date

Абдуқодир Ҳусановга Европанинг гранд клублари қизиқмоқда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Европа футболида тобора катта эътибор марказига айланиб бормоқда. Энди эса унинг ўйинини нафақат мухлислар, балки футбол афсоналари ҳам юқори баҳоламоқда.

“Манчестер Сити” ва Шотландия терма жамоасининг собиқ марказий ҳимоячиси Колин Хендри ўзбекистонлик футболчи ҳақида жуда илиқ фикр билдирди. Таҗрибали эксперт Ҳусановни “алоҳида иқтидор” деб атаб, у яқин келажакда Европанинг энг йирик клублари учун асосий трансфер нишонларидан бирига айланишини таъкидлади.

Хендрининг фикрича, 22 ёшли ҳимоячининг “Манчестер Сити”даги жадал ривожланиши аллақачон Мадриднинг “Реал” клуби диққатини тортган.

Жорий мавсум Абдуқодир Ҳусанов учун ҳақиқий бурилиш йилига айланди. У 2025 йил январ ойида Франциянинг “Ланс” клубидан Англияга кўчиб ўтганидан кейин қисқа вақт ичида Пеп Гвардиола жамоасининг муҳим фигураларидан бирига айланишга муваффақ бўлди.

Айниқса, Натан Аке ва Жон Стоунз каби ҳимоячиларнинг жароҳатлари пайтида Ҳусанов жамоадаги бўшлиқни муносиб тўлдириб, асосий таркибдаги ўрнини мустаҳкамлаб олди.

Мутахассислар унинг ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари, вазиятни тез ўқий олиши, кучли жисмоний тайёргарлиги ва совуққонлигига юқори баҳо бермоқда.

Колин Хендри ҳам айнан шу жиҳатларга алоҳида тўхталди.

“Биламан, Абдуқодир “Челси”га қарши дебют ўйинида хатога йўл қўйган эди. Лекин шундан кейин уни ҳар сафар кузатганимда, у ўзининг жуда юқори даражадаги сифатларини намоён қилди.

Балким, аввалги йилларда “Манчестер Сити” ҳимояси кучлироқ бўлгандир, аммо Ҳусанов ҳали яна ўсиши мумкин бўлган футболчи. Уни кўплаб клублар сотиб олишни хоҳлайди. Бироқ “Сити”дан ўйинчини олиб кетиш осон эмас.

“Реал Мадрид”, “Барселона” ва “Бавария” каби клублар ҳам унга қизиқиш билдирмоқда. Чунки у ҳақиқатан ҳам алоҳида иқтидор эгаси”, — деди Хендри City Xtra нашрига берган интервьюсида.

Шу билан бирга, “Манчестер Сити” раҳбарияти ҳам ўзбекистонлик ҳимоячини клубнинг келажакдаги муҳим лойиҳаси сифатида кўрмоқда.

Айни вақтда Ҳусановнинг шартномаси 2029 йилгача амал қилади. Клуб раҳбарлари, жумладан спорт директори Угу Виана уни сотилмайдиган муҳим футболчилардан бири деб ҳисоблаётгани айтилмоқда.

Ҳатто сўнгги маълумотларга кўра, клуб Ҳусановнинг тез ўсишини инобатга олган ҳолда унинг шартнома шартларини яхшилаш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.

Жорий мавсумда Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида Англия Премьер-лигаси ва бошқа мусобақаларда барқарор ўйин намойиш қилди. Унинг ишончли ҳаракатлари жамоага чемпионлик учун курашда муҳим ёрдам бермоқда.

Мутахассислар фикрича, агар ўзбекистонлик ҳимоячи шу суръатда ривожланишда давом этса, яқин йилларда у нафақат Англия, балки бутун Европа футболидаги энг кучли ҳимоячилардан бирига айланиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусановга Европанинг гранд клублари қизиқмоқда