2026 йилдан бошлаб Apple TV АҚШдаги барча “Формула-1” пойгаларини эксклюзив равишда эфирга узатади. Бу ҳақда Variety нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Apple ва “Формула-1” раҳбарияти 5 йиллик стриминг ҳамкорлиги бўйича келишувни имзолаган. Битим умумий қиймати 750 миллион долларни ташкил этади.
Шартнома доирасида Apple TV обуначилари учун барча машғулотлар, саралаш босқичлари, спринт пойгалари ва Гран-прилар инглиз ҳамда испан тилларида жонли эфирда намойиш этилади. Шу билан бирга, айрим пойгалар ва машғулотлар мавсум давомида Apple TV иловасида барча фойдаланувчилар учун бепул тақдим этилади.
Apple компанияси вакилларининг таъкидлашича, бу ҳамкорлик “Формула-1” трансляцияларини янада жонли, замонавий ва қизиқарли кўринишда намойиш этиш имконини беради. Ҳар икки томон келишув АҚШда автоспорт мухлисларининг янги тўлқинини яратишига ишонч билдирган.
Ҳозирча молиявий тафсилотлар расман очиқланмаган. Бироқ Variety манбасига кўра, Apple “Формула-1” учун ҳар йили ўртача 150 миллион доллар тўлайди.
Шунингдек, компаниялар илгари ҳам муваффақиятли ҳамкорлик қилган — Бред Питт иштирокидаги “Формула-1” фильми айнан шу ҳамкорлик натижаси бўлиб, у актёр карерасидаги энг даромадли картиналардан бирига айланган. Фильмнинг умумий даромади 600 миллион доллардан ошган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!