Хитой геологлари дунё илм-фан жамоатчилигини ҳайратга солган кашфиёт ҳақида маълум қилди. Хунань провинциясида жойлашган янги конда дунёдаги энг йирик олтин заҳираси аниқлангани маълум қилинди. Бу ҳақда “Popular Mechanics” нашри хабар берди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ер остида 1100 тоннагача олтин мавжуд бўлиши мумкин. Бу миқдор ҳозирги бозор нархларига кўра тахминан 83 миллиард АҚШ доллари қийматига тенг. Хитой давлат ОАВ маълумотларига кўра, кашфиёт Пинцзян округидаги Вангу кони ҳудудида амалга оширилган. Геологлар 2000 метр чуқурликда 40 дан ортиқ олтин томирларини топишган. Шунингдек, 3D моделлаштириш натижалари кон яна 3 километр чуқурликкача чўзилиши мумкинлигини кўрсатган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жинс таркибидаги олтин миқдори ҳар тонна руда учун 138 граммни ташкил этади. Бу кўрсаткич жаҳон олтин қазиб олиш саноатида жуда кам учрайдиган юқори натижа ҳисобланади.
“Кўплаб бурғуланган жинсларда кўз билан кўриниб турган олтин бўлаклари аниқланди,” — деди Хунань Геология бюросининг мутахассиси Чэнь Рулин. Унинг сўзларига кўра, бу кашфиёт нафақат Хитой, балки бутун жаҳон тоғ-кон саноати учун муҳим аҳамият касб этади.
Агар ҳисоб-китоблар расман тасдиқланса, янги кон узоқ йиллар давомида 1025 тонна заҳира билан дунёда энг катта деб ҳисобланган Жанубий Африкадаги South Deep конини ҳам ортда қолдиради. Бу эса Хитойни олтин ишлаб чиқаришда мутлақ етакчига айлантириши мумкин.
Кашфиёт аллақачон жаҳон бозоридаги вазиятга таъсир кўрсатди — ОАВ хабарларига кўра, олтин нархи бир унция учун 2700 долларгача кўтарилган. Хитой, бугунги кунда ҳам энг йирик ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи сифатида, ўз мавқеини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Геология бюроси бошлиғи ўринбосари Лю Юнцзюн маълум қилишича, бурғулаш ва таҳлил ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Унинг сўзларига кўра, қидирув ҳудуди яқинида қўшимча олтин қаватлари ҳам аниқланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!