20:17 / 11.07.2020
4 751

«Ҳақиқий вазият буткул бошқача»: соғлиқни сақлаш тизимидан ҳафсаласи бир бўлган фуқаро ҳикояси

«Ҳақиқий вазият буткул бошқача»: соғлиқни сақлаш тизимидан ҳафсаласи бир бўлган фуқаро ҳикояси
Фото: Reuters
Коронавирусга чалинган беморлар сони 5 мингдан сал зиёд бўлиб турган бугунги кунда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими нақадар зўриқиб қолганлигини кўрсатиб берувчи ҳикоя.

Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият кундан кунга таранглашмоқда. Янги коронавирус инфекциясидан касалликнинг ва ўлим кўрсаткичларининг ўсиш динамикаси ҳукуматни республика бўйлаб июнь ойи бошларидан юмшай бошлаган карантин чораларини яна қатъийлаштиришга мажбурлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидагилар мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг расмий статистикаси реал рақамлардан анча ортда эканини тан олишди. 9 июль куни ССВ касалланиш даражаси ортиши муносабати билан соғлиқни сақлаш тизими катта босим остида қолганини расман маълум қилди.

Бундан ташқари, яқиндан бошлаб инсонларнинг мамлакатда коронавирусга қарши курашиш учун ресурс етишмаётганига ишора қилаётган илтимослари ва мурожаатлари ахборот маконида фаол тарзда тарқалмоқда.

Сўнгги кунларда Kun.uz таҳририятига ҳам касаллик аломатлари бўй кўрсатганига қарамасдан коронавирусга тест топшира олмаётган фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шахси сир қолишини истаган эркак ўзи ва оиласи пойтахт Тошкент шаҳрида тест топшириш учун қандай қийинчиликларга дучор бўлгани ҳақида бошдан кечирганларини мухбиримизга ҳикоя қилиб берди.

— Сизда коронавирусга шубҳа қачон ва нега пайдо бўлди?
— Ҳаммаси 24 июндан бошланди. Тошкентда «Ашхобод» боғи яқинида турамиз. Оиламизда 6 кишимиз, синглим февралда фарзандли бўлган. 24 июнь куни эрталаб 5 ойлик чақалоқ безовта бўла бошлади: унинг ҳаракатлари сустлашиб, йўтала бошлади.

Дарҳол ҳароратини ўлчадик — 37 даража. Ўйланиб ўтирмасдан, маҳаллий 32-поликлиникага қўнғироқ қилдик, уйга врач чақирдик. Гарчи поликлиника уйимиздан пиёда 10 дақиқалик йўл бўлса ҳам, врач куннинг иккинчи ярмида келди. Уйимизга врач ҳеч қандай ҳимоя либосларисиз кириб келганидан, эгнида ҳаттоки халат ҳам йўқлигидан ҳайрон бўлдик. У фақат ниқоб таққан эди. Чақалоққа нима бўлганини сўради. Синглим ҳарорати баланд, йўталаётгани айтди. Шунда врач: «Ташвиш тортманг, унинг тишлари чиқмоқда. Болаларда шундай бўлади ўзи. Унга «Инсти» ва мойчечак қайнатмаси беринг», деб тайинлади. Бу сўзлардан бироз ҳовуримиз босилди.

Эртасига, 25 июнь куни синглим ўзини лоҳас ҳис қила бошлади. Ҳарорати 37 даража эди. Шунда отам дарҳод COVID-19'га тест топширишимизни буюрди. Интернетни кавлаб ҳар бир туманда СЭО маркази борлигини, у ердан ҳар бир инсон коронавирусга текин тест топшириши мумкинлигини ўқидим.

Синглим билан Яшнабод туман СЭО марказига бордик. СЭО маркази ходимлари йўлланма зарур деб, тест олишни рад этишди. Улар фақат ишга жойлашаётганлардан тест олишаётганини таъкидлашди. Мен шу ондаёқ 1003га қўнғироқ қилдим, операторлар «бошимни силаганча», СЭОМдагиларнинг сўзларини тасдиқлашди. Маълум бўлишича, бутун республикада тестлар етишмас экан.

