Истанбулнинг етакчи клуби "Галатасарой" бу ёзги трансфер бозорида энг шов-шувли ва тарихий битимлардан бирини амалга оширди. Жамоа Италиянинг “Наполи” клубидан нигериялик таниқли ҳужумчи Виктор Осимхенни 75 миллион евро миқдоридаги рекорд сумма эвазига ўз сафига қўшиб олди.
Мазкур келишув Туркия футбол тарихи учун ўзига хос воқеа сифатида қайд этилди. Аввалроқ бу мамлакатдаги энг йирик трансфер сифатида “Фенербаҳче”нинг Эн-Несирини 19,5 миллион еврога харид қилиши эътироф этилган эди. Энди эса "Галатасарой" бу кўрсаткични мутлақ рекордга айлантирди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Виктор Осимхен ўтган мавсумни айнан “Галатасарой” сафида ижара асосида ўтказган ва ўзини яхши томондан кўрсата олган эди. У 41 та расмий учрашувда иштирок этган бўлиб, рақиб дарвозаларини 37 маротаба ишғол қилган ва 8 та аниқ голли узатма билан жамоадошларини ҳам қўллаб-қувватлаган.
Клубнинг расмий ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида берилган маълумотларга кўра, Осимхен билан тузилган шартнома 2029 йилга қадар амал қилади. Унинг тўлиқ трансферини эълон қилган “Галатасарой” бу орқали нафақат ўз сафини мустаҳкамлади, балки Европа миқёсидаги жиддий мақсадларини ҳам яна бир бор намоён қилди.
Футбол мухлислари ушбу трансфердан катта таассуротда қолишди. Ижтимоий тармоқларда футболчига бўлган эътибор янада ортиб бормоқда. Кўплаб мутахассислар ва экспертлар Осимхеннинг келгуси мавсумда ҳам “Галатасарой” таркибида юқори даражада ўйнашини ва жамоага чемпионлик йўлида катта ҳисса қўшишини кутмоқдалар.
Туркия футболидаги бу каби тарихий трансферлар маҳаллий чемпионатнинг нуфузини оширишга, унга халқаро эътиборни қаратишга хизмат қилиши шубҳасиз. “Галатасарой” эса янги мавсумга жиддий мақсадлар билан кириб келмоқда ва Осимхен билан эришилган келишув бу режаларнинг муҳим қадамларидан бири бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!