажабланарлиси – ҳеч ким жарима тўлашга мажбур бўлмади. Insta360 вакилларига кўра, ташаббуснинг мақсади – соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ҳаётга ва ишга ижобий муносабатни мустаҳкамлаш.

Илҳом берган тажрибалар

Ижтимоий тармоқларда ушбу ғоя катта қизиқиш уйғотди. Кўплаб фойдаланувчилар ўз иш жойларини ҳам шундай дастурни жорий этишга чақиришди. Бунга ўхшаш тажриба аввалроқ Гуандундаги Wоnderlab компаниясида ҳам ўтказилган эди. Ушбу озиқ-овқат қўшимчалари ишлаб чиқарувчи корхона бир ойлик вазн йўқотиш танлови орқали 224 ходимнинг 750 килограммга яқин вазн ташлашига эришди ва жами 171 минг юан (23,8 минг доллар) мукофот пулларини тарқатди. Рекордчи иштирокчи эса 16,4 килограмм ташлаб, 7600 юан (1059 доллар) топди.

Миллий соғлиқни сақлаш стратегияси билан уйғунлик

Мазкур дастурлар Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг вазнни илмий назорат қилиш ва семиришга қарши кураш бўйича 3 йиллик режасига мос келади. Миллий статистика маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакат катта ёшли аҳолисининг 57 фоизида ортиқча вазн ёки семизлик қайд этилган. Бу кўрсаткич 2018 йилда 51 фоиз, 2013 йилда эса 46 фоиз бўлган. Агар самарали чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб бу рақам 65 фоизга етиши мумкин. Шу билан бирга, семизлик билан боғлиқ тиббий харажатлар 418 миллиард юангача кўтарилиши ва умумий соғлиқни сақлаш харажатларининг 22 фоизини ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда ходимлар орасида вазн йўқотиш марафони – 1 кг вазнга 140 доллар мукофот