— Хусусий клиникада таҳлил топширишга ҳаракат қилмадингизми?
— Йўқ, оилада 6 кишимиз, принцип жиҳатдан ҳар биримиз учун 240 мингдан тўлашни истамадик. Қонунга итоат этувчи солиқ тўловчилар сифатида текин тиббий ёрдамга қонуний ҳуқуқимиздан фойдаланмоқчи бўлдик.

— Демак, оилавий поликлиникага йўлланма учун боришга мажбур бўлгансизлар?
— Ҳа, боришга мажбур бўлдик. Поликлиникага киришда бир киши пирометр билан ҳарорат ўлчаётган экан. Менда 36,7, синглимда эса 36,4 даража кўрсатди. Ҳайрон қолдик. Сўнгра боланинг иссиғи тиши сабаб кўтарилган деган ўша врачнинг хонасига чиқдик.

У ерда симобли термометр билан синглимнинг иссиғини ўлашди — 37 даража. Бу кираверишда пирометр бузуқ эканлигини, ҳарорати баланд инсон поликлиникага осонгина кира олишини кўрсатарди. Врач яна бу ҳарорат ҳеч нарса эмаслиги, афтидан ЎРВИ юққанини айтди. Синглим врач ҳузуридан чиқиб шундай деди. Лекин мен тест топширишга қаттиқ қасд қилгандим ва йўлланма зарур эди. Аммо врач бу коронавирус эмаслигини, коронавирус юқтирганларда ҳарорат 39 даража бўлишини таъкидлашда давом этарди.

Мен у билан баҳслаша туриб, кўз билан буни аниқлаб бўлмаслиги, чақалоқнинг ҳам ҳарорати ошганини айтиб, йўлланма беришни талаб қилдим. У ҳеч нарса бермаслигини айтди.

Мен бош врач кабинетига кирдим. Ичкарида иккита аёл ўтирган экан, улардан бири оқ халатда эди, уни бош врач деб ўйлаб, коронавирусга тест топшириш учун йўлланма ёзиб беришни илтимос қилдим. Аёл Яшнабод СЭОМ уч кунга ёпилганини айтиб, бизни ишонтирмоқчи бўлди. Мен эса ҳозиргина ўша ердан келганимни, СЭОМ ишлаётганини айтдим ва яна бир бор йўлланма сўрадим.

Шу вақт бояги участка врачимиз кириб, бизни ҳеч нарсани тушунмаётганликда ва бекорга ваҳима қилаётганликда айблади. Оқибатда, бош врач бизга йўлланма беришни рад этди ва буни поликлиника коронавирусга тест топшириш учун йўлланма бермаслиги билан изоҳлади.

Мен яна 1003га қўнғироқ қилдим. Барчасини операторга тушунтирдим. У менга шахсан ёрдам қилиб, СЭОМнинг тест топшириш жараёнларини тушунувчи ходими рақамини берди. Биз бояги рақамга қўнғироқ қилдик, у Яшнобод тумани ДСЭНМ собиқ раҳбари экан. Мен ундан поликлиника тест учун йўлланма бериши кераклигини бош врачга тушунтириб қўйишини илтимос қилдим.

Телефон орқали бош врач вазиятни нотўғри тушунтирганликда айблаб, барча айбни бизга ағдара бошлади. Сўнг бизга СЭОМ билан гаплашиши ва бизни қабул қилишларини айтди. Бош врач СЭОМнинг амалдаги раҳбарига қўнғироқ қилиб, бизни қабул қилишни илтимос қилди. Шундан сўнг бизга бораверишимиз, улар қабул қилишини айтди. Мен яна бир бор ундан ёзма йўлланма сўрадим, у эса бунга жавобан: «Сенинг олдингда қўнғироқ қилиб уларни огоҳлантирдим, ўзинг эшитдинг-ку?» деди. Барчасини битта қўнғироқ билан ҳал қилиш мумкинлигидан таажжубландим, мен бўлса иссиғи баланд яқинларим билан шаҳар кезиб юрибман.

СЭОМда яна биздан йўлланма талаб қилишди. Мен ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим! Мен энди овозимни баландлатиб, бошлиққа қўнғироқ қилишни, унинг хабари борлигини айтдим. Қўнғироқ қилишди, бош ирғаганча, синглимдан тест олишга қарор қилишди.

