16:35 / 17.05.2023
164

“Бармоқларнинг кўзи бор” — водийнинг бахши қизи билан суҳбат

“Бармоқларнинг кўзи бор” — водийнинг бахши қизи билан суҳбат

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида 6–8 май кунлари III Халқаро бахшичилик фестивали бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабаси, наманганлик бахши Сайёра Султонова “Дарё” нашрига интервью берди.

“Бахши дарди бахши қилди...”

Ёшлик даврларимни эслайман... Шомурод бахши Тоғаев номи билан танилган Қашқадарёлик бахши бўларди. Ўша бахши бир терма айтар эди “Bigул”, деган. У термани мен тўлиқ билмасдим, аммо бир ери менга жуда қаттиқ таъсир қилган: “Отажон жилама, қачон келасан”. Мен отасиз ўсганман, икки ёшимдан онамнинг ўзлари катта қилганлар. Ушбу терманинг айнан ўша жойи менга таъсир қилганлиги учун, мен шу термани айтиб юрардим. Мен термани айтиб юрардим-у, аммо у вақтларда бахшичилик деган санъатни билмаганман. Лекин ўша кишининг термаларини доим эшитардим, менга ёқарди. Эшитганимда бутун вужудим ларзага келарди. Қўшилиб айтардим, ҳуддики, мени ҳам отам қайтиб келадигандек...

Алпомиш киносини қайта-қайта кўрганман. Ўша фильмда бахшининг дўмбирасини оловга отиб юборарди.

Ёшлигимда ўзим билмаган ҳолда бахшичиликка қизиққанман. Онам ҳам қизиқардилар, кўп ҳиргоялар қилардилар. Ҳадисланинг китобларида тўрт қатор шеърлар бўларди пайғамбарлар ҳақида. Ўша шеърларни ҳиргоя қилиб турарди.

Қизиқишларим авжига чиқиб санъатга бўлган ихлосим йилдан йилга ортиб бораверди. Ҳосила Раҳимова, Маҳмуд Номозовнинг “Дўмбира”, деган қўшиғи бор. Кўпроқ Ҳосила Раҳимованинг “Қоражон”, “Алпомиш келяпти”, деган қўшиқларини эшитардим.

Мен бу саънатга 26 ёшимда қадам қўйдим. Биринчи айтган термам, Шомурод бахши Тоғаевнинг “Бийи гул” термасининг куйига басталанган онам ҳақида терма эди.

Сурхондарё вилоятида 2019 йилда бахшичилик фестивали бўлди. Фестиваль жараёнида онам мени чақириб, хоразмлик Отахон Матёқубов “Гўрўғли” достонини айтётганини кўрсатганди. Онам ўша фестивалга боришни орзу қилгандилар.

“Бахшичиликка топширмаганман...”

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида бахшичилик факультети очилди. Мен бахшиликка қизиққаним билан олийгоҳнинг бошқа йўналишига топширмоқчи бўлганман. Ўша вақти фолклор йўналишига ҳужжатларимни топширгани олиб борганман. Лекин ҳужжат топширишга навбатим келмагани сабабли қабулдагилар “Ўзимиз топшириб қўямиз, кетаверинг”, дейишганда қайтиб кетгандим. Негадир қабулдагилар бахшиликка топшириб қўйишган. Бахшилик йўналишига топширганимни имтиҳон куни билганман. Ўшанда менга қўнғироқ қилиб, “Сиз бахшиликка топширдингиз, достондан парча айтасиз”, дейишган эди. Ўшанда интернетни титкилаб, зўрға Бахтиёр бахшининг “Алпомиш” достони ижросини топганман. Ушбу достондан ижро қилиб берганман.

Имтиҳондан кейин қарасам, ўқишга киролмаган эканман. Шартнома асосида кирганлар рўйхатининг энг охирида чизиқдан кейин турардим, бир балл етмай қолган. Нимадир бўлди, кимдир шартномага ўқишни хоҳламади шекилли, унинг ўрнига мени ўқишга қабул қилишди.

