10:50 / 04.04.2020
2 058

Франциялик сиёсатшунос: «Ўзбекистон ва унинг тўрт қўшниси инқирозга қарши биргаликда курашиши лозим»

Франциялик сиёсатшунос: «Ўзбекистон ва унинг тўрт қўшниси инқирозга қарши биргаликда курашиши лозим»
Фото: Эммануэль Дюпюи
COVID-19 касаллиги тарқалганига беш ой бўлган бўлса-да, дунё ҳамон у билан курашиб келмоқда. 15 мартда касаллик Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Пандемия қачон якунланади? Нега у жадаллик билан тарқаб кетяпти? Касалликдан кейин дунё геосиёсий оламида қандай ўзгаришлар юз беради? «Дарё» шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида франциялик сиёсатшунос, Европада истиқболни белгилаш ва хавфсизлик институти президенти Эммануэль Дюпюига мурожаат қилди.

Эммануэль Дюпюи 1971 йил 28 июлда Франциянинг Форбак коммунасида таваллуд топган. Айни дамда Парижда истиқомат қилади. Халқаро муносабатлар ва мудофаа масалалари бўйича мутахассис. Европада истиқболни белгилаш ва хавфсизлик институти президенти лавозимида ва Лил католик универсистетида тадқиқотчи-ўқитувчи сифатида ҳам фаолият юритади. Олий таълимни Франциянинг бир қатор нуфузли университетларида – Мишел де Монтен номидаги Бордо 3 университетида тарих, Тулуза университетида сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар йўналишлари бўйича таҳсил олган.

Франция мудофаа вазирлиги, Мудофаа ва собиқ жангчилар давлат котибиятида маслаҳатчи, Афғонистонда Франция ҳарбийлари таркибида сиёсий маслаҳатчи сингари юқори давлат лавозимларида, шунингдек, бир қатор хорижий ва маҳаллий олий таълим даргоҳларида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Бугунги кунда юқоридаги лавозимларидан ташқари, УДИ (Демократлар ва мустақиллар бирлиги) партиясида халқаро муносабатлар бўлими аъзоси. Ўзбекистонга бир неча бор парламент ҳамда президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган.

– Январь ойи охири ва фервалнинг боши бироз сокин кечди. Аммо COVID-19’нинг Италия ва Жанубий Кореяда авж олиб кетиши ортидан вазият ўзгарди. Шундан буён касаллик хавфли тус ола бошлади. Унинг дунё бўйлаб кенг тарқалиб кетиши сабаби нимада? Кўриб турганимиздек, касаллик сабабли иқтисодиёт тушкунликка юз тутмоқда. COVID-19’нинг геосиёсий ва геоиқтисодий оқибатлари ҳам бўладими?

– Шубҳасиз, коронавирус пандемиясидан олдинги ва кейинги ҳолат албатта бўлади. Дунёнинг ҳеч бир минтақаси бундан четда қолмайди. Инқироз турли хил жиддий оқибатларга олиб келади, улар баъзан кетма-кет, баъзан бир вақтнинг ўзида содир бўлади.

Апрель ойи бошида дунё бўйлаб касалланганлар сони 1 миллиондан ошди, улардан 50 мингдан ортиғи вафот этди. Ушбу санитар инқироз янада кучайиб, ҳатто бир неча юз минглаб одам вафот этиши мумкин. Бунга қўшимча равишда жуда жиддий иқтисодий инқироз ҳам юз беради.

Ҳисоб-китобларга кўра, глобал иқтисодий ўсиш 2,1 бараваргача қисқариши мумкин. Европада эса бу кўрсаткич Европа марказий банки президенти Кристин Лагард айтганидек, 2,5 баравардан 5 бараваргача бўлиши мумкин. Еврозонага кирадиган 19 мамлакатнинг халқаро банк ҳисоб рақамлари 2020 йилнинг биринчи семестрида 24 фоизгача пасайиши мумкин.

