14:19 / 17.12.2017
28 027

Бой бўлишни истаганлар учун...

Бой бўлишни истаганлар учун...
Пул топиш санъати ҳақида
Кўпроқ пул топишни ким истамайди, дейсиз. Бу ҳақда инсониятнинг пулга эҳтиёжи туғилган даврлардан бошлаб жуда кўплаб маслаҳатлар, бой бўлиш сирлари ҳақида турли китоблар нашр қилинмоқда. Хўш, ушбу китоблар ва берилган маслаҳатлар чиндан ҳам бизнинг бой бўлишимизга ёрдам бера оладими?! Аввало, бу ҳақда айтилган фикрларни яна бир бор кўриб чиқсак…

“Бой бўлишни истайсанми — ўйлагин”

Бу гапни америкалик руҳшунос ва файласуф Наполеон Хилл айтганди. Пулни бекорга сарф қилмаслик, интизомли бўлиш ва ҳамиша тўғри қарор қабул қилиш омад формуласининг асосидир. Агар бойлик сирини бир оғиз сўз билан ифода қилиб бўлганда эди, ўша биргина очқич сўзни айтиб қўяқолган бўлардик. Бунинг учун муттасил ўқиб-ўрганиш, ширин уйқулардан, тараллабедод базмлардан воз кечишга тўғри келади. Бой бўлишнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун ҳам тадбиркор миллиардерлар кўп эмас. Ўз орзуларини амалга ошириш учун машаққат чеккан одамларгина ниятига ета олишади.

ЯНГЛИШ ФИКРЛАР
Нью-Йорк шаҳридаги Люксери институтида ўтказилган бир тадқиқотда одамларнинг бойлик ва бойлар ҳақида янглиш фикрлаши мушоҳада қилинди.

Бойлар пулни осон топишади ва xаржлашади. Тадқиқотда эса кўпчилик бойларнинг оддий одамлардан бир неча баробар кўп тер тўкиши, асабий ва мушкул вазиятлар билан юзма-юз келиши кўрсатилди.

Мол-давлат тўплаш учун муҳитнинг аҳамияти катта. Агар шу мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, маълум шаҳар аҳолисининг 100 фоизи бадавлат, бошқа бир шаҳар ёки қишлоқда умуман бой одам бўлмасди.

Бойлар хасис бўлади... Бойлик асло хасисликнинг натижаси эмас. Аксинча, кўпгина “тежамкор” инсонлар ночор аҳволда ҳаёт кечирадилар.

Агар омад қозониш, бойликка эришиш формуласини, амалда татбиқ этган кишиларнинг иш олиб бориш жараёнига эътибор қаратадиган бўлсак, бу нарса бир неча амаллардан иборатлигини кўрамиз. Риоя қилиш лозим бўлган мунтазам ҳаракатларсиз ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмайди.

ОМАДГА ЭРИШИШ КАЛИТИ: — “Карвон йўлда тузилмайди...”

Бирор муваффақиятга эришишни ўз олдига мақсад қилган ҳар бир одамдан “Карвон йўлда тузилади” деб эмас, олдиндан аниқ режа бўлиши талаб этилади. Хўш, режани қандай тузамиз?

Қанча пулга эга бўлмоқчисиз? Аввал миқдорини аниқланг. Кўп, деб айтиш кетмайди. Аниқ мақсад қўйиб, орзуларингизни амалга ошириш учун қанча пул кераклигини билишингиз лозим.

Бу пулни топиш учун нима қила оласиз? Хаёлингизга келган ва қўлингиздан келадиган барча йўлларни ёзиб чиқинг, ҳатто арзимаган пул топиш мумкин бўлган соҳани ҳам қолдирманг. Агар “ҳозирги ишимда икки дунёда ҳам керагидан ортиқ пул тополмайман” десангиз, қўшимча иш топинг, бой бўлиш осонмас, ахир.

