Нега ўзбек қизлари чет-элликка турмушга чиқишга орзуманд? Айб йигитлардами, пулдами ёки...

  • Ҳаёт тарзи
  • 15-12-2017, 22:57
  • 1 993
  • Нега ўзбек қизлари чет-элликка турмушга чиқишга орзуманд? Айб йигитлардами, пулдами ёки...
    Замонавий қулчилик
    Қулчилик даври тарихда қолган, деб ўйласангиз янглишасиз. Қулчилик ҳали Ўзбекистонда бор. Аниқроқ айтсак маҳаллаларда, хонадонларда қайнона-келинли ховлиларда қулчиликни олий бир кўриниши сақланиб қолган. Аввал қулни сотиб олишган бўлса, бизда қулнинг ёнига мебель, сарпо, камида 5 йиллик кийим кечак қўшиб берадилар. Яна қулнинг бўлажак эри-ю, янги қариндошлари ҳам саруподан бебахра қолмайди. Қулчиликннинг даражаси турли оилаларда турлича. Фақат қулни бизда бошқачароқ “келин”, деб номлашади. Келинга қулдек қарамайдиган оилалар ҳам бор. Келинни қизидан ортиқ кўрадиганлар кам эмас. Биз ёппасига барча оилаларни қулдорчиликка тенглаштирмоқчи эмасмиз. Аммо, келинга беҳурмат бўладиган оилалар ҳам талайгина.

    Экран ортидаги ҳаёт
    Турмушнинг мушти бор, тош келса кемириб, сув келса симириб яша, дерди аввал катталар. Аммо, бугунги ёшларни бу гаплар билан алдаш қийин. Сабрнинг таги раҳмон, дея қайнонанинг даккиларини ўгит, деб қабул қилиб ўтирадиган қизлар тобора камайиб бормоқда. Аммо, қайноналикни актриса Саида Раметованинг образларидан ҳам ошириб юбораман деган қайноналар кўп. Бугунги ёшлар кўнглига қараб бироз эркинлик берай дейдиганлар камдан-кам учрайди. Интернет ва сериалларда аёлларга бўлган муносабатни, ғарбдаги ҳаётни кўрган қизлар бир уйга бориб, сочи супурги, қўли косов бўлишни истармиди? Шундай қизларни топиб келин қилган хонадонларни омади чопади. Аксига учраса суд орқали яна бир оила барбод бўлади.

    Бечора қўшни қиз
    Кечагина оқ кўйлак кийиб ял-ял ёниб чиқиб кетган дугонасини бугун абгор ахволда уйқуга зор, озиб-тўзиб онасиникига келганини кўрган қўшни қиз чет-элликни орзу қилса айб кимда? Ахир, ҳар ким ҳам яхши яшашни ва аввалам бор уни одам ўрнида кўришларини хоҳламайдими? Бир уйга келин бўлиб борган қизнинг ҳам хоҳишлари, қизиқишлари, камчиликлари бор бўлади. Бунга кўз юмиб ўз қолипимга соламан, дегич қайноналар хато қилиб қўймаяптиларми? Оқибатда қулчиликдан қочган қизлар қайнонаси йўқ оилага келин бўлишни орзу қилади ёки чет-элга келин бўлиб кетишни тушларида кўради. Ҳар қандай одам бойликдан аввал уни ўзини инсон шахс сифатида қабул қилишларини истайди. Энди ўйлаб кўрингчи қачон ухлаб, қачон туришини-ю, қанақа ранг пайпоқ кийиб юришигача назорат қилувчи қайноналар бугунги олифта қизларни жиловлай оладими? Ёки шахс сифатида шаклланган қизлар ўзи устидан бу қадар назоратга чидайдими?

    Эркакларчи?
    Уйда келин доим айдор. Эрнинг эса онаси ёнида. Эр-хотин ўртасида нима гап ўтмасин эр “бечора”нинг адвокати дарҳол келинни тергашга тушади. “Эр бўлиб, урмасинми, сўкмасинми, бақирмасинми? Қанақа эрлар бор тутволиб урадиган. Менинг ўғлимдакасини билмасангиз кўзларингиз кўр бўлмайдими?” Ёнида шунақа қўриқловчи фариштаси бўлган эр наздида ҳам у ҳақ, аёли ношукр бўлиб кўринмайдими?

    Ширин сўз фақат тўйгача
    Даста-даста гуллар-у, ширин сўзлар тўйгача. Тўйдан кейин қайнонанинг олдида эр аёлига бир оғиз ширин сўз айтсинчи? Ҳа, шунақа тўйдан кейин ҳам аёлини эъзозлаб турадиган ойдан тушган эркаклар ҳам топилади. Аммо, аксарият оилада аёлнинг юмушлари унинг бурчи сифатида қаралади. Унинг бўйнидаги вазифаларини тўлиқ адо этмагани учун дакки бериб туриш керак, икки оғиз ширин сўз эса хайри хўш қилинади. Худо кўрсатмасин касал бўлиб қолса, керак эмас матохга айланади. Келин у шундай одамки, касал бўлишга, ҳордиқ чиқаришга асло ҳаққи йўқ. Албатта, бу барча оилаларга хос эмас, лекин аксарият десак хато қилмаймиз.

    Қани ўша бардош?
    Авваллари аёллар нақадар бардошли бўлган. Эри урса ҳам, сўкса ҳам индамай бош эгиб турганлар. Бугун бундай ёшларни топиш қийин. Улар яхши яшашга ҳаққим бор, деб билади. Шунинг учун ҳам эрнинг эркаликлари-ю, қайнонанинг қайнашларига бардош бергунча ажрашишни авфзал билади. Қўшниси ё дугонасининг қайноналик уйидаги муаммоларини эшитган қизлар орасида тоқ ўтишга ҳам рози бўлаётганлари йўқ эмас. Қолаверса, покистонлик, хиндистонлик, турк ва хатто ислом динида бўлмаган корейс йигитларига турмушга чиқиб кетаётган қизлар ҳам талайгина. Уларни кўп танқид қиламиз-у, масаланинг бошқа тарафини ўйлаб кўрмаймиз.

    Айнан шундай ёзилмаган қоидалар сабаб ақлини йиғиб, бироз илм қилган қизларимиз барча ҳуқуқ ва ўзлигидан кечиб бир оилага келин бўлишни истамай қоляпти. Инсонга пул ва яхши шароитдан ҳам кўпроқ уни одам сифатида кўришлари авфзалроқ эмасми? Келинга, аёлга нисбатан оиладаги эхтиёжлари бўлмаган ва фақатгина бирталай вазифалари бор, уйда хонтахтанинг бир чеккасида эгилиб чой узатиб ўтирадиган “барибир келин”да сифатида қараш эскирмадимикан? Ажримларнинг кўплигида, насронийга қўрқмай турмушга чиқиб кетаётган қизнинг гуноҳида озгина бўлса ҳам қайнона ва эрка эрларнинг хиссаси бор эмасми?

    Манба: Dia.uz