— Натижаларни қачон маълум қилишди ва улар қандай чиқди?
— Биз икки кун кутишни айтишди. Орадан 4 кун ўтгач, 29 июнда қўнғироқ қилдим. Таҳлил натижаларига кўра, синглимда коронавирусни тасдиқлашди. Мен у қай аҳволга тушганини тасвирлаб беролмайман. Соғлиқни сақлаш тизимимиздан бу қадар ҳафсалам пир бўлмаган эди! Ўзингиз ўйлаб кўринг, тест олишларини талаб қилиб туриб олмаганимда биз вирусни бутун шаҳар бўйлаб тарқатиб юраверган бўлар эдик!

— Сиз ва оилангизнинг бошқа аъзолари ҳам таҳлил топширишдими?
— Ҳа. Вирус борлиги тасдиқланган ўша куни тунда туман СЭОМдан келиб бутун оиламиздан тест олиб кетишди. Мен вирус тарқалмаслиги учун СЭОМ вакилларидан уйимизни ўраб олиб чора кўришларини сўрадим. Эртаси куни ички ишлар органлари ходимлари уйимизни ўраб олишди. Лекин синглимда вирус топилгач, икки кун мобайнида «тез ёрдам» келмади!

Ҳеч ким ёш она ва унинг 5 ойлик боласи қай аҳволда эканига қизиққани ҳам йўқ. Қаерларга қўнғироқ қилмадим дейсиз? 1003дагилар шифохонага ётқизиш учун жавоб бермасликларини айтишди, 103 эса коронавирусга чалинганларни олиб кетмас экан. Менга яна бир рақам беришди: 71 2336567, гўшакни ҳеч ким кўтаргани йўқ – доира ёпилди.

Поликлиникага қўнғироқ қилиш бефойда, ҳеч қаерда бўш ўрин йўқ экан, бизда шунчаки кутишдан бўлак чора қолмади. «Тез ёрдам» машинаси фақат 1 июлда кириб келди. Машинанинг ичида яна учта вирус юқтирган бемор бор эди.

— Улар вирус юқтирган беморлар бўлганига ишончингиз комилми?
— Ҳа, эшигимизни таққилатган одам касалхонага ётқизиш керак бўлган одамларни тўплаб юрганини айтди. Шундай қилиб ётқизиш мумкинми ўзи, деб ҳайрон бўлиб сўрадим. «Тез ёрдам» машинасида беморлар битта-битта ташилмайдими? Бояги одам унга буюрилганини бажараётганини айтди. Машинада вирус юқтирганлар маскасини иягига туширганча ўтиришганди. Мен синглимни улар билан бирга жўнатишни истамаётгандим, лекин менда бошқа илож ҳам йўқ эди: бу унга тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона имконияти эди. Хуллас, синглимни олиб кетишди, биз эса тест натижаларини кута бошладик.

— Уни қачон билдингиз?
— Таҳлил топширганимиздан 6 кун ўтиб, яъни 4 июлда. Буни ҳам кетини қўймасдан сўрайверганимиз учун билдик. Бу вақт ичида ҳеч ким бизга қўнғироқ ҳам қилгани, ҳол-аҳволимизни сўрагани ҳам йўқ. Биз бундай вазиятда нима қилишни мутлақо билмасдик…

— Натижалар-чи?
— Биз натижаларни туман СЭОМ орқали эмас, ўз таниш-билишларимиз орқали билдик. Аниқланишича, қолган ҳаммада тест манфий чиқибди, 5 ойлик чақалоқда ҳам. Бу бизни ҳайрон қолдирди. Бу қанақаси: синглимда вирус бўлса-ю, бизда бўлмаса? Бу ҳодиса шаҳар 1-сонли шифохонасига ётқизилган синглимни қайта тестдан ўтказишга ундади.

6 июль куни 1-шаҳар шифохонаси ходимлари синглимдан ҳам, чақалоқдан ҳам қайта таҳлил олишди ва синчиклаб текширишди. Қайта таҳлил учун анча-мунча тер тўкиб, асаб сарфлашга тўғри келганини таъкидлашим зарур. 7 июль куни кечқурун синглим ва унинг чақалоғида вирус йўқлигини айтишди.

— Бу қанақаси бўлди? Сиз натижаларга ишонасизми, ахир ўзингиз синглингизни бошқа касаллар билан бирга касалхонага олиб кетилганини айтдингиз-ку?
— Ҳа, таҳлиллар хатога йўл қўймаслик учун алоҳида назорат остида олинди. Хулоса аниқ — вирус йўқ эди.