Кўзланган пулга қачон эришасиз? Бир, уч, беш йилдами... ёки кейин. Хуллас, аниқ бир кунни белгилаб олишингиз керак. Масалан, “2018 йил, 10 июл”.

Агар шу пулни қўлга киритсангиз, қайси орзуингизни рўёбга чиқарардингиз? Орзу нима бўлишидан қатъи назар, тўлиқ тафсилотини ҳам ёзинг. Масалан, “Ласетти” автомобилини сотиб оламан.”

Ҳар куни эрталаб ва кечқурун ушбу режаларни овоз чиқариб ўқинг. Ўқиш жараёнида бу пуллар аллақачон меники, деб тасаввур қилинг, ўзингизни ишонтиринг. Ушбу режага камида бир ой амал қилинг, агар фаолиятингизда заррача ўзгариш бўлмаса, майли келган жойидан тўхтатинг.

БОЙЛИК ФОРМУЛАСИ

Юқорида айтилганлардан ташқари, сиз амал қилишингиз лозим бўлган яна бир нечта олтин қоидалар ҳам борки, уларни ёддан чиқарманг.

Хоҳиш-истак. Истак ҳар қандай мағлубиятни ғалабага айлантира олади. Ҳаётдан кўп нарса тиласангиз, у сизга шунча кўп ато этади. Тоғдек сўрасанг, ҳеч бўлмаса, тепадек оласан, дейишади-ку.

Ишонч. Бошқариладиган ишонч ҳар қандай фикрни зўриқишдан титрашга мажбур қилади. Ўз-ўзини ишонтириш орқали ҳар қандай фикр асаб тизимига суқилиб киради ва унга таъсир қилади. Онг сизни шу заҳоти режа билан тақдирлайди. Энди эса зудлик билан ишга киришинг!

Тасаввур. Бу аслида шундай устахонаки, унда режалар тобланади, истаклар амалга ошади, ички туртки, иштиёқ ва ҳар қандай ишни қилишга бўлган завқ-шавқ шаклланади ва онгимизнинг тасаввур билан боғлиқ ҳаракати ишга туширилади.

Қарор қилиш. Иш қанчалик катта бўлса, унинг олдида иккиланиш ва узил-кесил қарор қабул қилмаслик шу даражада катта хавфдир. Ахир, қатъиятсизлик — омадсизликнинг энг биринчи сабаби.

Мақсадни белгилаш. Ўзингизга кунлик, ҳафталик, ойлик ва йиллик мақсадлар белгиланг ва шунга кўра ҳаракат қилинг. Сиз орзу қилган мувафаққият турли тўсиқларга учрамаслиги учун қўлингиз ва кўзингиз етадиган манзилларни кўзлашингиз керак. Бу йўлни эса чидаганга чиқарган.

ФАКТ
Томас Эдисон электр лампочкаси ҳақида орзу қилган эди. У ўзининг буюк орзусини амалга ошириш учун ишга киришди. Ўн икки минг марта мағлубиятга учраса-да, кўзлаганидан қайтмади ва бу орзу руёбга чиқмагунча сира тиним билмади. Ниҳоят у орзусига етди ва лампочка ихтиро қилинди.

СЎНГГИ СЎЗ
Омадга эришиш учун ҳар доим ҳам сармоя эмас, ижодкорлик, жасорат ва тасаввур керак. Дунёни ўзгартирган Ford, Microsoft, Google, Facebook каби компаниялар ҳам бир куннинг ўзида майдонга чиққани йўқ. Бунинг орқасида йиллар давомида қилинган машаққатли меҳнат ва тўкилган терлар бор.

Яна бир муҳим гап. Бой билан ўрта ҳол инсон орасидаги ягона фарқ уларнинг пул ҳақида ўйлашида намоён бўлади. Агар чиндан ҳам миллиардер бўлишни истасангиз, ўрганишингиз керак бўлган биринчи иш — бойлардек ўйлашни бошланг. Шунда ҳеч бўлмаса, миллионер бўла оласиз.

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бой бўлишни истаганлар учун...