07:02 / 02.10.2018
8 752

Ўлим жазосидан рағбатлантиришгача: коррупцияга қарши ким қандай курашади?

Ўлим жазосидан рағбатлантиришгача: коррупцияга қарши ким қандай курашади?
Коррупция муаммоси ва унга қарши кураш тўғрисида ҳаммамиз эшитганмиз ва эшитиб келмоқдамиз. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўта салбий оқибатларга олиб келади. Коррупция хусусан, демократик жараёнларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилади, иқтисодий ривожланишнинг секинлашиши, кадрлар сифатининг пасайиши ва оқибатда барча соҳаларнинг оқсашига, уюшган жиноятчиликнинг илдиз отишига, ҳукуматга бўлган ишонч йўқолиши ва ижтимоий-сиёсий беқарорликка сабаб бўлади.

Порахўрликка қарши ҳар бир давлат ўз ҳолича курашиб келади ва қайсидир давлатда коррупцияга деярли барҳам берилган бўлса, яна қаердадир бу иллат «гуллаб-яшнаш»да давом этади. Келинг, коррупцияга қарши курашиш борасидаги жаҳон тажрибасига назар ташлайлик.

Сингапур тажрибаси

Коррупцияга қарши муваффақиятли курашиш намунаси сифатида Сингапурдаги ислоҳотларни кўрсатиш мумкин. Бу давлат қисқа вақт ичида Осиёнинг қолоқ мамлакатидан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирига айланди. Бунинг замирида эса коррупцияга қарши кураш ётади.

Ҳукумат бу борада махсус дастур ишлаб чиққан бўлиб, унга кўра барча даражадаги амалдорларнинг фаолияти тўлиқ шаффоф бўлиши таъминланди. Коррупцион алоқалар илдиз отмаслиги учун мажбурий ротация тартиби жорий этилди. Барча даражадаги амалдорларнинг фуқаролар билан муносабатларида тизимли назорат ўрнатилди ва турли бюрократик тўсиқлар олиб ташланиши учун бу муносабатлар механизми такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, барча мансабдорларнинг маошлари сезиларли даражада оширилди, суд тизими мустақиллиги таъминланди, пора олганлик ва берганлик учун жазо кескинлаштирилди. Шу билан бир вақтда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб турувчи мустақил ОАВ шакллантирилди.

Сингапур етакчиси Ли Куан Юнинг коррупция устидан ғалаба қозонишни истаган инсон ўз қариндошлари ва яқин дўстларини ҳам қамашга тайёр бўлиши кераклиги ҳақидаги машҳур ибораси мамлакатда коррупцияга қарши кураш аёвсиз бўлганидан далолат беради.

Хитой тажрибаси

Агар Сингапурда коррупциячи амалдор маълум бир муддатга қамоқ жазосини олган бўлса, Хитойда бунинг учун бир умрлик қамоқ ёки ўлим жазоси жорий этилган. Маълумотларга кўра, 2003 йилдан бери бу давлатда 10 мингга яқин мансабдор отувга ҳукм қилинган, 120 минг нафари эса узоқ муддатларга қамалган. Айрим ҳолатларда пора билан ушланган амалдорларнинг қўллари чопилган.

Бундан ташқари, хитойликлар пора олиш иллатига қарши курашиш бўйича махсус курсларга қатнашади. Давлат хизматчилари руҳий ва жисмоний машқлар орқали ақл ва таналарини соғломлаштиришади. Шунингдек, Хитойда онлайн-ўйин ишлаб чиқилган бўлиб, бу ўйинда фойдаланувчилар порахўр амалдорларни бутун қариндошлари билан қириб ташлашлари керак бўлади.

Ҳонгконг тажрибаси

Хитойнинг шундоққина ёнида жойлашган Ҳонгконг ҳам коррупцияга қарши курашда эришган муваффақиятлари билан мақтанса арзийди – илгари мамлакатнинг деярли барча давлат идоралари коррупция ботқоғига ботганди. Бу ботқоқдан чиқиш учун қуйидаги чоралар амалга оширилди: давлат амалдорлари барча мулклари, автомобиллари ва бошқа қимматбаҳо буюмларини ҳалол йўл билан топган маблағларига сотиб олганини исботлаб бериши лозим. Агарда буни исботлай олмаса, уни қамоқ кутади ва барча мол-мулки мусодара қилинади.

Иккинчидан, 1974 йилда бу ерда «Коррупцияга қарши мустақил комиссия» ташкил этилган бўлиб, комиссия офицерлар ҳамда зиёлилар ва бизнесменлардан ташкил топган. Улар ўта катта миқдорда маош олишади ва фақатгина губернаторга бўйсунишади.

Ва ниҳоят, Ҳонгконг аҳолиси ва ОАВ вакилларига порахўрликка қарши курашиш учун кенг имконият берилган – фуқаролар пора сўраган амалдор устидан комиссияга шикоят қилиши, журналистлар эса ҳар қандай амалдор фаолияти юзасидан текширув ўтказишлари мумкин. Натижа эса ҳайратланарли – 30 йил ичида порахўрлик даражаси 90 фоиздан 3 фоизга тушган.