— Модомики синглингизда коронавирус инфекцияси топилмаган экан, «ташвишланишга ҳожат йўқ», деган 32-поликлиника врачлари ҳақ бўлиб чиқаётганини билдирмайдими?
— Йўқ, барибир тест топшириш учун йўлланма берилиши керак эди. COVID-19 – олдиндан айтиб бўлмайдиган касаллик, барчада симптомлар ҳар хил кўриниш беради. Врачлар ким касаллик юқтирган, ким соғломлигини кўз билан аниқлай олишмайди. Боз устига, «симптомсиз бемор»лар сони кундан кунга кўпаймоқда.

— Демак, синглингиз уйга қайтиб келган?
— Ҳа, унга ва яна бошқа бир неча беморларга жавоб беришган. Уларнинг барчаси уйгача ўзлари келишибди. Уларни шунчаки дарвозадан чиқариб юборишган, бўлди.

— Бўлиб ўтган воқеалардан қандай хулоса чиқардингиз?
— СЭОМ томонидан ўтказилаётган тестлар ноаниқ натижа бераётгани ҳақида мисоллар интернетда кўп. Шунинг учун одамлар хусусий клиникаларга бориб, ўз пулларига таҳлил топширишга мажбур бўлишмоқда, лекин хусусий клиникаларда ҳам улкан навбатлар ҳосил бўлиб, тестлар етишмаяпти.

Наҳотки, солиқларни доим ўз вақтида тўлаб келган, қонунларга итоаткор фуқаро тиббий хизмат олишдек конституциявий ҳуқуқидан фойдалана олмаслиги адолатдан бўлса?

Қўшни кўп қаватли уйда 2та зарарланиш ҳолати аниқланганидан сўнг уй ҳанузгача карантинга олинмагани мени ҳайратлантиради. Қўшни домда вирус юқтириб олган киши билан телефонда гаплашдим. У биздан нима қилишни сўради. У ҳам бутун оиласи билан бу вирус қаршисида яккама-якка қолган.

Албатта, телевизорни ёқсангиз ҳамма ёқда «мусаффо осмон», ростдан ҳам ҳаммаси жойида деб ўйлайсиз. Лекин ҳаққоний вазият буткул бошқача.

Курашнинг олдинги чизиғида бўлган врачларга ҳар қанча тасанно айтсак арзийди, улар ҳар бир ҳаёт учун виждонан курашишмоқда. Улар ойлаб яқинларини кўришмаяпти, кучайтирилган режимда меҳнат қилишмоқда. Уларга чексиз ташаккур ва таъзимдамиз. Айрим «тиббиёт ходимлари», тўғрироғи, тиббий маълумот тўғрисида дипломи бўлган нусхалар эса фуқароларга ўз вақтида ёрдам қўлини чўзмасдан «отангга бор, онангга бор» қилишмоқда. Бу очиқдан очиқ ҳаракатсизлик!

Аминманки, ҳануз вирус мавжудлигига ишонмайдиган одамлар ҳам бор. Кўзни очинглар, дўстлар! Бу чинакам уруш, лекин душманни сиз кўра олмайсиз. Фақат барчамиз кучни бир жойга жамлаб ғалаба қозинишимиз мумкин!

Қадрли юртдошлар, ўзингизни асранг! Бурнингизни яхши бекитадиган ниқоб тақиб юринг. Кўча-кўйда ниқобини оғзидан пастга тушириб олганлардан узоқроқ юринг. Масофани сақланг! Ҳеч кимга қўл узатманг! Вирус аллақачон орамизда. Ҳар бир инсон ўзини ўзи ҳимоя қилмаса, унинг ўрнига ҳеч ким бу ишни қилмайди! Ўз ҳақингизни талаб қилишдан қўрқманг, бу ҳеч нарса қилмасликдан кўра яхшироқ ва сизни эшитишларига қандайдир имконият пайдо қилади.

Жамшидхон Зиёхонов суҳбатлашди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ҳақиқий вазият буткул бошқача»: соғлиқни сақлаш тизимидан ҳафсаласи бир бўлган фуқаро ҳикояси