09:54 / 02.04.2021
1 446

Президент йиғилишда учта саволни ўртага қўйди

Президент йиғилишда учта саволни ўртага қўйди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, 2020 йил 12 ноябрда давлатимиз раҳбарининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш тўғрисида фармони, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлаш бўйича қарори қабул қилинган эди. Уларга мувофиқ, касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ва даволаш услубларини ўзгартириб, бу борада янгича тизим ташкил этила бошлаганди.

Йиғилишда ушбу вазифалар ижроси ҳақида сўз борар экан, Президент учта саволни ўртага қўйди:

биринчи – жорий этилган янги тизим бўйича тиббий харита шакллантирилгани, аҳолининг хавф гуруҳларига бўлингани нимани кўрсатди?

иккинчи – маҳаллалар кесимида тиббиёт бригадалари шакллантирилиб, аҳоли билан манзилли ишлай бошлаганидан қанча одам рози бўлди?

учинчи – тиббиёт муассасаларида қайси хизматлар бепул бўлди?

Ҳозирги аҳвол талабга жавоб бермаётгани, соҳадаги ўзгаришларни аҳоли тезроқ сезиши кераклиги таъкидланди. Ислоҳотларни жадаллаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга Бош вазир ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарларидан масъуллар бириктирилди.

Президентнинг 12 ноябрдаги яна бир қарорига кўра, Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов ўтказилди. Йиғилишда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва Гулистон шаҳар ҳокими мазкур янги тизим натижалари ҳақида ҳисобот берди.

Айтиб ўтилганидек, Сирдарё вилоятининг 236 та маҳалласини тўлиқ қамраб олиш учун 421 та тиббиёт бригадаси ташкил этилган. Аҳолининг саломатлик ҳолати хатловдан ўтказилиб, улар 4 та хавф гуруҳига ажратилган ва вилоятнинг «электрон тиббий харитаси» яратилган.

Мисол учун, Боёвут туманида 31 минг аҳоли ўзини соғлом деб билса-да, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, зарарли одатлар туфайли уларда юрак-қон томир, диабет, ўпка касалликларига чалиниш эҳтимоли юқори экани аниқланган. Шунингдек, илгари шифокорга мурожаат қилмаган 257 нафар фуқарода касалликлар оғир босқичда экани маълум бўлган.

Давлатимиз раҳбари бу тажрибани тизимли давом эттириб, барча ҳудудларда жорий этиш бўйича кўрсатма берди. Бунинг учун қишлоқ ва маҳаллаларда тиббиёт бригадалари ташкил этилиб, аҳолини манзилли кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишлари олиб борилади, ҳудудларнинг «тиббий хариталари» шакллантирилади.

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг вертикал иш тизимини такомиллаштириб, уларни оилавий шифокор пунктлари билан боғлаш зарурлиги таъкидланди. Яъни, беморларни овора қилиб пойтахтга юбормасдан, уларга яшаш жойида малакали тиббий ёрдам олиш имкониятини яратиш керак.

Ўтган йили ихтисослаштирилган марказларда даволанишга муҳтож 84 минг нафар бемордан атиги 51 минг нафари бепул ордер билан таъминланган.

Президент ордерлар учун маблағни деярли 1,5 бараварга кўпайтириб, қўшимча 80 миллиард сўм ажратиш бўйича Молия вазирлигига кўрсатма берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга, йил якунига қадар ҳар бир беморни соғломлаштириш манзили ва муддатларини белгилаб, даволашни ташкил этиш бўйича вазифа қўйилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ўз йўналиши бўйича ҳудудлардаги 3 мингдан зиёд оилавий шифокорни қисқа муддатли курсларда ўқитадиган бўлди.

Яна бир масала – бугунги кунда донор беморнинг яқин қариндоши бўлмаса, трансплантацияга рухсат берилмаган. Оқибатда, кўпчилик фуқароларимиз бундай амалиётни чет элда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Шу боис инсон аъзолари трансплантациясининг қонуний асосларини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш мақсадида мамлакатимизда хусусий тиббиёт ташкилотлари учун барча ҳуқуқий асослар, имкониятлар яратилган. Лекин ҳудудларда касалликларнинг турига қараб, хусусий шифо масканларини ташкил этиш ишлари етарли даражада эмаслиги қайд этилди.

Мисол учун, аҳоли орасида эҳтиёж юқори бўлган гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича хусусий клиникалар етишмайди.

Мутасаддиларга давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни кўпайтириш, 170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларини компьютер томографлари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш бўйича ходимлар малакасини ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Соҳадаги коррупция иллатига ҳам тўхталиб ўтилди. Ўтган йили тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани айтилди. Шунинг учун, таъсирчан назорат тизимини ўрнатиб, ажратилаётган маблағлар жойига етиб бориши, дори-дармон ва тиббиёт ускуналарининг очиқ-ошкора сотиб олиниши, пуллик хизматлардан тушумлар мақсадли ишлатилишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, бу борада чекка ҳудудларда эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб, «Қишлоқ шифокори» дастури қабул қилинган эди. Бундай жойларда ишламоқчи бўлган шифокорларга 30 миллион сўм пул берилиши белгиланиб, бу мақсадлар учун бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилган. Лекин, орадан 4 ой вақт ўтган бўлса-да, бирорта талабгор билан шартнома имзоланмаган. Ваҳоланки, бугунги кунда олис ва чекка ҳудудлар учун 220 та шифокор зарур. Бундан ташқари, ҳудудларда 10 минг нафар тор мутахассис етишмайди.

Шу боис келгуси ўқув йилидан клиник ординатуранинг қабул квотаси икки бараварга оширилиши белгиланди. Ушбу янги тизимда ординаторлар ўқув жараёнининг ярмини олийгоҳ ва ихтисослашган марказларда, қолган ярмини эса иш жойида давом эттиради. Вилоят ҳокимлари ўз ҳудуди учун зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун маҳаллий бюджетдан грант ажратади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Президент йиғилишда учта саволни ўртага қўйди