Австриянинг жиноят ишлари бўйича махсус полицияси томонидан мамлакат ҳудудида банкоматларни портлатиш орқали йирик талончиликларда гумонланган жиноятчилар гуруҳига қарши кенг қамровли операция ўтказилди. Расмий маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён фаолият юритган ушбу жиноий тузилмага алоқадор 14 нафар шахс ҳибсга олинди.
Қўлга тушганлар, асосан, келиб чиқиши Марокашдан бўлган, лекин Нидерландия фуқаролигига эга шахслар экани маълум қилинди. Австрия расмийларининг баёнотига кўра, 2025 йилнинг бошидан буён мамлакат ҳудудида жами 26 та банкомат бомба ёрдамида портлатилган. Бу жиноятлар асосан тунги вақтда, одамлар кам ҳаракатланадиган пайтларда амалга оширилган.
Австрия ва Нидерландия полициялари ушбу иш доирасида икки мамлакатда жами 12 та жойда махсус тинтув ишларини амалга оширди. Рейдлар натижасида катта миқдорда жиноий фаолиятга алоқадор далиллар олиб қўйилди. Хусусан, 16 та скутер, 50 тадан зиёд мобил алоқа қурилмаси, тахминан 400-500 грамм миқдорида портловчи кимёвий моддалар, турли гиёҳванд воситалари ва 39 минг евро миқдорида нақд пул мусодара қилинди.
Жиноятчиларнинг ҳаракат услуби маълум даражада ўхшаш: одатда, тунда ўғирланган ёки сохта давлат рақамлари қўйилган автомобилда келиб, банкоматни портлатиш орқали ички механизмни йўқ қиладилар, кейин эса пул қутиларини олиб қочишади. Бундай ҳодисалар нафақат Австрия, балки қўшни Германияда ҳам кенг тарқалмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, Германияда 2022 йилда 442 та, 2023 йилда эса 367 та банкомат шундай услубда портлатилган. Бу рақамлар ортидан Германия Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йилда махсус ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, банкоматларга нисбатан портловчи моддалар қўллаш орқали амалга ошириладиган ўғирликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш режа қилинган.
Айни пайтда, Австрияда ушбу жиноят иши юзасидан умумий ҳисобда 33 нафар шахсга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда ва эҳтимол, яна қўшимча гумондорлар қўлга олиниши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Бундай таҳдидли ҳолатлар ортидан Европанинг бир қанча мамлакатларида банкомат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги технологиялар жорий этиш масаласи ҳам кун тартибига чиқди. Экспертлар бу каби жиноятларнинг олдини олиш учун давлатлараро ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлашмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!