Охирги ойларда жамоатчилик муҳокамасининг марказида турган Sea Breeze лойиҳаси юзасидан Ҳукумат томонидан махсус қарор қабул қилиниши кутилмоқда, деб хабар берди экологик соҳа вакиллари. Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилишича, лойиҳа бўйича фаоллар билдирган эътироз ва таклифлар алоҳида ўрганиб чиқилган ва компания олдига қатор масъулиятли шартлар қўйилган.
Айниқса, Тошкент шаҳрининг асосий ичимлик суви манбаи ҳисобланувчи Чорвоқ сув омбори атрофида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар бўйича экологик хавотирлар етарлича муҳокама қилинган эди. Бу масалада қўйилган муҳим талаблардан бири – Чорвоқ ёки Чирчиқ дарёсига сув чиқарилмаслиги шарт. Инвестор барча эҳтиёжлар учун сувни қайта ишлаш ва тўлиқ ўзи фойдаланиш тизимини яратиши керак бўлади. Бунда барча харажатлар фақат компания ҳисобига амалга оширилади.
Расмийлар таъкидлашича, қабул қилинадиган Ҳукумат қарорида сувнинг бир томчиси ҳам Чорвоққа туширилса, лойиҳа фаолияти дарҳол тўхтатилиши ва инвестиция шартномаси бекор қилиниши қатъий белгилаб қўйилади. Яъни, сув хавфсизлиги ва экологик барқарорлик устувор вазифа сифатида қаралади.
Бош прокуратура эса курорт ҳудудида барча шаҳарсозлик ва экологик талаблар ижросини қатъий назорат қилади. Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура лойиҳа ечимларидан то фойдаланишга топширишгача бўлган барча босқичларда ошкоралик ва қонунийликни тўлиқ таъминлашга масъул ҳисобланади.
Янги қарор лойиҳанинг ҳар бир босқичида жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва барча жараёнларнинг шаффофлигини кафолатлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Жамоатчилик энди бу жараён қандай давом этишини диққат билан кузатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!