21:40 / 02.01.2021
4 532

Авесто китобида руҳий саломатлик ҳақида нималар ёзилган?

Авесто китобида руҳий саломатлик ҳақида нималар ёзилган?
Профессор Зарифбой Ибодуллаев шогирдлари билан
Ушбу маълумотлар профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг «Тиббиёт психологияси» дарслигидан олинди ва zamin.uz да илк бор чоп этилмоқда.

Тиббиёт психологияси, том маънода олганда, бемор психологиясини ўрганувчи фандир. Қадимги давр адабиётига назар ташлайдиган бўлсак, тиббиёт, фалсафа ва психология фанлари чамбарчас боғланиб кетганлигининг гувоҳи бўламиз. Милоддан илгари яшаб ўтган деярли барча файласуфлар тиббиёт ва психологияга оид ўз фикрларини ёзиб қолдиришган, чунки улар руҳий кучлар манбаини инсон мияси билан боғлашган.

Қадимги Хоразм ҳудудида милоддан аввалги VI асрда битилган зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто»да тиббиёт ва психологияга оид муҳим маълумотлар келтирилган.

Хоразмда Авесто боғида ўрнатилган ёдгорлик
«Авесто» уч китобдан иборат бўлиб, унинг биринчи китобида («Вендидат») тиббиётга оид маълумотлар берилган. Бундан деярли 2400 йил олдин битилган ушбу китобдаги маълумотлар ҳозирги даврнинг ҳар қандай олимини ҳайратга солади. Унда жисмоний ва руҳий покланиш ҳақидаги қонунлар мажмуаси келтирилган. «Авесто» китобида биз кўриш, эшитиш, ҳид ва таъм билиш марказлари мияда жойлашган, деган фикрларни учратамиз. Китобда «Ҳаёт маркази» суяк илигида бўлади дейилади. Шунингдек, китобда одам анатомияси ва физиологиясига оид жуда қизиқарли маълумотлар келтирилган, инсон саломатлигини сақлаш йўллари ёритилган.

«Авесто»да нафақат руҳий тушкунлик, балки жисмоний зўриқиш ҳам касалликка олиб келиши айтилган. Касалликларни даволашда жарроҳлик ва руҳий тинчлантириш даволашнинг асосий усулларидан бири, деб таъкидланади. Китобда гигиена, профилактика, озода юриш, ёмон нарсаларга яқинлашмаслик, тоза ҳавода сайр қилиш, сифатли овқатлар тановул қилиш ва тоза ичимлик суви ичиш ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар берилади. Шунингдек, ёшлар жисмоний ва руҳий бақувват бўлиши учун тўйиб овқатланиши, етарли даражада овқатланмайдиган халқларда камқувватлик ҳолатлари кузатилишига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Кўриб турганингиздек, юртимизда Гиппократдан деярли 150 йил олдин тиббиёт ва руҳиятга оид илмий қарашлар жуда яхши ёритилган.

Антик давр психологияси
Мия ва руҳ орасидаги муносабатларга оид қарашлари билан машҳур бўлган тиббиёт фанининг отаси Гиппократ (Буқрот) (мил. авв. 460–377 йиллар) асарлари бугунги кунгача етиб келган. У одам анатомияси ва физиологиясини чуқур ўрганди, бош мия тузилиши билан қизиқди. Гиппократ одамлар хулқ-атворини касаллик кечишига боғлаб ўрганди ва темперамент ҳақида таълимот яратди. Гиппократ одам темпераментини 4 типга ажратди: 1) сангвиник – ҳаракатчан, хушчақчақ, иродали одам, уларнинг организмида қон устунлик қилади; 2) холерик – жаҳлдор, ҳиссиётга берилувчан одам, уларда жигар ўти устунлик қилади; 3) флегматик – вазмин одам, уларнинг организмида флегма (шиллиқ, хилт) устун туради; 4) меланхолик – иродасиз, тушкун кайфиятда ва танг аҳволда юрадиган одам. Уларнинг қонида меланоза (савдо, қора ўт) устунлик қилади.