Дания тажрибаси

Данияда қонунга сўзсиз итоат қилиш, жамиятнинг барча аъзолари томонидан ахлоқ тамойилларига риоя қилиш жамиятни самарали бошқаришнинг асосий услуби ҳисобланади. Ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида ҳамма бирдек жавобгар бўлиб, маъмурий ёки жиноий ҳаракати учун масъулиятдан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Машинасида тезликни оширгани учун Дания қироличасининг ўғли, шаҳзода Йоахим жарима тўлаган ва матбуотнинг кескин танқидига учраган. Турмуш ўртоғи ўз фермасида хорижлик ишчиларни рўйхатдан ўтказмасдан ишлатгани учун вазирлардан бири истеъфога чиқишга мажбур бўлган.

Нидерландия тажрибаси

Нидерландияда ҳам бу иллатга қарши курашиш учун қатор чоралар ишлаб чиқилган. Пора билан қўлга тушган амалдорга кейинчалик давлат ташкилотларида ишлаш тақиқланади, у барча ижтимоий имтиёз ва кафолатлардан маҳрум этилади.

Эҳтимолий порахўр амал курсисини эгалламаслиги учун кадрлар танлашнинг махсус тизими ташкил этилган. Бундан ташқари, йирик муассасаларда мансабдорлар ўз ваколатларини суиистеъмол қилишларининг олдини олиш учун уларни кузатиб турадиган алоҳида ички хавфсизлик тизими мавжуд.

Мамлакатда ОАВга порахўрлик ҳолати билан боғлиқ воқеаларни кенг ёритишга ва суриштирувлар ўтказишга рухсат берилган.

Бундан ташқари, порахўрлик иллати ҳеч қачон соя солмаган мансабдорлар ва ўз ҳамкасбларининг хизмат ваколатларини суиистеъмол қилаётгани ҳақида хабар берганлар моддий рағбатлантирилади.

АҚШ тажрибаси

Қўшма Штатларда ҳам коррупцияга қарши курашга алоҳида эътибор қаратилган: порахўрлик олинган поранинг уч баравари миқдоридаги жарима, айрим ҳолларда эса 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Қонунчиликка кўра, банклар раҳбарларининг уларнинг фаолиятини текширувчи назоратчиларга пул «совға» қилишлари тақиқланган бўлиб, бунинг учун уларни жиноий жавобгарлик кутади. Худди шундай жавобгарлик текширувчилар учун ҳам тааллуқли.

Мансабдор бирор шахсдан муаммосини ижобий ҳал қилиб бериш учун совға олса, жиноий жавобгарликка тортилади. Давлат идоралари ходимлари мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари сезилганида тегишли органларга хабар беришлари шарт. Бундан ташқари, давлат хизматчилари топган даромадлари ҳақида декларация тўлдиришга мажбур.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш

Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясига, 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган. Шунингдек, Олий Мажлис томонидан Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битими (Москва, 2011 йил 16 июнь) 2011 йил 13 декабрда ратификация қилинган.

Ўзбекистонда 2017 йилнинг 4 январидан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди.

Қонунга кўра, республикада Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширади.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, ОАВ ва фуқаролар коррупцияга қарши курашишда иштирок этади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилган.

Пора олганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ушбу жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилганда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Башарти, шаxсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ёки бу шаxс жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз иxтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Пора бериш жинояти учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жаримадан 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо тайинланади.

Пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун эса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жаримадан 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо белгиланган. Воситачилик қилган шаxс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўз иxтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.

Самарали курашиш учун нима қилмоқ керак?

Албатта, бир давлат ҳудудида қўлланилган чора ва қабул қилинган қонунчилик бошқа давлатда ҳам худди ана шундай самара келтирмаслиги мумкин. Бундан ташқари, коррупцияга қарши самарали курашиш учун биргина қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши етарли эмас. Бунинг учун фуқаролик жамияти ҳам мазкур ишда фаол иштирок этиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик кучайтирилиши, судларнинг мустақил ва холис бўлишини таъминлаш, қонунлар парламент аъзоларининг эмас, балки мамлакат манфаатидан келиб чиқиб қабул қилиниши, барча давлат органларида шаффофлик таъминланиши, оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки, маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш учун хизматлар имкон борича электрон тизим орқали кўрсатилиши, соғлом рақобат муҳити шакллантирилиши керак бўлади.

Коррупция ҳақида шингил фактлар
  • Тарихчи Геродотнинг ёзишича, эрамиздан аввалги VI асрда ҳукмдорлик қилган Эрон шоҳи Камбиз Сизам исмли қозини пора олгани учун терисини шилиб олишни ва у ўтирган қозилик курсисини ўша тери билан қоплашни буюрган. Қозилик лавозимига эса порахўрлик нима билан якун топишини ҳамиша ёдда тутиши учун Сизамнинг ўғли Отан тайинланган;
  • Жаҳон банки маълумотларига кўра, бутун дунё бўйича олинадиган бир йиллик пора миқдори 1 триллион доллардан ортиқроқни ташкил этади;
  • Яна ўша Жаҳон банкининг билдиришича, порахўрликка қарши фаол кураш олиб бориладиган мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти бир йил ичида 5 бараварга ошар экан;
  • Олигарх Михаил Ходорковский коррупцияни ядро қуролидан ҳам жиддийроқ хавф деб атаганди. Унинг фикрича, террорчилар ядро қуролига эга бўлиш учун керакли одамларни пора билан сотиб олишлари кифоя қилади.

Дилшод Асқаров.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўлим жазосидан рағбатлантиришгача: коррупцияга қарши ким қандай курашади?