18:50 / 29.08.2020
4 960

Олий таълимда фанларни ўқитиш сифатини оширишда мустақил таълимнинг роли

Олий таълимда фанларни ўқитиш сифатини оширишда мустақил таълимнинг роли
Ўқув жараёни сифатини оширишда мустақил таълимнинг роли сўзсиз катта. Педагогдан тайёр маълумот олгандан кўра мустақил фаолият жараёнида олган билимни ўзлаштириш нисбатан анча яхши натижа беради.

Ҳозирги даврда таълим тизими олдига қўйилган вазифаларни бажариш, талабаларнинг мустақил равишда ўқув материалларини ўзлаштириши, уларнинг касбий ўсишини рағбатлантириш, уларда ижодий фаолликни тарбиялашда педагогларнинг масъулиятини ошириш зарур.

Талаба ва педагог мустақил таълим уларнинг манфаати учун олиб борилишини тушуниши керак. Талаба бажараётган мустақил иш педагоги учун эмас, балки ўзи учун, унинг келажакдаги муваффақиятини таъминлашининг асосий омили эканлигини тушуниши керак. Талаба олаётган билим натижасига ўзи масъуллигини англаши зарур.

Педагог эса мустақил таълим фақатгина талаба учун эмас, балки ўзи учун ҳам керак эканлиги, ўзини ишини осонлаштириш, мустақил фикр юрита оладиган талабалар билан мулоқотда бўлиб, ўз билимини бойитиш ва келажда хизмат поғоналарида ўсишини таъминлашини англаши лозим. Шу билан бир қаторда, педагогнинг ўқув жараёнида талабалар билан ҳамкорлиги, уларнинг мустақил таълимга ишончини шакллантириши, ўқитишнинг янги педагогик технологиялардан фойдаланаётганини кўрсата олиши, маърузаларни аънанавий, яъни фақатгина маълумот бериш билан чегараланмасдан, балки муаммоли интерактив усулда олиб бориши кутилаётган ижобий натижаларга олиб келади.

Мустақил таълимни фаоллаштирмасдан олий таълимда талабаларни самарали ўқитишни кўз олдимизга келтириш қийин.
Ҳозирги давр мутахассисидан юқори даражадаги тайёргарлик, мустақил равишда қарорлар қабул қила олиш, белгиланган вазифаларни бажариш учун кўп маълумотлар орасидан кераклигини танлаб олиш ва бу маълумотларни қайта ишлай олиш талаб қилинади.

Ҳозирги замон талабига жавоб бера оладиган мутахассислар тайёрлаш учун ўқув жараёнини ташкил этишни жиддий равишда ўзгартириш керак, яъни аудитория соати, пассив маъруза машғулотлар улушини камайтириш ҳисобига талабаларнинг мустақил ишлари салмоғини ошириш зарур.

Талабаларнинг таълим олишда анъанавий ўқитиш усулидан мустақил фаолиятига катта эътибор бериб бориш асосий етакчи ғоядир. Мустақил таълим талабаларга билим беришда бу талабани ўз ҳолига ташлаб қўйиш эмас, балки педагог томонидан мунтазам бошқариладиган талабаларнинг мустақил фаолиятидир.

Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ҳар бир педагог фақатгина ўзининг фанини асосий деб ҳисобламасдан, талабанинг мустақил таълимга ажратилган вақти ўқув режадаги барча фанлар учун ажратилганлигини эсдан чиқармаслиги керак, акс ҳолда талабаларга керагидан ортиқ берилган вазифа мустақил таълимдан кузатилган ижобий натижа ўрнига, аксинча салбий натижага олиб келиши мумкин.

Талабаларнинг мустақил таълимидан асосий мақсадлар қуйидагилардан иборатдир:
- янги билим олиш усулларини эгаллаш, жараёнларни мустақил таҳлил қила олиш;
- аудиториядаги машғулотларда олган билимларини мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш, кенгайтириш ва тартибга солиш;
- меъёрий-ҳуқуқий актлар, маълумотлар ва махсус адабиётлар билан ишлашни ўрганиш;
- ўқув материалларини мустақил ўрганиш;
- фаоллиги, билим орттириши, ижодий ташаббуси, масъулияти ва тартиблигини ривожлантириш;
- олган билимларини амалиётда қўллай олишни шакллантириш;
- мустақил фикр юритиш, ўз-ўзини ўстириш, ўзининг режасини амалга оширишни шакллантириш;
- тадқиқот қила олиш қобилиятини ривожлантириш.

Талабалар мустақил таълимининг асосий вазифаси мустақил равишда маълумотлар топиш усули билан билим олишни ривожлантириш, ўқув жараёнига ижодий ёндашишга фаол қизиқишни шакллантиришдан иборат.
Талабалар мустақил равишда курс ишлари, курс лойиҳаси, битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияларини тайёрлаётганларида қўйилган муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, ўзларининг мустақил асосланган фикр ва хулосаларини чиқаришлари керак...!!!

Тошкент Давлат Юридик
Университети Ихтисослаштирилган
филиали ўқитувчиси
Мамура Алланазарова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олий таълимда фанларни ўқитиш сифатини оширишда мустақил таълимнинг роли