date

Рўзиқул Бердиев «Насаф»нинг ғалабаси ҳақида нималар деди?

Рўзиқул Бердиев «Насаф»нинг ғалабаси ҳақида нималар деди?

Суперлиганинг 20-туридан ўрин олган «Насаф» – «Сурхон» (2:1) баҳсидан кейин қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, жамоа ғалабага бўлган иштиёқини намойиш этиб, муҳим уч очкони қўлга киритди.

«Иккинчи бўлимда ғалабага иштиёқни кўрсатдик»

— Биринчи бўлимда ҳар икки жамоа ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди, чунки ҳеч ким гол ўтказиб юбормоқчи эмасди. Иккинчи бўлимда эса ҳужумкор ўйин орқали ғалабага бўлган интилишимизни кўрсатдик. Драган Черанни майдонга туширишимиз ҳам тўғри қарор бўлди ва бу ғалабага эришишимизга катта ёрдам берди, — деди Бердиев.

Элит Чемпионлар лигаси ва чемпионат мақсадлари

— Қуръада кўрдингиз, бизга кучли рақиблар тушди. Вазифамиз бу турнирда муносиб иштирок этиш ва имкониятдан келиб чиқиб кейинги босқичларга чиқишдан иборат. Чемпионатдаги асосий вазифа эса — титулни ҳимоя қилиш. Бу мавсум жуда оғир ўтяпти, чунки 5-6 та жамоа чемпионлик учун курашмоқда. Оддий жамоаларга қарши ўйнаш ҳам осон эмас. Шу боис биз ўз мақсадимиздан чекинмасдан, олға интилишимиз керак.

«Рақобат сўнгги турларгача давом этади»

— Асосий рақобатчи сифатида аниқ бир клубни кўрсатиш қийин. Чунки чемпионлик учун кураш охирги турларгача давом этади, — деди мураббий.

«Сурхон» доим курашчан жамоа»

— «Сурхон» — ёш ва жонкуяр жамоа. Улар ҳар доим яхши футбол кўрсатишга интилади ва рақиблар учун қийинчилик туғдиради. Жамоа таркибидан етакчилар кетган бўлса ҳам, ўз услубини йўқотмаган. Шунинг учун кўплаб мутахассислар «Сурхон»га ҳурмат билан қарайди. Улар кўпроқ тўпни назорат қилишга ҳаракат қилади, биз эса зарур паллаларда босим қилишга уриндик. Эҳтимол, улар бугун «Насаф»нинг салоҳиятидан чўчиб ўз ўйинини кўрсата олмагандир, лекин 2:0дан кейин ўз услубини намойиш этишга ҳаракат қилиб, вазиятлар яратди, — дея хулоса қилди Бердиев.

Бердиев сўзларига кўра, «Насаф» жамоаси ўз мақсадларидан оғишмай, олдиндаги учрашувларда ҳам юксак натижаларга эришиш учун ҳаракатини давом эттиради.


Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев «Насаф»нинг ғалабаси ҳақида нималар деди?