20:50 / 09.01.2021
3 408

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд –ҳуқуқ соҳасида қандай устувор йўналишлар белгиланди?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд –ҳуқуқ соҳасида қандай устувор йўналишлар белгиланди?
Президент томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада, 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йил тўлиши, бу тарихий санани “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қилиш, мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсад қўйилгани, ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш мақсадда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Кейинги йилга ном бериш анъанаси давом эттирилиб, бошланган ишларни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида кириб келаётган 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилди.

Мурожаатномада 2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида белгиланган тиббиёт соҳасида ҳам устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди, жумладан келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифалардан бири бўлиши, бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилиши, ўрта бўғин тиббиёт ходимлари – ҳамшира ва фельдшерларнинг обрўси ва мавқеини оширишга алоҳида урғу берилиб, ўрта бўғин тиббиёт ходимларига “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш учун рухсат берилиши таъкидланди.

Шунингдек, Президент Ш.Мирзиёев томонидан, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиздан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш ва Кенгашга бу борада катта тажрибага эга бўлган Сенат Раиси Т.Норбоева раҳбарлик қилиши таклиф этилди.

Мурожаатномада, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилиши лозим, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилгани билдирилиб, “Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир” дея таъриф берилди, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллаши билдирилди.

2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозимлиги, вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилиб келингани сабабли, 2021 йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиши, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилиниши таъкидланди.

Бундан ташқари 2021 йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилиши, бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратишда муҳим омил бўлиши айтиб ўтилди.

Янги қабул қилиниши режалаштирилган қонун асосида, кириб келган йилдан бошлаб, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилиши, бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилиши назарда тутилаётгани эътироф этилди.

Президент томонидан йўлланган Мурожаатномада, яна бир муҳим янгиликлардан бири, инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилиши, инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин бўлиши таъкидланди.

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилиши, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкинлиги билдирилди.
2021 йилда қонунга киритилаётган ўзгартиришга асосан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинади.

Назорат тартибида кўриб чиқиш институтининг тугатилиши ва кассация тартибида иш юритиш учинчи инстанция суди сифатида белгиланиши натижасида суд қарорларнининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлилиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига эришилади.

Президентимиз айтганидек, “Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Олдинга, фақат олдинга қараб борамиз. Ва биз бунга ҳар томонлама қодирмиз. Чунки бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам – кечаги Ўзбекистон эмас”.

Жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор туман судининг раиси
А.Н.Ибодов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд –ҳуқуқ соҳасида қандай устувор йўналишлар белгиланди?