Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги ерларидан икки йўналишда фойдаланиш имконини яратадиган ноёб лойиҳа амалга оширилаётгани маълум қилинди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси маркази ташаббуси билан Тошкент туманида “Agri-PV” агро-фотовольтайик лойиҳасига бағишланган жамоатчилик эшитуви ташкил этилди, деб хабар берди вазирлик.
Тадбир Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти биносида ўтказилди. Унда маҳаллий аҳоли вакиллари, давлат ташкилотлари масъуллари ҳамда экологик экспертлар қатнашди. Тадбир давомида лойиҳанинг асосий мақсадлари, амалга ошириш босқичлари ва атроф-муҳитга бўлиши мумкин бўлган таъсирлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Лойиҳанинг мазмуни ва амалга ошириш режаси
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 сентябрдаги 220-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа “Business Advanced Experts” МЧЖ ва халқаро ҳамкор сифатида французларнинг "VOLTALIA" компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Қуввати 507,78 кВт/с бўлган станция 1,5 гектар ер майдонида қурилади. Лойиҳанинг бир гектарлик қисмида 819 та қуёш панели ўрнатиш кўзда тутилган. Қурилиш ишлари 2025 йил августида бошланиб, 2026 йил февралида тўлиқ якунланиши мўлжалланган.
Ердан икки йўналишда фойдаланиш имконияти
Агро-фотовольтайик технологияси қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишга имкон беради. Унинг ёрдамида ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши билан бир қаторда электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни ҳам амалга оширилади. Бу усул сув ресурсларини тежаш, ҳосилдорликни ошириш ва фермер хўжаликлари учун қўшимча даромад манбаини яратиш имконини беради. Шу билан бирга, қурилиш даврида 25 нафар ишчи иш билан таъминланиши режалаштирилгани ҳам катта аҳамиятга эга.
Экологик ва ижтимоий таъсир муҳокамалари
Жамоатчилик эшитувида лойиҳанинг атроф-муҳит ва жамиятга таъсири батафсил муҳокама қилинди. Қурилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар — шовқин, чиқиндилар, ҳаво чангаланиши каби омиллар ҳақида тушунтиришлар берилди. Уларни камайтириш учун чиқиндиларни алоҳида йиғиш, махсус полигонларга чиқариш, қурилиш майдонини сув билан намлаш, оғир техникадан фақат кундузги пайтларда фойдаланиш каби аниқ ечимлар таклиф этилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар