19:40 / 25.12.2020
5 310

Тиббиёт психологиясими ёки клиник психология?

Тиббиёт психологиясими ёки клиник психология?
Эпиграф. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига психологик хизмат кўрсатиш ва психология соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1518/20-2-сонли Фармони 19.12.2020 йили эълон қилинди. Унда Ўзбекистон давлат психология университетини очиш ҳамда тиббий ва клиник психология ҳақида ҳам бандлар бор. Бугунги суҳбатдошимиз Республикамизда “Тиббиёт психологияси” фанига асос солган олим, шу номли дарслик ва ўқув қўлланмалари муаллифи, Тошкент тибббиёт академияси “Тиббий психология ва психотерапия” курси мудири, проф. Ибодуллаев Зарифбой Ражабович.

Савол: Устоз! Бундан бир неча йиллар олдин тиббиёт институтларида “Клиник психология” факультети ҳамда “Тиббий психология ва психотерапия” кафедрасини очиш зарурлиги кўтаргансиз, “Тиббий психология” бўйича Давлат таълим стандартини ишлаб чиққансиз, дарсликлар ёзгансиз. Сизнинг ташаббус билан Республикамиз тиббиёт институтларида 2012/2013 ўқув йилидан бошлаб “Тиббий психология” мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординатура йўналишлари очилди. Бироқ ҳар гал ҳали ишлар кўнгилдагидек эмас, дейсиз. Муаммо нимада? Дастлаб “Тиббиёт психологияси ва “Клиник психология” тушунчаларига ойдинлик киритсангиз. Бу борада ханузгача ҳатто тиббиёт ходимлари ва психологлар орасида баҳс-мунозаралар давом этмоқда.

Жавоб: Тиббий психологиями ёки клиник психология? Бу борада қарашлар турлича. Бу фанларни иккала ном билан аталувчи битта фан ёки алоҳида-алоҳида фан дегувчилар ҳанузгача бор. Ривожланган хориж давлатлари ҳамда бир неча йиллардан буён тиббий психологияни ўқитишга асосланган тажрибамиз асносида ушбу фанлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларимизни келтириб ўтамиз.

Тиббий ва клиник психологияларнинг фарқ қилувчи томонлари:
1. Тиббий психология – бу тиббий мутахассислик ва у психологик илмга эга врач, клиник психология – бу психологик мутахассислик ва у соғлиқни сақлаш тизими учун тайёрланган психолог. Клиник психолог – врач эмас.
2. Тиббий психолог – бу “даволаш иши” таълим йўналиши бўйича бакалавриатурани тугатиб, сўнгра магистратура ёки клиник ординатурада “Тиббий психология” ихтисослиги бўйича тайёрланган мутахассис.
3. Клиник психолог – бу психологик фанлар бўйича бакалавриатурани тугатиб, сўнгра “Клиник психология” бўйича тайёрланган мутахассис.
4. Тиббий психолог ташхис қўйиш жараёнида тиббий диагностикадан фойдаланишга, даволаш жараёнида эса фармакотерапияни қўллашга юридик ҳуқуқи бор. Чунки у тиббий таълимга эга. Клиник психолог эса тиббиётда фаолият кўрсатса-да, тиббий диагностикадан фойдалана олмайди, дори-дармонлар тавсия этиш ва плацеботерапия ўтказишга ҳам ҳаққи йўқ.
5. Тиббий психолог психосоматик бузилишларни органик бузилишлардан фарқлай олади, клиник психолог эса – йўқ. Чунки клиник психолог касалликлар клиникаси билан эмас, беморлар психологияси билан шуғулланади ва у врач эмас.
6. Тиббий психолог психоген ва психосоматик бузилишларни коррекция қилишда ёрдамчи даволаш усуллари, яъни физиотерапия, игнатерапия, магнитотерапия, лазеротерапия ва шу каби тиббиётга алоқадор методлардан фойдаланишга ҳақли, клиник психолог эса – йўқ. Чунки булар тиббий муолажалар ҳисобланади.
7. Тиббий психолог махсус тайёрлов курсларини ўқиб, невропатолог, психоневролог ёки психиатр касбида ишлаши мумкин, клиник психологда эса бундай имконият йўқ. Чунки у тиббиёт маълумотга эга эмас. Клиник психолог турли касалликларда беморлар психологияси ва касалликларнинг психологик структурасини билса-да, бироқ психоэмоционал бузилишларнинг патогенетик механизмлари бўйича билимга эга эмас.

Тиббий ва клиник психологиянинг ўхшаш томонлари:
1. Тиббий психолог ҳам, клиник психолог ҳам соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатувчи психологлар. Иккала касб эгаси ҳам клиникада фаолият кўрсатишади ва асосий вазифаси беморларга психодиагностик ва психотерапевтик (психокоррекцион) ёрдам кўрсатиш. Улар ҳар қандай йўналишдаги даволаш муассасаси, яъни психиатрия, неврология, психоневрология, кардиология, нейрохирургия, травматология, педиатрия, онкология, фтизиатрия, акушерлик ва гинекология, тез тиббий ёрдам, дерматовенерология, ОИТС каби махсус клиникалар, соғломлаштириш марказлари ва, албатта, психосоматик тиббиёт марказлари бўлимларида фаолият кўрсатишади.
2. Тиббий психолог учун ҳам, клиник психолог учун ҳам асосий иш қуроли – бу психодиагностика ва психотерапия. Шунингдек, иккала касб эгалари ҳам психоген ва психосоматик бузилишлар профилактикаси билан шуғулланишади. Бу мақсадда улар психогигиена ва психопрофилактика услубларидан кенг фойдаланишади.
3. Тиббий психолог ҳам, клиник психолог ҳам ҳар қандай турдаги психотерапия, яъни гипнотерапия, бихевиорал терапия, когнитив психотерапия, когнитив-бихевиорал терапия, гештальттерапия, рационал-эмотив терапия, психодинамик терапия каби психотерапевтик усулларни қўллашга ҳақли. Ушбу услублар ўқитиш дастурига киритилган. Бироқ махсус курсларда ҳам ўқиш талаб этилади.

Савол: Бу иккала йўналишнинг тарихи ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
Жавоб: АҚШ ва Европалик олимлар клиник психология яратилиши тарихини XIX асрнинг сўнгги йиллари билан боғлашади. 1896 йили Германиянинг Лейпциг шаҳрида ўқиб қайтган америкалик психолог Лайтнер Уитмер Пенсилвания штатида дунёда биринчи бўлиб “Психологик клиника” очади. Ҳа, клиник психология эмас, психологик клиника. Л. Уитмер бу ерда ҳулқ-атвори оғир болалар психодиагностикаси ва психокоррекцияси билан шуғулланади. ХХ аср бошига келиб АҚШ нинг бир қатор университетларида психологик клиникалар фаолият кўрсатиб бошлайди ва клиник психологлар тиббий госпиталларга ошга олинади.

ХХ аср бошларида бу ишнинг давомчилари Европада ҳам пайдо бўлади ва улар айнан клиникаларда психологик ёрдам тизимини йўлга қўйиш билан шуғулланишади. Умумий психологлардан фарқли ўлароқ, клиникаларда фаолият кўрсатувчи психологларни “Клиник психолог” деб аташ таклифи ўртага ташланади. Бироқ ўша даврнинг атоқли немис психиатрлари Эмил Крепелин ва унинг шогирди Эрнст Кречмер бундай ёндошувни қўллаб қувватлашмайди. Уларнинг иккаласи ҳам умумий психологларнинг клиник психолог қиёфасида тиббиётга кириб келишига эътирозлари бўлган.

Савол: Маърузаларингизнинг бирида Эмил Крепелин умумий психологларнинг соғлиқни сақлаш тизимига “Клиник психолог” сифатида кириб келишини хушламаган, деган эдингиз.
Жавоб: Ҳақиқатан ҳам шундай бўлган. Аслида психиатр бўлган Эмил Крепелин ўз шогирди Эрнст Кречмерга тиббиёт психологиясини алоҳида фан сифатида шакллантириш тавсияларини берган.

Эмил Крепелин (1856-1926) клиник психиатрия ва патопсихология йўналишида йирик олим бўлиб, нафақат бир қатор руҳий касалликлар, балки турли хил неврологик ва психопатологик синдромларга ҳам ном берган, уларнинг клиникасини ёзиб системалаштирган. Алсхаймер касаллиги, олигофрения, дисморфофобия каби тиббий терминларни фанга у киритган. Э. Крепелин психиатрия амалиётида психологик усулларни кенг қўллаган ва барча психиатрларни психология илмини ҳам чуқур эгаллашга чорлаган.

Эмил Крепелин
Эмил Крепелин давъатлари четда қолмади. Унинг шогирди психиатр Эрнст Кречмер (1888-1964) тиббиёт психологиясини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Олим 1922 йили “Тиббиёт психологияси” дарслигини чоп қилдиради ва шу санани тарихчилар тиббиёт психологиясига асос солинган йил деб ҳисоблашади.

Эрнст Кречмер
Э. Кречмерни кўпчилигимиз психиатр ва тиббий психолог сифатида биламиз. Бироқ у биринчи Жахон уруши даврида ҳарбий госпиталда “Неврология клиникаси” ни ташкил қилади ва уни ўзи бошқаради. Неврология соҳасидаги ишлари юксак баҳоланган 38 ёшли Э. Кречмер 1926 йили Марбург университетининг неврология ва психиатрия кафедрасига ишга қабул қилинади. Олим узоқ йиллар (1946-1959 йй) мобайнида Тюбингем университетида неврология клиникасини бошқаради.

