date

Исроилга қарши мусулмон Мамдани Нью-Йорк сайловида пешқадам

Исроилга қарши мусулмон Мамдани Нью-Йорк сайловида пешқадам
Нью-Йорк шаҳридаги Демократлар партияси праймеризида сенсацион натижа қайд этилди. Америка Демократик Социалистларидан бўлган мусулмон номзод Зоҳран Мамдани Нью-Йоркнинг собиқ губернатори Эндрю Куомони мағлуб этди. Бу ҳақда CNN хабар тарқатди.

Сайлов бюллетенларининг 90 фоизи санаб чиқилган ҳолда Мамдани 44 фоиз овоз тўплади, Куомо эса 36 фоизда қолди. Мамданининг бу ютуғи уни Нью-Йорк мэрлиги учун асосий номзодлар қаторига олиб чиқди.

33 ёшли Зоҳран Мамдани ижтимоий адолат, арзон яшаш шароити, ижара нархларини тўхтатиш, бепул жамоат транспорти ва шаҳар озиқ-овқат дўконларини ташкил этиш каби таклифлари билан ёшлар орасида катта қўллаб-қувватловга эга бўлди. Бу лойиҳаларнинг молиялаштирилиши корпорациялар ва юқори даромадли шахслардан 10 миллиард доллар миқдорида янги солиқ ундириш орқали амалга оширилиши режалаштирилган.

Қизиғи шундаки, Демократик партиянинг йирик донорлари ва сиёсий элита Куомони қўллаб-қувватлаганига қарамай, у етакчиликни сақлаб қола олмади. Мамдани ўзининг популист ва фаол кампанияси билан айниқса ёш сайловчилар қалбини қозона олди.

Сайлов олдидан Emerson маркази томонидан ўтказилган сўровнома Мамдани ва Куомо орасидаги фарқ статистик жиҳатдан анча яқин эканини кўрсатган эди. Айтиш керакки, овоз беришга тўрт ҳафта қолганида Куомо рақибидан 12 фоиз устун бўлган.

Эндрю Куомо мағлубиятга қарамай, мустақил номзод сифатида сайловда иштирок этиш имконини рад этмади. Ҳозирги мэр Эрик Адамс ҳам мустақил тарзда сайловга қўшилишини эълон қилди. Республикачилар эса бу сайловда “Guardian Angels” ташкилоти асосчиси Кертис Сливани илгари сурмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Нью-Йоркда сайловлар рейтингли овоз бериш тизими асосида ўтказилади. Бу усулда ҳеч бир номзод 50 фоиздан ортиқ овоз олмаса, энг кам овоз тўплаганлар чиқариб ташланиб, уларнинг овозлари кейинги танланган номзодга ўтади. Бу жараён ғолиб аниқланмагунча давом этади.

Маълумот учун, Зоҳран Мамдани Уганданинг Кампала шаҳрида туғилган, ҳинд мусулмон ота-она фарзанди. АҚШ фуқаролигини 2018 йилда олган. У шиа мазҳабининг 12 имом оқимига мансуб. Мамдани Бовдоин коллежини Африка тадқиқотлари йўналишида тамомлаб, ўқиш даврида Фаластинда адолатни қўллаб-қувватловчи талабалар гуруҳини ташкил этган.

Агар у сайловда ғолиб чиқса, Нью-Йорк тарихидаги биринчи мусулмон мэрга айланади. Мамдани илгари сайловчилар билан учрашувда, агар Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Нью-Йоркка келадиган бўлса, уни ҳибсга олиш чораларини кўриш нияти борлигини билдирганди.

Якуний сайлов 2025 йил 4 ноябрда бўлиб ўтади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроилга қарши мусулмон Мамдани Нью-Йорк сайловида пешқадам