Юз йилдан кейин ҳозирги вазият ҳақида гап кетганда шундай хулоса қилинадики, Европа била туриб иқтисодий ва дипломатик жиҳатдан ўзини ҳалокатга ташлади ва бундан АҚШ ҳамда Хитой халқаро ишларни бошқаришда қўш ҳокимиятчиликни йўлга қўйишда фойдаланди.

Федерал резерв томонидан рухсат берилган қиймати 500 миллиард долларлик ғазна векселларининг ёппасига сотиб олишга қаратилган иқтисодий стратегиянинг танланиши COVID-19 инқирозининг муқаррар Хитой—Америка бошқарувидан далолатдир.

Инқироз назоратсиз ва бошқарувсиз мултилатерализм ўзини оқламаслигини кўрсатиб берди. Катта еттилик ва катта йигирматаликнинг видеоконференция орқали ўтган саммитлари муваффақиятли бўлмади ва улар АҚШ ва ЕИ ўртасидаги бўшлиқни очиқроқ кўрсатиб берди. Бунга жавобан Европа бирлашмаса, у қайта мавжуд бўлмайди.

Ҳозирда халқаро муносабатларнинг «ғарбсизлаштирилиши» ўрнатилди. Жак Аттали келажакда кўп томонлама мувофиқлаштиришни (координация) ва минтақавий ҳамкорликни талаб қилувчи инқирозларга ечим топиш учун ҳозиргига эквивалент кўламдаги инқирозларга қарши тура оладиган «дунё ҳукумати»ни тузишни таклиф қилганида ҳақ эди. Владимир Путин, ўз навбатида, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 5 доимий аъзосининг (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция) мунтазам бошқарувини таклиф қилган эди.

Бошқалар эса ҳозирда катта еттилик миқёсида амалга ошириладиган иқтисодий ва дипломатик бошқарувни катта ўттизликкача кенгайтиришни таклиф қилмоқда. Аммо на Россия, на Хитой ва Ҳиндистон G7 аъзоси бўлмаган ва G20’да унча мавқега эга бўлмай турган пайтда ривожланаётган янги давлатларнинг, жумладан, Марказий Осиё (Қозоғистон ва Ўзбекистон) давлатларининг қўшилиши етарли бўлмайди.

Бугунги мавҳум ва ташвишли даврда бирдамликнинг янги шакллари пайдо бўлади. Туркия тиббий ниқоб ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирганини эълон қилмасидан олдин уни Италияга етказиб бераётган эди. Россия, Хитой, Куба ҳам Европага, хусусан, Италияга ёрдамга ошиқди. Бу эса ЕИ ва Римнинг кулфатига тезроқ жавоб қайтариши керак бўлган геосиёсий ҳамкорлари ўртасидаги бўшлиқнинг тобора катталашаётганини кўрсатиб берди.

Шунингдек, 14 март куни Хитой Қизил хоч ташкилотига тегишли бортида шифокорлар, нафас олиш мосламалари, ҳимоя ниқоблари ва кийимлари, тест тизимлари бор самолёт Италияга келиб қўнди. Унинг ортидан эса 22 март куни Россия ва Куба шундай ёрдам юкларини юборди. Тушкунликдаги Ғарбнинг мазкур геосиёсий воқелиги совиган трансатлантик алоқалар ва ўз гербларини безашни истайдиган алоқа кучлари бизни халқаро тартиб ва Европа ҳамкорлиги борасидаги қарашларимиз борасида жиддий ўйлаб кўришга мажбур қилиши лозим.

– Нима деб ўйлайсиз, давлатлар ички ишларида, ижтимоий масалаларда ўз сиёсатларини, бошқарув шаклларини ўзгартириши керакми? Қандай хулосалар чиқариш керак? Эпидемиядан кейинги дунёда геосиёсий ва ижтимоий ҳаётни қандай тасаввур қиляпсиз? Ушбу вазият интеграцияни кучайтирадими ёки аксинча? Охир-оқибатда Европа Иттифоқининг тақдири қандай бўлади?

