2025 йилнинг 31 июль куни Украина пойтахти Киев яна йирик ҳужумлардан бирини бошдан кечирди. Россия армияси томонидан тунда амалга оширилган кенг кўламли ракета ва дрон зарбалари шаҳар аҳли ҳаётини яна хавф остида қолдирди. Кейинги маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлган, улар орасида олти ёшли бола ҳам бор. Шаҳар раҳбари Виталий Кличко 30 киши шифохонага ётқизилгани, яна 97 нафар шахсга амбулатор ёрдам кўрсатилганини маълум қилди. Илк хабарларда қурбонлар сони олти нафарлиги, 50 дан ортиқ киши жароҳат олгани ҳақида сўз борган эди.
Пойтахт ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко таъкидлашича, 100 га яқин бино — турар жойлар, мактаблар, болалар боғчалари ва олий ўқув юртлари ҳужум оқибатида шикастланган. Святошинский туманида эса тўққиз қаватли уйнинг бир поъдезди бутунлай вайрон бўлган.
Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво сектори маълумотига кўра, Россия томонидан Украина ҳудудига жами 309 дрон ва саккизта қанотли ракета йўлланган. Ҳарбийлар бешта ракета тўғридан тўғри нишонга урилганини, шунингдек, 12 та жойда дрон зарбаси ва 19 та нуқтада дрон парчалари қулаганини қайд этмоқда.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россияга нисбатан босимни ошириш ва ўт очишни тўхтатишга мажбурлаш вақти келганини билдирди. “Эҳтимол, Путинга конструктив ёндашув учун берилган барча имкониятлар тугагандир. Президент Трамп Путин билан жуда сабрли ва муросакор бўлди, ечим излади”, — деди Сибига. У барча санкциявий чораларни мувофиқлаштиришга ва тинчликни куч билан таъминлашга чақирди.
31 июль куни Киевга қилинган ҳужум — сўнгги бир ой ичида пойтахтда одамлар ҳалокатига сабаб бўлган тўртинчи зарба бўлди. 17 июн куни эса шаҳарда 28 киши ҳалок бўлиб, 130 дан ортиқ киши яраланган эди — бу Киев учун жанговар ҳаракатлар бошланганидан буён энг кўп қурбонлар қайд этилган ҳужум сифатида ёдда қолди. 2025 йил ёзигача Россия армияси бундай шиддат билан Украина пойтахтига ҳужум қилмаганди.
Янги воқеалар Украинада хавфсизлик муаммосини янада кучайтирмоқда. Ҳар бир ҳужум мамлакатдаги вазиятни жиддийлаштириб, тинч аҳоли ҳаётига таҳдид солмоқда.