Институтда устоз бахшиларнинг дарс жараёнида шу соҳага қизиқишим ортиб, ўзим билмаган ҳолда киришиб кетдим. Биринчи-иккинчи курслигимда Отахон Матёқубов устозимдан Хоразм йўналишини Нуриддин Аминжоннов устозимдан эса Фарғона ва Наманган йўналишини ўрганганман. Наманганда қиссахонлик бўлади, деб қиссахонликни ўргатишган. Барибир Сурхондарё-Қашқадарё мени ўзига жалб қилаверган. Учинчи курс бўлганимда барибир мен Сурхондарё-Қашқадарё йўналишини ўрганаман, деб жазм қилганман.

“Президент эътиборига тушдим…”

Биринчи курслигимда Қорақалпоғистонда халқаро бахшилар фестивали бўлган. Ўша фестивалда биринчи марта танловда достон ижро этганим туфайли унчалик яхши чиқмаган. Аммо фахрий ёрлиқ олганман. Ундан кейин 2021 йил яна фестиваль ташкил қилинди. Ушбу фестивалнинг иккинчи мавсумига қатнашдим. Наманган вилоятида бўлиб ўтди. Мен ўша фестивалда биринчи ўринни олиб 10 миллион сўм ютдим. Кейин Республика босқичида қатнашиб яхши иштирок этдим. Ўша жойда Президентимиз қорақалпоқ тилида қўшиқ айтганимни эшитганлар. Эътиборларига тушганман ва совғаларини олганман.

“Фолбинларнинг мактаби...”

Бахшилигимни эшитиб қишлоғимизда, вилоятимизда жуда яхши қабул қилишган. Айниқса туманимиз ҳокими Азамжон ака Султонов бахшиликни жуда яхши кўрарди. Ўшанда “Бийигул” термасини айтиб берганимда йиғлаб юборгандилар. Шу инсон ҳозиргача мени ҳам ота, ҳам ҳомий сифатида қўллаб-қувватлаб келмоқда. Барибир ўз вилоятингиз қўлламаса ҳечкимсиз.

Водий томонлардаги вилоятларнинг одамлари йўлда учраб қолса, бахшиман дейишим билан бирданига бошқа маънога буриб, “Энди фолбинларнинг ҳам ўқиши очилибдими”, дейишган. Аммо мен уларга тушунтириб берганимдан кейин, “Ҳа, ҳайярами”, дейишади.

Келажакда ниятимиз ҳам мажбуриятимиз ҳам бахшиликни тиклаш. Олийгоҳдаги устозим Зафар ака Ҳайитов янгилик қилиб Қорақалпоқ, Хоразм ва Сурхондарё ансанбилини ташкил қилганлар. Мен ҳам ўз олдимга Наманган ансанбилини ташкил қилишни мақсад қилиб қўйганман. Мактабма-мактаб юриб бўлса ҳам, ёшлар орасидан энг талантлиларини териб олиб, тайёрлаб ансанбил ташкил қилмоқчиман. Бежизга бир мақол айтилмаган, “Ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, чанги чиқса ҳам донғи чиқмайди”. Биз кўпчилик бўлсак, бир жойни ёриб чиқамиз.

“Бармоқларнинг кўзи бор...”

Бахши нотани билмайди, дўмбирада парада йўқ. Бахши юракдан куйлайди. Дўмбирани чалганда бармоқлар ўзи куй топади. Устозланинг бир гапи бор  —  “Бармоқнинг устида кўзи бор”, дейишади. Ҳақиқатан ҳам бармоқнинг ўзи оҳанг топади. Бахши ўша оҳанг орқали юрагидаги куйни чиқаради.

Мен дўмбира чертсам танам дам олади, мазза қиламан. Айниқса авваллари сиқилган пайтларимда дутор чалганимда мазза қилардим. Шунинг учун дутор билан дўмбирани яхши кўраман.



Бахши, Сайёра Султонова, Бахшичилик фестивали

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Бармоқларнинг кўзи бор” — водийнинг бахши қизи билан суҳбат