12:59 / 29.08.2017
7 785

Пул топишнинг энг осон йўли - шу

Пул топишнинг энг осон йўли - шу
Кўпчиликнинг оғзидан "пулга бахтни сотиб ололмайсан" қабилидаги гапни эшитиб қоламан. Эмишки, соғлиқ, таълим ва турмушнинг "муштлари" олдида пул аҳамиятсиз қоғоз бўлиб қолверади. Аслида-чи? Агар барча айтилган гапларни унутиб, қўлимизда бор маблағга кема қура олсак, бахт сари сузиб кетишимиз тайин. Агар ҳаётда нимага интилиб яшамоқчисан, деб сўралса, энг умумий жавоб, балки, бахтли бўлиш учун яшамоқдаман, бўлса керак. Бахтли бўлишнинг бир талаби ё кўриниши борми?

Кимдир Парижнинг машҳур Клозери де Лила ресторанида таом тановул қилганидан хурсанд бўлса, бошқа кимса севимли футбол жамоасининг ғалабасини экран қаршисида нишонлаб, бахтни ҳис этади. Айримлар пул топганда ҳам уни бахтли бўлиш ва яхши кайфиятда юриш учун сарфлайди. Оддий мисол, паловни уйда еса бўлади. Лекин ресторанда ўтириб тановул қилсангиз, сизга алоҳида хизмат кўрсатилса, қолаверса, идишларни ҳам бошқаси йиғиштириб, ювса, негадир ўзингизни эркин ва хушчақчақ ҳис этасиз. Бошқача қилиб айтганда, тиббий хизматнинг сифатли ва ўз вақтида кўрсатилиши, барчаси маблағ масаласига бориб тақалади. Ана шунда ўйланиб қоламан, пулга бахтни, умрни сотиб ололмасмиз, лекин унингсиз ҳаёт бир маромда давом этмайди-ку!

Демак, фаровон ҳаётни етказиб берувчи омиллар ичида энг биринчи бўлиб, пул яққол кўзга ташланмоқда. Тўғри-да, пулинг бўлса, чангалда шўрва! Ўша ақча қаёқдан келади?! Лаббай? Ишлаш керак дейсизми?! Асло, агар сиз ҳали ҳам ишлаган тишлайди, деб ишонсангиз, кўп иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирган экансиз. Боиси, ҳеч ким ҳозир кўчани дабдурустдан супуриб, тозаласангиз пул бериб кетмайди. Ахир ишладингиз, лекин маошдан дарак йўқ-ку?

Аслида, сизнинг ичингиздан ўтгани бу, вақтни сотиб пул топамиз, деган фикр эди. Атрофга боқинг! Барча ўз вақтини сотиб, даромад қилмоқда. Иқтисодчи, новвой, сартарош, учувчи ва сиз ҳам, шу жумладан. Тушунишингиз учун энг оддий мисол бу – ўқитувчи. У ўз вақтини сотиб, маош олади. Маош тайинланишида ҳам мантиқий ечим бор: ойлик вақтга эътибор қаратади. Новвой эса сиз уйғонмаган маҳал хамир қориб, тандир қиздирган эди. Қайсидир маънода у ҳам кундалик вақтининг бир қисмини (албатта, деҳқон ва тадбиркор вақти сарфланган буғдой уни билан бирга) сизга сотади.

Ишнинг сифатичи? Маҳсулдорлик қаёқда қолади? Табиий савол туғилади, нега ҳаммада бир хил, Яратган эгам тақдим этган 24 соат бўлиб, ҳар ким турлича даромад топади. Масалан, ўқитувчи молиячидан кам маош олиши мумкин. Ўз навбатида, бошқа ўқитувчи яна бир ҳамкасбидан ҳам кам пул топади. Сабаби, улар камроқ вақт сотаётгани эмас, балки у кун қорайгунча тер тўкиб ишлар?! Асл сабаб вақтга эгалик қилган одам нималарни билишидадир. Баъзан маҳоратли сартарош катта корхона бошлиғидан ҳам кўп даромад қилади, чунки у соч олишнинг барча сир-асрорларини билади. Хўш, қандай қилиб вақтни қимматга сотиш мумкин?

Сўнгги нуқтага етиб келдик. Қайси соҳа вакили бўлишингиздан қатъи назар, сиз вақтингиз қиммат бўлишини хоҳласангиз, бошқалар кам билган билимга интилиш лозим. Ҳар бир касбда уни маҳорат билан эгаллаганлар бахтли яшаши учун етарли бўлган даромадни топади. Кам билувчининг вақтига ҳам кам харидор бўлиши тайин. Компьютер дастурларини яратган Билл Гейтс дунёнинг биринчи рақамли миллиардери ҳисобланади, аммо сиз энди худди шу дастурни яратиб миллиардерга айлана олмайсиз. Қисқа қилиб айтганда, замондан бир қадам илгари бўлинг, билим олинг. Бунинг учун, албатта олий таълим кўришингиз сўралмайди, у ҳар жойда мавжуд. Китобда, суҳбатда, меҳнатда, ҳаётда ва ҳар маконда. Муҳимми, қунт билан ўзлаштиринг.

Бахтли ҳаётни қурмоқчи бўлган азиз ўқувчи, билим олишга интилинг, пул эса бир восита. Барчамизга ана шу бахтли ҳаётимиз учун аслида пул эмас, билим зарурлигини англайлик.

Алишер Рўзиохунов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Пул топишнинг энг осон йўли - шу