Гиппократ фикрича, сангвиниклар касалликка кам чалинишади. Холерик ва меланхоликлар эса касалликка мойил кишилардир. Мутафаккир «касалликлар кечиши ва беморнинг соғайиб кетиши темпераментга алоқадор» деб ҳисоблаган. Бу таълимот кейинчалик барча олимларда қизиқиш уйғотди. Ҳозирги кунда етакчи психологлар ва врачлар беморларни даволашда уларнинг темпераментига алоҳида эътибор беришади.
Гиппократнинг тиббиётга оид баъзи кўрсатмаларини келтириб ўтамиз:
1) жисмоний меҳнат мушак ва аъзолар учун озиқдир;
2) фикрлаш киши руҳини тетиклаштиради;
3) беморга ёрдам беришни эплай олмасанг, унга зиён келтирма;
4) меъёрдан кўп овқатланиш киши саломатлигига зиён келтиради;
5) беморнинг руҳи тушмаган ва иштаҳаси сақланган бўлиши тузалиш учун яхши аломатдир;
6) одам танасида касаллик билан курашувчи куч бор, табибнинг вазифаси эса ўша кучни фаоллаштиришдан иборат;
7) беморга бериладиган дорилар ҳадеб ўзгартирилмаслиги керак, фақат заруратга қараб даволаш муолажаси ўзгартирилсин;
8) табиатда доимо икки қарама-қарши куч бўлади, қарама-қаршиликни қарама-қаршилик билан даволаш керак;
9) табиб юксак даражада ахлоқли, жонкуяр, озода ва хуш кўринишга эга бўлиши лозим;
10) табиб ўз билим ва маҳоратини доимо ошириб бориши ва беморлар ҳурматига сазовор бўлиши керак.
Ўз даврининг машҳур табиби ва файласуфи бўлган Гиппократ шарафли умр кечирди ва 83 ёшида вафот этди.

Платон (Афлотун) (мил. авв. 430–348 йй.) «Руҳ абадийдир, у танага боғлиқ эмас ва худо томонидан яратилган. Руҳ танадан олдин пайдо бўлган, одам ва ҳайвон руҳи бир-биридан фарқ қилади, одам руҳи олий ва паст табақага бўлинади. Олий руҳ абадийдир, у тафаккур кучига эга, бир танадан иккинчисига ўтади ва танага боғлиқ эмас. Паст табақали руҳ абадий эмас ва ҳайвонлар учун фақат паст табақали руҳ хос», деган.

Аристотел (Арасту) (мил. авв. 384–322 йиллар) мия, руҳ ва тана муносабатларига оид бир қанча фикрлар билдирган. Платоннинг шогирди. Аристотел жоннинг 3 хилини ажратган: ўсимлик, ҳайвон ва онгли жон. Ўсимлик жони деганда, у озиқланиш ва кўпайишни кўзда тутган бўлса, ҳайвон жони деганда ҳис қилиш, оғриқ сезиш, ҳимояланишни тушунган. Аристотел «Онгли жон фақат одам учун хос бўлиб, унда жоннинг уч тури ҳам мавжуд», дейди. Унинг фикрича, одам жоннинг уч турига эга бўлганлиги билан ҳам ўсимлик ва ҳайвонлардан фарқ қилади. Аристотел ўз асарларида «ҳис-туйғулар», «хотира», «сезги» каби тушунчалардан кенг фойдаланган.

Римлик мутафаккир Клавдий Гален (мил. авв. 129–201 йй.) руҳнинг физиологик механизмларини илмий тадқиқотларига асосланиб ўрганди. У ҳам руҳий фаолиятнинг бош мия билан боғлиқлиги ҳақидаги фикрни илгари сурди. Гален ҳиссиёт, хотира, сезги ва диққат одам онги, руҳи томонидан идора қилинади, деб таъкидлайди. У ҳайвонларда мияга борувчи сезги толаларини кесиб кўриб, уларнинг ҳаракатини текширди. Шу мақсадда доривор моддаларни ҳам ишлатди. Шунингдек, Гален жинсий алоқанинг асаб системасига ижобий таъсирини ўрганди. У турмушга чиқмаган ёки бева аёлларда истерик белгилар пайдо бўлишини ёзиб қолдирган. Гален биринчилардан бўлиб хулқ-атворнинг туғма ва орттирилган шакллари, ихтиёрий ва ихтиёрсиз ҳаракатлар тўғрисидаги ҳамда темпераментга оид фикрларни илгари сурди.

IХ аср бошларида Шарқда, яъни Бағдод, Бухоро ва Хоразмда бошқа табиий фанлар қатори тиббиёт ҳам жадал ривожланади. Бағдоддаги тиббиёт даргоҳларида беморларни даволашда руҳий таъсир қилиш усуллари кенг қўлланилган. Бемор билан тиббиёт ходими ўртасидаги муносабатлар, психологик усуллар, турли касалликларнинг келиб чиқишида руҳий омилларнинг аҳамияти, уларни олдини олиш каби билимлар ривожлана бошлади. Бу даврда тиббиёт психологияси пойдевори яратилиши бошланди, десак муболаға килмаган бўламиз. Бағдоддаги тиббиёт муассасалари бутун дунёда тан олиниб, Европада ҳам катта шуҳрат қозонди.

Давоми бор...

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Авесто китобида руҳий саломатлик ҳақида нималар ёзилган?