
Европанинг етакчи чемпионатлари ёзги танаффусга чиққанида, бутун футбол оламининг диққати АҚШда ўтказилаётган янги форматдаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига қаратилди. Мусобақада жаҳоннинг турли минтақаларидан келган 32 та элит клуб қатнашмоқда. Улар орасида Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов тўп тепаётган “Манчестер Сити” ҳам бор.
Хосеп Гвардиола бошқарувидаги “шаҳарликлар” биринчи турда Марокашнинг “Видад” клубини 2:0 ҳисобида енгган бўлса, иккинчи турда БАА вакили — “Ал-Айн”га қарши майдонга тушди. Эътиборлиси, бу сафар Ҳусанов асосий таркибда майдонга туширилди. Бу унинг жамоа сафида бир неча ойдан сўнгги илк старт баҳси бўлди.
Учрашув "Сити"нинг тўлиқ устунлигида ўтди. Илкай Гюндоган 8-дақиқада ҳисобни очди. 27-дақиқада ёш аргентиналик Клаудио Эчеверри иккинчи гол муаллифига айланди. Ҳимоячиларни босим остида қолдирган Эрлинг Холанд эса танаффус арафасида пенальтини аниқ амалга ошириб, 3:0 ҳисобини ўрнатди.
Иккинчи таймда ҳам “Сити”нинг устунлиги давом этди. 58-дақиқада Абдуқодир Ҳусанов қўпол ҳаракати учун сариқ карточка олди. Уч дақиқадан сўнг эса мураббий уни Оскар Бобб билан алмаштирди. Бу алмашинув ҳам ўз самарасини берди: 75-дақиқада айнан Бобб гол урди.
Бундан аввалроқ Илкай Гюндоган иккинчи бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, дубль қайд этди. Ўйиннинг якунланишига яқин эса ёзда жамоага келиб қўшилган Райан Шерки ўз голи билан ҳисобни 6:0 кўринишига келтирди.
Ўйинда 61 дақиқа ҳаракат қилган Абдуқодир Ҳусанов тарихдаги илк ўзбекистонлик футболчи сифатида ФИФАнинг янги форматдаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этди. Унинг номини яна бир жиҳатдан таъкидлаш мумкин: Ҳусанов — “Манчестер Сити” сафида ушбу мусобақада сариқ карточка олган биринчи футболчига айланди.
Эндиликда “Сити” кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритган ҳолда гуруҳдаги сўнгги учрашувни “Ювентус”га қарши ўтказади. Ҳар иккала жамоа ҳам 6 очкодан жамғарган бўлиб, бу беллашув гуруҳ ғолибини аниқлаб беради. Ушбу титанлар тўқнашуви 26 июн куни бўлиб ўтади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар