13:00 / 03.07.2021
3 611

«Хориж учун фарзанд туғаётгандекман...»

«Хориж учун фарзанд туғаётгандекман...»

Хорижга малака ошириш учун борган танишим айтиб берганди. Кафелардан бирида ишлайдиган официант бош ошпаз билан бир хил маош оларкан. Сабаби кафега кўпчилик мана шу официант хизмат кўрсатгани учун келаркан. Ўзига хос усулда хизмат кўрсатса керакда, балки қўшиқ айтиб берар, балки ширинсухандир... Кафе эгаси бу ишчи туфайли фойда олаётгани боис уни қўйворгиси келмас экан.

Энди бу ҳолатни ўзимизда тасаввур қилиб кўрсакчи? Аввало, ошпаз «нега менинг ойлигим официантники билан тенг бўлиши керак», деб хафа бўлади. Кейин бошқа ишчилар «нега энди уни ойлиги бизникидан яхши бўлиши керак», деб норозилик билдиради. Норозиликларини очиқчасига айтмаса-да турли интригаларни ўйлаб топади. Ҳаттоки чигал вазиятни «бўйнига қўйишдан» ҳам тап тортишмайди. Жуда бўлмаса, официантни хушомадгўйга чиқаради, совға бериб яхши кўринган дейишади, агар бошлиқ эркак бўлиб официант аёл бўлса, «ўйнаши» деб гап чиқаришади. Қарабсизки, охир-оқибат яхши ишчи ҳафсаласи пир бўлиб ишдан кетади...

Тўхтанг-ей, умуман бошқалардан ажралиб турадиган талантга, иқтидорга қачон кўргансиз ортиқча рағбат кўрсатилганини, қўллаб-қувватланганини? Унинг корхонага ёки ташкилотга фойда келтириши нафақат бошлиқ, балки ўша ердан оиласини боқаётган сафдошлари учун ҳам қизиқмас. Умуман, бизнинг жамиятда ўзгалардан ажраб турадиган меҳнаткаш ходим бўшаса, бирон одамнинг бир туки қилт этмайди. Яъни яхши ходим кўпинча қадрсиз...

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бундан уч йил олдин Facebookдаги саҳифасида «Давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этиш ва уларнинг чет элга кетиб қолиши олдини олиш учун нима қилиш керак?» деган масалани кўтарганди.

Ўшанда «Умид» фонди бўйича интервью беришни сўрашган эди, интервью сабабли ушбу Фонд орқали чет элда ўқиб қайтган умидчилар билан ишлашда йўл қўйилган хатоларни бугун яна эслашга тўғри келди.

Нега «умид»чилар давлат ишига кирганидан кейин, кўпчилигининг ҳафсаласи пир бўлиб, бу ишни ташлаб кетганига Шерматов қуйидагиларни сабаб қилиб кўрсатганди.
  1. «Умид»чилар ўқишни битириб келгач, аксарият ҳолларда улар мутахассислиги ва хоҳишига қараб эмас, балки комиссиянинг қарорига қараб иш жойларига тақсимланган. Масалан, Фонд бозорида деривативларни бошқаришни ўқиб келган мутахассис вилоят ҳокимиятига жўнатилган. Деривативлар эса ҳатто ҳозирги кунгача Тошкентдаги Фонд биржасида ҳам жорий этилмаганлигини инобатга олсак, бу тақсимлашнинг қанчалик хато эканини тушунса бўлади.
  2. «Умид»чи борган ишхонасида ойлик маош пастлиги, шароит йўқлиги эса оилани ҳалол боқиш учун бошқа ишларни излашга ундаган. Қолаверса, уни мутахассис сифатида қабул қилмасдан, балки ўзига хавф сифатида кўрадиган раҳбарларга дуч келгани эса, энг катта салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Бундай ҳолатда унинг раҳбари имкони борича бу мутахассисга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, уни бошқа ходимлар орасида камситиб, топшириқларнинг муддатида бажарилишига тўғри йўл кўрсатмасдан айбдор қилиш даражасигача борган.
Шерматовнинг фикрига кўра, ҳозирги кунда давлат ишида фаолият юритиб келаётган ва юқори лавозимларга кўтарилган «умид»чиларнинг аксариятининг омади айнан у ишлаётган жойида уни мутахассис сифатида қадрлайдиган раҳбарга учрагани туфайлидир.

Бу ерда яна бир муҳим омилни эътиборга олиш керак бўлади. Аввалги «умид»чилар янги битириб келган, чет давлатда бор-йўғи ўқиши давомида яшаган ёшлар бўлса, бугун биз чет давлатлардан қайтишини истаётган юртдошларимиз бугунга келиб, чет давлатда нуфузли ташкилотларда ўз ўрнига эга бўлган, узоқ йиллар мобайнида яхши шарт-шароитларда яшаб, ишлаб ва яна катта даромад топаётган тайёр кадрлардир. Табиийки, уларга нисбатан муомала ва эътибор ҳам у ишлаб келган давлатникига сал бўлса-да мосроқ бўлиши керак. Жумладан, малакали мутахассисларни лавозимга тайинлаётганда унинг қобилияти ва тажрибасидан келиб чиқиб иш тутиш ва унга тегишли шароит яратиш керак.

Ишхонадаги раҳбарларининг ахлоқий тўғрилиги ҳамда қанчалик бу мутахассис ушбу раҳбар остида яратилган муҳитга мос келишини олдиндан таҳлил қилиш. Аҳлоқсиз, эскича фикрлайдиган раҳбарнинг қўл остига замонавий дунёқарашга эга мутахассисни тайинлаб қўйса, аксарият ҳолатда у бундай деградацияни истамаса ишини ташлаб кетишга мажбур бўлади.

Лавозимга тайинланганидан кейин ҳам уларнинг ушбу муҳитга қандай мослашаётгани, уларнинг таклифлари қанчалик ҳаётга жорий этилаётганини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш. Агарда ушбу идорада унинг раҳбари қўл остидаги янги мутахассисларга «қўлингдан ҳеч нарса келмайди, чет элда ўқиди ёки ишлади дегани ақлли дегани эмас», «я началник, ты дурак» қабилида ўзини тутадиган бўлса, ундай раҳбарга тегишли чоралар кўриш ёки дарҳол чет элдан келган мутахассисни ундай носоғлом муҳитдан ажратиб, жамиятга каттароқ фойдаси тегадиган жойга ўтказиш зарур бўлади.

Акс ҳолда, Президентимиз ташаббуси билан қандай машаққатлар билан хориждан таклиф қилинган ҳамюртларимиз Ўзбекистонга келганидан пушаймон бўлиб яна чет элга қайтиб кетадиган бўлса, ушбу сиёсатнинг имижига жуда салбий таъсир қилиши турган гап.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан тузилган «Умид» жамғармасидан ҳам умидлар катта эди, лекин жойлардаги ижрочи «раҳбарча»ларнинг масъулиятсизлиги ва баъзи ҳолатларда ҳақиқий зараркунандалиги туфайли, шунча сармоялар эвазига шаклланган тайёр юқори малакали кадрлар давлат хизматини ташлаб кетишларига сабаб бўлган», — деб ёзган Шерзод Шерматов.

Вазирнинг фикрича, ҳозирги шиддат билан ривожланаётган даврда, давлат ва жамият бошқарувида инновацияларни жорий этиш учун энг асосий омил айнан юқори малакали кадрларни жалб этиш. Ўзини ҳурмат қилган юқори малакали кадр эса ўз қадрини билгани туфайли тушунмайдиган раҳбар билан узоқ муддат бирга ишлай олмайди. Натижада ушбу кадрни тайёрлаш (ёки қайтариш) учун сарфланган қанчадан-қанча сармоя бекорга сарф бўлган бўлади.

«Нима, чет элда ўқиган бўлса шохи борми, нега уларга алоҳида эътибор қаратиш керак экан?» — дейилиши ҳам мумкин. Лекин ҳозирги глобаллашув даврида чет эл дипломига ва иш тажрибасига эга одам исталган давлатда юқори маошли яхши лавозимларда ишлаш имкониятига эга ва шунинг учун ундай мутахассисга алоҳида эътибор қаратишга мажбурмиз. Етарли малакасиз ҳамда фақат «хўп бўлади, хўжайин» ёки «икки карра икки – сиз айтган сон бўлади» деб, ўзининг фикрига эга бўлмаган «мутахассис»лар билан мамлакатимиз ривожи бўйича қўйилаётган юқори марраларга эришишнинг имкони йўқ», — дея қўшимча қилган Шерзод Шерматов.

Дарҳақиқат, раҳбарларнинг ўзидан кучли мутахассисга «тоби» бўлмаслиги азал-азалдан аён нарса. Яъни «балиқ бошидан сасийди», деганидек малакали мутахассиснинг ишхонада ўз ўрнини тополмаслиги, ҳаммаслаклари олдида тажрибали бўлгани учун ҳам ёқмаслиги, ўзини ёлғиз сезиши том маънода раҳбарнинг ҳатти-ҳаракатига ҳам боғлиқ. Яъни раҳбардан тортиб оддий ходимгача талантли ходимни сиғиштирмаслик бу бизнинг фожиамиз аслида.

Яқинда бир вазирликдан хорижда магистратурани битирган иқтисодчи йигит бўшаб кетди. Рус тилини, инглиз тилини яхши билади, иқтисодчи. Унга вазирликнинг халқаро алоқалар, инвестиция киритиш бўлимини топширишибди.

У биринчи кундан ўз бўлимидаги ходимнинг ишидан қониқмай бошқатдан ҳужжатларни қилишини айтибди. Шунда бу ердан аввалдан ишлаб келаётган яна бир ходим «сен кимсан қаттан кеп қолдинг», дея ургудай ўдағайлаган. Танишимнинг, табиийки, биринчи кунданоқ ҳафсаласи пир бўлган. Келишмовчилик ўша ходимнинг бошқа бўлимга ўтказилиши билан якун топган.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас, чет элликлар билан алоқани йўлга қўяман, инвестиция киргизиш ишларида фаол бўламан, чет тилида гаплашиб тилни янада мукаммал ўрганаман, иқтисод бўйича билимларимни, барча кучимни сарф қиламан деб чучварани хом санаган экан. На халқаро алоқалар ривожланибди, на инвестиция кирибди, яъни ходимнинг асосий бажариши керак бўлган вазифалари бир четда қолиб қаердаги қоғозбозлик билан шуғулланиб бир йилча умри ўтибди.

Ойлик 10 млнмиш, ўша вазирликдаги ходимлар мазза қилиб, норози бўлмай ишлаётганмиш. Аммо танишим борган сари тилни унутиб қўяётгани, иқтисодий билимлари ўсиш ўрнига ўрганганларининг бори эсидан чиқиб кетаётгани боис ишдан бўшаб яна хорижга кетиш тадоригида юрибди.

Бизда кўпинча хорижда ишлаб келган одам учун иш йўқ, ойлик кам дейишади. Аслида иш ҳам бор, ойлик ҳам қилиб бериш мумкин. Аммо муҳит ўнгланмас экан, ҳақиқий касбини севадиган, янгилик қиламан, деган малакали мутахассисга ҳеч қандай шарт-шароит татимайди.

Қачонки атрофдаги бошлиқдан тортиб оддий ишчилар хориждан келган тажрибали мутахассисни қучоқ очиб кутиб олмас экан, Ўзбекистон ҳеч қачон ривожланмайди. Чунки бизда ўн нафар ишчидан тўққиз нафари ўртамиёна ходим бўлади. Ўша ўртамиёналар биргина иқтидорли ишчини чиқиштирмайди, яъни янгилик билан келган ишчи «ухлаб ётган» ходимларни уйғотиши ёқмайди.

Қачон ривожланамиз, қачон ўн нафар ишчининг тўққиз нафари меҳнаткаш бўлиб биргинаси лаёқатсиз бўлса. Чунки кўпчиликни орасида битта эпсиз ходим ўз-ўзидан йўқолиб кетади ёки у ҳам бошқалар каби ишлашга қаттиқ киришади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлар ва талабалар форумида мамлакатимиз ёшларини Ёшлар куни билан табриклаш асносида таъкидлаганидек, «Иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – «Келажак лидерлари»ни шакллантирамиз. Шу билан бирга, кўплаб иқтидорли ўғил-қизларимиз хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқимоқда, илм-фан билан шуғулланмоқда, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бормоқда. Биз ана шундай юксак билим ва малакага эга ёшларимизни Ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиб берамиз. Уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгилаш, уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизимни жорий этамиз.

Ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.бунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайдилар. Жорий йилдан бошлаб бундай иқтидорли ёшларимиз «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди. Шунингдек, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни туггатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади», деб қатъий таъкидладилар.

Бу орзу-режаларнинг барчаси яхши. Аммо одамларнинг дунёқараши ўзгармагунча, менинг юртим ривожланиши учун ҳам, менинг корхонам ўсиши учун ҳам шу кадрни қўллаб-қувватлашим керак, деб ҳар бир ходим, ишчи янги келган иқтидорни қўллаб-қувватламаса юқорида айтганимиздек барчаси бекор.

Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида «Мен хорижга кетаман, ишхонам мени сиғиштирмади, менинг лойиҳамни қўллаб-қувватламади, бу ерда ўсмайдиганга ўхшайман», деган постга кўпчилик «кетинг, қадрингизга етадиган жойга кетинг» деб маслаҳат беришибди.
Мени эса ёзилган изоҳларнинг ичида энг таъсирлантиргани мана бу сўзлар бўлди: «Худди хориж учун фарзанд туғаётгандекман».

Ҳа, ўша «кетинг» деётганлар ҳам ўзимиз, хорижга фарзандларини катта умидлар билан кузатаётган ҳам ўзимиз, мени ёки фарзандимни ўстирмади, синдирди деётган ҳам ўзимиз, малакали мутахассис келса уни сиғдирмай, турли йўллар билан ҳафсаласини пир қилаётган ҳам сизу бизмиз.

Барно Султонова
Манба: Xabar.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Хориж учун фарзанд туғаётгандекман...»