– Дунёнинг ярмини ўз уйига қамаб қўйган мазкур вазиятдан келиб чиқиб шу нарсани таъкидлаш лозимки, COVID-19 пандемияси бизнинг ғарбий жамиятларнинг асосий заиф нуқталарини аниқ кўрсатиб берди. Булар ёввойи индувидуализм, умумий манфаатнинг йўқлиги, хавфларни олдиндан кўра олмаслик, маъмурий мувофиқлаштиришнинг етишмаслиги, давлат ва жамият ҳокимиятининг аста-секин тарқалиб кетиши, Италиянинг қайғули чақириғига тезкорлик, самарадорлик ва ҳамдардлик билан жавоб қайтариш қобилиятига эга бўлмаган Европа Иттифоқининг клиник ўлими, технологиялар соҳасидаги заиф инвестиция ва касалланган одамларни аниқлашда сунъий онгдан фойдаланишни рад этиш кабилар.

Фото: Google Photos
Бугун биз ҳаддан ташқари глобаллашган, лекин етарли даражада тартибга солинмаган ва жамоавий бирдамлик етишмайдиган дунёда яшамоқдамиз — коронавирус инқирози бунинг энг аниқ аломатларидан биридир. Бертранд Бади бир неча кун илгари France Inter радиосида чиқиш қилган чоғида «муштарак бўлса-да, фақатгина жамоавий манфаатлар мавжуд»лигини айтганда ҳақ эди.

Лекин у, шунингдек, кўлами бўйича тенгсиз бўлган ушбу инқироз давлат ҳокимияти органларини олдинга олиб чиқишини ва мазкур турдаги глобал инқирозга қарши туришда давлатнинг аҳамиятини эслатиб туришини ҳам қўшимча қилиши мумкин эди.

Бирор-бир хавфли вирус чегаралар оша ҳаракат қилиб юрганда давлатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик (қарамлик) ожизликнинг фактори бўлиши мумкин. Аммо биз ўзаро ҳамкорлик қилиш ва бир-биримизга ёрдам беришни қабул қилсак, бу куч факторига ҳам айланиши мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, Европа Кенгашининг Италия билан молиявий ҳамжиҳатликнинг йўқлиги сабабидан келиб чиққан муваффақиятсизлиги шуни кўрсатмоқдаки, барқарор глобал бошқарув ва самимий бирдамлик йўқ жойда мултилатерализм яшайверади.

Бугунги мушкул аҳволга тушган ва бир овоздан гапира олмаётган Европа Иттифоқи ҳозирги фавқулодда инқироз даврида ўзини енгиб ўтиши лозим. У бирлашиши ва самарали бўлиши керак, айниқса, ЕИ ўзи интилган даражага етиш имконини ўзига бериши лозим: янада глобал ва янада бирдам бошқарув намунасини, акс ҳолда у бошқа мавжуд бўлмайди.

– Сиз Ўзбекистонга кўп бора ташриф буюргансиз, кўп ҳодисалардан хабардорсиз деб ўйлайман. Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемиясидан четда қолмади. 221 киши касалланган бўлса, шулардан 2 нафари вафот этди. Яна 25 киши аллақачон тузалиб кетди. Нима деб ўйлайсиз? Ўзбекистон мазкур «уруш»да, агар шундай деб атайдиган бўлсак, ғалабага эриша оладими? Бу янги ҳукуматнинг минтақавий бирдамлик зарурлигини сезган ҳолда бошлаган ислоҳотларини секинлаштириши мумкинми?

– Ўзбекистон ва унинг Марказий Осиёдаги тўртта қўшниси (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) табиати, кўлами ва давомийлиги жиҳатидан фавқулодда бўлган мазкур инқирозга қарши биргаликда курашиши лозим. Чунки бугунги инқироз 1929 йилгидан хавфлироқ, 2008 йилгидан эса анча хавфли бўлиши мумкин.

