Турк кино ва телевидение оламининг таниқли актрисаси, “Сўйла, Қора денгиз” сериали орқали катта шуҳрат қозонган Ирем Ҳелвачиўғлу ҳаётида муҳим ва шодликка тўла воқеа юз берди. 2025 йил 15-октябрь куни Ирем ва унинг турмуш ўртоғи, тадбиркор Урал Каспар оиласида биринчи фарзанд дунёга келди. Бу ҳақда актрисанинг яқин дугонаси — актриса Себиле Олмез ижтимоий тармоқ орқали хабар берди, деб ёзди Medyatava.
Олмез туғруқхонадан жойланган сурат билан бўлишиб, “Қизимиз туғилди. Она ҳам, бола ҳам соғлом ҳолда”, деб ёзган. Бу хабар қисқа фурсат ичида интернетда кенг тарқалди ва мухлислар актрисани табрикловчи минглаб изоҳлар қолдирди.
Аввал бошда чақалоқнинг исми маълум қилинмаган бўлса-да, орадан бир неча кун ўтиб, Урал Каспар Instagram орқали қизининг исмини ошкор қилди. У постида шундай ёзган:
“Қизимиз Сора кеча эрталаб дунёга келди. Ирем ҳам, Сора ҳам соғ-омон. Шу жараёнда бизга ёрдам берган, дуо қилган ва хабар йўллаган барча дўстларимизга миннатдорчилик билдирамиз”.
Ирем Ҳелвачиўғлу ва Урал Каспар 2023 йилда танишишган ва 2024 йил октябрида никоҳдан ўтган. Шунингдек, улар 2024 йил ёзида қисқа муддат ажралиш ҳақида маълумот берган бўлса-да, орадан кўп ўтмай тўй фотосуратларини эълон қилиб, мухлисларини ҳайратда қолдирган.
Ҳомиладорлик даври актриса учун ҳам осон кечмаган. Айваликда дам олаётган вақтда у сирпаниб йиқилган, бироқ қисқа вақт ичида соғлиғини тиклаб олган. Табиблар маълумотича, ҳам Ирем, ҳам янги туғилган қизалоқ — Сора — соғлом ҳолда шифокорлар назоратида бўлиб туришмоқда. Яқин кунларда уларнинг уйга чиқиши кутилмоқда.
Туғруқ арафасида Ирем яқин дугоналари билан кичик “baby shower” кечаси уюштирган. У бу тадбирда яқинларига шундай деган:
“Бир йил давомида фильм ёки сериалларда иштирок этмайман. Ҳозир мен учун энг катта роль — оналик бурчимни бажариш.”
1990 йил 2 февралда Германияда туғилган Ирем Ҳелвачиўғлу илк санъат таълимини Муждат Гезен санъат марказида олган. Унинг машҳурлигига “Муҳташам юз йил” сериалидаги Клара образи ва “Сўйла, Қора денгиз”даги бош қаҳрамон ролини ижро этиши катта таъсир кўрсатган. Шунингдек, у “Гунеш қизлари”, “309-рақам” каби сериаллардаги роллари орқали ҳам кенг мухлислар муҳаббатига сазовор бўлган.
Турк ОАВ ёзишича, Ирем Ҳелвачиўғлу ҳозир Туркия шоубизнесида нафақат актриса, балки кучли аёл қиёфасининг рамзига айланган. Унинг янги ҳаётий босқичи — она сифатидаги синови — мухлислар томонидан катта қизиқиш билан кузатилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!