
Ҳар биримиз ҳаётимизда чарчоқ, суяклар ва бўғимларда оғриқ, ёмон уйқу ёки кутилмаган ҳолсизликни бошимиздан ўтказганмиз. Кўпинча бундай ҳолатларни оддий стресс, руҳий зўриқиш ёки ёш билан боғлаймиз. Аммо, танамизда муҳим рол ўйнайдиган D витамини етишмовчилиги айни шу белгилар орқали огоҳлантиради. Аслида эътиборсиз қолдирилган бу кичик белгилар кейинчалик жиддий касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
D витамини организмимиздаги деярли барча тузилмалар ва жараёнлар учун зарур ҳисобланади. У иммунитетни мустаҳкамлаш, суяк тўқималарини ривожлантириш, руҳий ҳолатни барқарорлаш ва ҳатто юрак-қон томир тизими фаолиятида ҳам асосий аҳамиятга эга. Д витаминсиз ҳаёт сифати ҳам, узоқлиги ҳам пасаяди.
Энг кенг тарқалган ва кўпчилик билмайдиган аломатлар
1. Доимий чарчоқ ва қувватнинг етишмаслиги. Кўп одамлар 8-9 соат ухлаган бўлса ҳам, эрталаб кучсизликни ҳис қилади. D витамини ҳужайраларда энергия ишлаб чиқариш учун зарур ферментларни фаоллаштиради. У етишмаса, тана доимо “аккумулятор”ни тўлдиролмайдидек туюлади.
2. Мушаклардаги ноқулайлик ва тортишиш. Оёқ-бармоқлар титраши, мушакларда ночорлик, ҳатто кундуз куни мушакда оғриқлар ва тортишишлар пайдо бўлиши ҳам D витамини билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айниқса кекса ёшдагиларда, зинапоядан чиқиш ёки паст стулдан туриш қийинлашади.
3. Суяклар ва бўғимларда тушунарсиз оғриқ. Қонда кальций етмаслиги сабаб суяклар ва бўғимлар мўртлашади, ҳатто енгил зарбалар ҳам оғриқ келтиради. Бу ҳолатлар рентгенда кўринмайди, лекин кундалик ҳаётда ўзини яққол сездиради.
4. Иммунитетнинг сусайиши. D витамини антибактериал ва антивирус ҳимоясини таъминлайдиган махсус пептидларни ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Шунинг учун тез-тез шамоллаш, йилда 3-4 мартадан кўп касал бўлиш ёки вирусли инфекцияларни оғир ўтказиш D витамини танқислигидан далолат бўлиши мумкин.
5. Руҳий ҳолат ва кайфиятнинг ўзгариши. Жаҳлдорлик, беқарор кайфият, чуқур хавотир, ҳатто депрессияга мойиллик — буларнинг ҳаммаси “бахт гормони” деб аталган серотонин синтези билан боғлиқ. D витаминисиз серотонин даражаси пасаяди, инсон ҳаётдан завқ ололмайди.
6. Бош терисининг доимий терлаши. Метеорологик шароитга боғлиқ бўлмаган ҳолда, бош териси қаттиқ терласа, ҳатто жисмоний фаолиятсиз ҳам, D витаминини текшириш зарур.
7. Соч тўкилиши ва яраларнинг секин битиши. Бу модда тўқималарни қайта тиклашда, янги ҳужайралар ҳосил бўлишида фаол иштирок этади. D витамини етишмаслигида кичик жароҳатлар ҳафталаб битмайди, сочлар эса шифохона воситаларидан қатъий назар, тўкилавериши мумкин.
8. Хотира ва диққат билан боғлиқ муаммолар. Фақат кекса ёшдагилар эмас, балки иш фаолиятини қуёшсиз хоналарда ўтказадиган одамларда ҳам эътиборни тўплаш, вазифаларни эслаб қолиш ёмонлашиши мумкин.
9. Суяк мўртлиги, синиш ва остеопороз хавфи. Д витаминсиз кальций сўрилмайди, суяклар юпқалаша бошлайди, ёш ўтиши билан синишлар тез-тез кузатилади. Болаларда эса рахит, катталарда остеомаляция, кейинчалик остеопороз ривожланади.
Нима қилиш керак? Қандай чоралар кўриш мақсадга мувофиқ?
Қон таҳлили топширинг. D витаминининг аниқ миқдорини билиш учун 25(OH)D таҳлилидан ўтинг. 30–50 нг/мл меъёр, 20 дан паст кўрсаткич эса жиддий тақчиллик.
Қуёш нурларидан фойдаланинг. Очиқ юз ва қўлларингизни кунига камида 10–30 дақиқа қуёшга тутиш, шу билан бирга SPF кремсиз қисқа вақтда “дастлабки доза”ни қабул қилиш керак.
Рационни бойитинг. Лосос, тунец, сардина каби ёғли балиқлар, тухум сариғи, мол жигари, ҳамда махсус витаминлаштирилган сут ёки бошқа маҳсулотлар тановул қилинг.
Шифокор тавсиясисиз витамин қабул қилманг. Чунки ортиқча доза D витамини организмга зарар келтириши мумкин — токсикоз, қон босими, юрак ритмида бузилиш юзага келади.
Танангиз сигналларига бефарқ бўлманг!
Эътибор беринг: агар юқорида келтирилган белгилардан камида 3–4 тасини кузатсангиз, бу дарҳол паника учун сабаб эмас, аммо танаингиз сизга хабар бермоқда. Ҳар бир кичик аломатнинг ортида катта саломатлик хавфи ётиши мумкин. Шунинг учун замонавий инсон учун энг ақлли йўл — профилактика ва мунтазам тиббий кўрик.
Zamin.uz таҳририяти сифатида ўқувчиларга ҳаёт сифатини ошириш, фаол ва соғлом бўлиш учун танадаги ҳар бир ўзгаришга эътибор қаратишни тавсия қиламиз. D витамини камчилиги — бу фақат ёз ёки қиш билан боғлиқ муаммо эмас, йил давомида организмда пайдо бўлиши мумкин бўлган саломатлик муаммосидир.
Ҳаётни завқ билан яшашни хоҳласангиз, тана сигналларига қулоқ тутинг, ўз саломатлигингизни эътиборсиз қолдирманг! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар