
Жиззах шаҳрида ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган навбатдаги видеолавҳа бир зумда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Видео кадрларда келинлик либоси кийган саккиз нафар ёш қиз “Эр керак” деган ёзувли қоғозларни кўтариб, шаҳар кўчалари бўйлаб эркин ҳаракат қилгани тасвирланган. Айниқса, ушбу ҳолат Жиззах шаҳрининг энг гавжум ҳудудларидан бири – Эски шаҳар деҳқон бозори рўпарасида амалга оширилгани, воқеанинг кенг жамоатчилик диққатига тушишига олиб келди.
Мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда турли фикр ва муносабатларга сабаб бўлди. Кўпчилик бундай “флешмоб”ни маъқулламади ва миллий қадриятларимизга зид ҳаракат, деб баҳолади. Айримлар эса бу ҳолат замонавий маркетинг ва реклама услуби деб ҳисоблашди.
Жиззах вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси расмий ахборотида қайд этилишича, мазкур ҳолат тезкорлик билан ўрганилган. Аниқланишича, ушбу қизлар “Гулруҳ” келинлик либослари салонини реклама қилиш мақсадида шундай пиар акцияни ўтказишган. Идея ташаббускори – салон раҳбари Ш.А. ва блогер Ш.Э. эканлиги маълум бўлди.
Бошқарма маълумотига кўра, мазкур ҳолатдан хабардор бўлингани заҳоти, масъуллар воқеа жойига етиб бориб, жараённи дарҳол тўхтатишган. Қизлар ва салон раҳбарияти билан тушунтириш ишлари олиб борилди, миллий анъаналар ва қадриятларга ҳурмат кўрсатиш, жамоатчилик муҳитида тартиб-интизомга амал қилиш кераклиги ҳақида таъкидланди.
Шунингдек, расмий баёнотда жамоатчилик назоратининг муҳимлиги алоҳида урғу билан қайд этилди: “Бундай ҳолатлар бир қарашда арзимаган туюлса-да, миллат шаънига, миллий урф-одатларимизга қарши келиши мумкин. Жамоатчилик ҳам ҳушёр ва масъулиятли бўлиши лозим.”
Қайд этиш жоизки, бу каби кутилмаган пиар акциялар баъзан тўғри қабул қилинмаслиги ва салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, тадбиркорлар ва реклама ташкилотчилари жамоатчилик кайфияти, маҳаллий менталитет ҳамда миллий анъаналарга ҳурмат билан ёндашиши мақсадга мувофиқ.
Якунда айтиш мумкинки, Жиззахдаги мазкур воқеа жамиятда миллий қадрият ва урф-одатларни асраб-авайлаш зарурлигини яна бир бор эслатди. Ҳар қандай замонавий реклама ёки пиар кампаниясини амалга оширишда жамоатчилик фикри ва миллий руҳни инобатга олиш барчамиз учун муҳим дарс бўлиб хизмат қилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар