Украинада миллий хавфсизлик ва ҳарбий соҳада давлат маблағларининг самарали ишлатилиши яна бир бор жамоатчилик эътиборида бўлди. Оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, Украина миллий антикоррупция бюроси (НАБУ) ва Махсус антикоррупция прокуратураси (САП) томонидан армия учун дрон ҳамда электрон уруш ускуналарини харид қилиш жараёнида йирик коррупция схемаси фош этилди.
Текширув натижасида аниқланишича, давлат харидларида нархлар сунъий равишда оширилган ва шартнома умумий қийматининг 30 фоизигача бўлган қисми тўлов шаклида схема иштирокчиларига қайтарилган. Бу ҳолат мамлакат мудофаа тизимидаги айрим масъул шахслар манфаатдорлиги туфайли йирик молиявий йўқотишларга олиб келган.
Расмий маълумотларга кўра, мазкур иш юзасидан тўрт нафар гумонланувчи қўлга олинган. Улар орасида амалдаги халқ депутати, шунингдек, туман ва шаҳар ҳарбий бошқармалари раҳбарлари, Миллий гвардиянинг айрим офицерлари ҳам борлиги таъкидланди.
Президент Владимир Зеленский бу масала бўйича аввалроқ расмий баёнот бериб, коррупцияга қарши қатъий курашиш давлатнинг устувор вазифаларидан бири эканини яна бир бор эслатган эди. Ҳозирда тергов жараёни давом этмоқда ва айбдорларнинг қилмиши тўлиқ юридик баҳо олиши кутилмоқда.
Экспертлар фикрича, бундай ҳолатлар нафақат миллий хавфсизликка, балки армиянинг замонавий ускуналар билан таъминланишига жиддий таъсир кўрсатади. Жамоатчилик эса ушбу ишга қатъий муносабат билдириб, коррупцияга қарши ислоҳотларни янада кучайтириш талабини ўртага қўймоқда.
Ҳозирги шароитда давлат харидлари ва армия эҳтиёжлари атрофида шаффофлик ва адолатни таъминлаш, жавобгарликни кучайтириш орқали миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!