Савол: ХХ аср бошларида неврология ва психиатрия соҳасида танилган буюк олимларнинг аксарияти “Тиббий психология” ривожланишига катта ҳисса қўшган дердингиз. Шундайми?
Жавоб: Биз ўша даврга бир назар ташлайдиган бўлсак, кўзга кўринган йирик олимлар, яъни Ж.М. Шарко, З.Фрейд, Э. Кречмер, П.Флексиг, В.М. Бехтеревлар неврология, психиатрия ва психология соҳасида фаолият кўрсатишган, кўплаб асарлар ёзишган. Том маънода олганда, мия ва руҳиятни бир-биридан айро деб билишмаган ва улар асаб ва руҳият борасида йирик асарлар яратишган.

Э. Кречмер классик тиббиётчилар таъкидлаганидек “Ҳар бир врач психолог бўлиши керак” деган ташаббусни ўртага ташлайди ва уни барча соҳа врачларига ўқитиш зарурлигини ўз маърузалари ва ёзган асарларида доим кўрсатиб ўтган. Э. Кречмернинг мақсади тиббиёт психологиясини бошқа соҳа врачларига ҳам яқинлаштириш эди. Унинг “Тиббиёт психологияси” дарслиги жуда кўп тилларга таржима қилинади ва бирин-кетин “Тиббий психология” кафедралари ташкил этилади.

Бироқ умумий психологлар томонидан параллел тарзда тиббиётга алоқаси бўлмаган университетларда “Клиник психология” кафедралари ҳам ташкил этилади ва кейинчалик шу номли факультетлар очилади. Шундай қилиб бошқа университетларда клиник психологлар, тиббиёт университетларида эса тиббий психологлар тайёрлаш йўлга қўйилади ва бу ҳолат ханузгача давом этмоқда. Психиатрларнинг қаттиқ қаршилигига учраган клиник психологлар ўз нигоҳларини соматик клиникаларга қаратишади. Тан олиш лозимки, тиббий психологияга қараганда клиник психология жадалроқ ривожланди ва бунда умумий психологларнинг ҳиссаси катта.

Савол: “Психосоматик тиббиёт” ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
Жавоб: ХХ аср бошида соматик клиникаларда психологик ёрдамнинг йўлга қўйилиши Европа ва АҚШ да психосоматик тиббиёт ривожланиб бошлашига катта туртки бўлди. 1818 йили Германиялик врач Йоганн-Христиан Хайнрот (1773-1843) биринчи бўлиб “психосоматика” иборасини қўллайди. 1939 йили АҚШ да “Психосоматик тиббиёт” номли журнал таъсис этилади. Бироқ ўша йиллари бошланган иккинчи Жахон уруши бу йўналишни анча тўхтатиб қўяди.

1950 йили АҚШ да “Америка психосоматик тиббиёт жамияти” тузилади. Бу жамиятга нафақат психиатрлар ва психологлар, балки психосоматик тиббиётга қизиқиш билдирган турли соҳа врачлари ҳам аъзо бўлишади. Ушбу жамиятда клиник/тиббий психология, психосоматик тиббиёт ва психотерапевтик ёрдам билан боғлиқ барча таянч иборалар, атамалар ва бошқа муаммолар ечими ҳамкорликда муҳокама қилинади. Бу борада ривожланиш жуда яхши давом этади.

Ўша пайтда, яъни 1950 йили америкалик психоаналитик Франц Александер (1891-1964) “Психосоматик тиббиёт” номли китоб чоп қилдиради. Бу китоб ҳам кўп тилларга таржима қилинади.

Франц Александер
Албатта Европа ҳам психосоматик тиббиёт борасида жадал ишларни бошлаб юборади. 1950 йили Германиянинг Гейдельберг шахрида Александр Мичерлих (1908-1982) Европада биринчи бўлиб «Психосоматик тиббиёт» клиникасини очади. 1954 йили Хамбургда «Психосоматик тиббиёт ва психоанализ» журналининг биринчи сони нашрдан чиқади.

1950-1960-йиллар ичида Европанинг деярли барча давлатларида бир нечтадан “Психосоматик тиббиёт ва психотерапия” клиникалари ташкил қилинади. Албатта бундай марказларнинг асосий ишчилари тиббий ёки дейлик клиник психологлар бўлишса-да, у ерда тиббиётнинг бошқа йўналишидаги врач-мутахассислар ҳам фаолият кўрсатишган (давоми бор).

Тошкент тиббиёт академияси психологи,
илмий изланувчи Расулбек Полванов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тиббиёт психологиясими ёки клиник психология?