date

Кристен Белл “Муз юрак 3” суратга олиш бошланганини тасдиқлади

Кристен Белл “Муз юрак 3” суратга олиш бошланганини тасдиқлади

Голливуд актрисаси Кристен Белл Disney’нинг машҳур мультфильми — “Муз юрак”нинг учинчи қисми яратилаётганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, актёрлар жамоаси яқин вақтларда суратга олиш жараёнини бошлайди.

Анна образини ижро этувчи Белл сценарий билан танишиб чиққанини маълум қилди, аммо тафсилотларни ҳозирча ошкор этмаслигини айтди.

— “Мен ҳозирча бу ҳақда кўп гапира олмайман. Ҳаммаси сир сақланмоқда”, — деди Белл WSJ журналига берган интервьюсида.

Унинг таъкидлашича, лойиҳа ҳозир ижодий ишлаб чиқиш босқичида:

— “Бу жараёнда асосан ғоялар муҳокама қилинади. Disney’нинг афзаллиги — ҳар бир босқичда мукаммалликка интилишидир. Ҳар бир жиҳат қайта-қайта кўриб чиқилади, натижада фильм идеал даражада чиқади”, — дея қўшимча қилди актриса.

Дастлабки маълумотларга кўра, “Муз юрак 3” премьераси 2027 йилга режалаштирилган. Илк визуал эскизларда Элза оқ отда, Анна эса қўнғир кийикда акс этган бўлиб, бу кадрлар мухлисларда янги саргузаштлар ҳақида қизиқиш уйғотган.

Эслатиб ўтамиз, “Муз юрак”нинг илк қисми 2013 йилда намойиш этилган ва Disney’га “Оскар” мукофотини олиб келган. Ортидан чиққан иккинчи қисм эса дунё прокатларида 1 миллиард доллардан ортиқ даромад топган ҳамда Into the Unknown каби машҳур қўшиқларни томошабинларга тақдим этган.

Маълумот учун, аввалроқ Disney студияси “Аристократ мушуклар” мультфильмининг ремейк версиясини суратга олмасликка қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Кристен Белл “Муз юрак 3” суратга олиш бошланганини тасдиқлади