Самарқандда ҳайдовчининг уйқуси йирик ЙТҲга сабаб бўлди

16 май куни Самарқанд вилояти ҳудудида юк автомобили ҳайдовчисининг рулда ухлаб қолиши оқибатида йирик йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.
Маълум бўлишича, соат тахминан 04:30 атрофида Пахтачи тумани “Болтали” МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-37 “Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши” автомобиль йўлининг 118-километрида FAW русумли юк автомобили ҳайдовчиси Самарқанд–Навоий йўналишида ҳаракатланиб кетаётиб, мудраб қолган.
Шундан сўнг ҳайдовчи транспорт бошқарувини йўқотган ва ўзи билан бир йўналишда йўл четида тўхтаб турган SINOTRUK HOWO русумли юк машинасининг чап қисмига келиб урилган. Зарба кучли бўлгани сабабли ҳайдовчи автомобилни тўлиқ тўхтата олмаган ва олдинроқ тўхтаб турган яна бир SINOTRUK HOWO русумли юк автомобилининг орқа қисмига ҳам бориб тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида FAW ҳамда SINOTRUK HOWO русумли юк транспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса жойига етиб келган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар ёки ҳалок бўлганлар йўқ. Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ЖХХ ЙҲХГ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!