Фото: Эммануэль Дюпюининг шахсий архиви
Ўз навбатида Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаган фожиали воқеликдан ташқари, қанчалик хавфли бўлмасин, мамлакат келажакда юз тутиши мумкин бўлган инқирозларга қарши восита ва чораларни қўллашда олдиндан ҳаракат қилиш учун минтақавий ҳамкорлик ва интеграция барқарор ва легитим ечим эканини баҳоловчи объектив сабаблар бор.

Шубҳасиз, COVID-19 эпидемиясининг тез ҳаракат қилишининг жавобини қайта тикланган миллий суверенитет принципига асосланган пост-совет меросга эга қўшнилар ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайишидан излаш керак. Дарҳақиқат, ушбу янги мустақил давлатларнинг қурилиши СССР парчаланишидан олдин бошланган ва ўзларининг янги ижтимоий шартномасининг асоси бўлган конституцияларнинг қабул қилиниши билан мустаҳкамланган эди.

Улар, асосан, «демократик марказчилик»нинг қолдиқларидан илҳомланган, шунга қарамай 1992–1995 йиллар орасида Совет Иттифоқига қадар бўлган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий анъаналарни ўзида мужассам этган эди.

СССР парчаланиши ва совуқ уруши ниҳоясига етганидан қарийб 30 йил ўтиб, дунё тобора кучайиб бораётган глобаллашув ва кўп марказийликнинг парадоксал босқичига ўтди. Бугунги вазият бу ерда кўп қутблилик дейишимизга имкон бермайди. Биз дунёнинг беқарор, заиф ва олдиндан айтиб бўлмайдиган даражага келиб қолганини ва давлатларнинг ўзаро боғлиқ эканини тушунишимиз учун пандемия келишини кутишимиз шарт эмас эди.

Шунингдек, 2020 йил январь ойидан бошлаб бизни қамраб олган муаммолардан ташқари Ўзбекистон олдида турган муаммолар ҳам кичик муаммолар эмас: иқлим ўзгаришлари, қайта тикланадиган энергиянинг камайиши, яширин ксенофобия ва миллатчилик кайфиятлари (ҳозирги шароитда кучайиб кетиши мумкин), бошқа жойларда бўлгани каби кучли диний ўзига хослик воқелигининг радикаллашувнинг шаклларига қарама-қарши келиши, демографик муаммонинг аҳамияти ва унга жавоб берадиган давлат сиёсати, терроризмдан сиёсий ҳаракат ёки ижтимоий умидсизлик усули сифатида фойдаланиш, шунингдек, унинг Ўзбекистонда, кенгроқ миқёсда бутун Марказий Осиёда пандемия сабабидан юзага чиқадиган ижтимоий заифликни кучайтирувчи кўплаб ҳодисаларни қамраб олган гиёҳванд моддалар контрабандаси муаммоси билан боғлиқлиги шулар жумласидандир.

Кам ривожланган, аҳоли сони кўп бўлмаган, оз ёки ёмон инфраструктурага эга, ички этник можароларни бошидан кечирган, турли диний оқимларнинг нишонига айланган Марказий Осиё минтақаси фақатгина уни атрофида ўраб турган (Россия, Хитой, Ҳиндистон) ёки уни иқтисодий жиҳатдан шакллантирган (АҚШ ва Европа) давлатлар орқалигина мавжуд.

Ҳозирги кунда АҚШ, Россия ва Хитой жаҳоннинг учта асосий кучи сифатида қолмоқда. Шундай қилиб, пандемия фонида ўз атрофида минтақавий маконни тузишга қодир бўлган уч давлатнинг иқтисодий, маданий ва стратегик манфаатларига мос келадиган янги геосиёсий қарама-қаршилик юзага келмоқда.

Жаҳонгир Остонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Франциялик сиёсатшунос: «Ўзбекистон ва унинг тўрт қўшниси инқирозга қарши биргаликда курашиши лозим»