Актриса Зарина Йўлдошева 23 ёшда: Меҳрибонлик уйида улғайгани, хароба уйни рад этгани ва шахсий ҳаётидан воз кечгани ҳақида
Актриса Зарина Йўлдошевани ҳазиломуз видеолари сабаб кўпчилик ҳаётда дардсиз ва муаммолардан ҳоли қиз деб ўйлайди. Аммо эндигина 23 ёшни қаршилаган Зарина Йўлдошева болалигидан қийинчиликлар ичида ўсди. Аввалига отасидан, сўнг онасидан айрилди. Энг ёмони у 16 ёшига қадар Меҳрибонлик уйида тарбияланди. Чиройли қизни йўлдан айнитадиган инсонлар кўп бўлади. Аммо Зарина уларнинг гап-сўзларига эътибор бермай қўйган мақсдлари сари дадил қадам ташлади.
“Ота-онамдан эрта айрилганман”
— Дадамни эслолмайман, онам эса 12 ёшимда касаллик сабаб вафот этди. Бувим кексайиб қолгани ва моддий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келгани учун мен, синглим ва укамни болалар уйига топширишга мажбур бўлган. Тўрт йил давомида меҳрибонлик уйида тарбияландим. У пайтда бувим 70 ёшга тўлгани учун учта ёш бола билан қийналиб қолган. Ҳолам, тоғамнинг ўз оиласи ва ўзига яраша муаммолари бор эди. Шу боис бизни мактаб-интернатига топширмоқчи бўлишган. Кимдир бувимга “Мактаби ҳам интернат ичида экан. Якшанба куни уйга олиб келсангиз бўлади”, — деган экан. У пайтда мен 6-синфда ўқирдим. Укам ва синглимга қараганда анча катта бўлганим учун мактаб-интернати нима эканлигини яхши билардим. Аммо у ерга боргач, ҳаммамиз бу шунчаки мактаб-интернати эмас, ота-онасиз яшайдиган меҳрибонлик уйи эканлигини билганмиз. Росса йиғлаганмиз, бизга қўшилиб бувим ҳам кўзёш тўккан. Аммо ўша пайтдаги оилавий шароит сабаб, бизни бу ерда қолдиришга мажбур бўлган. Бувимнинг ёши катта бўлишига қарамай ҳар ҳафта бизни кўргани келарди, — дейди актриса.
“Меҳрибонлик уйида рақсга меҳр қўйдим”
Актрисанинг оила аъзолари орасида санъаткорлар йўқ. Аммо онаси раҳматли ҳам болалигида санъатга қизиққан экан. Зарина Йўлдошеванинг санъатга меҳр қўйишига Меҳрибонлик уйидаги рақс тўгараги сабаб бўлган.
— Дарсдан кейин рақс тўгарагига қатнашардим. Шунда рақс мураббийим “Сен Хореография олий мактабида ўқишинг керак, қобилиятинг бор”, деди. Мактабни тамомлаганимдан кейин қўлимдан ушлаб, Тошкентдаги Хореография олий мактабига олиб келиб, ўқишга жойлаштиришган. Классик рақс ҳаракатларидан бехабар бўлганим учун кўп қийналганман, дугоналарим томонидан камситилган пайтларим ҳам бўлган. Тошкентга келиб яшашим осон кечмади. Моддий қийинчиликлар сабаб тўйларга чиқиб пул ишлашга ҳам мажбур бўлганман. Аммо бу ишимдан бувим қаттиқ ранжиган. Шу боис қайта тўйларга чиқмаганман.
“Хароб уйни олмадим”
Зарина Йўлдошева интервьюларининг бирида меҳрибонлик уйидаги ҳаёти ва давлат томонидан берилган уйни рад этганлиги ҳақида ҳам сўзлаб берган.
— Баъзан меҳрибонлик уйида ўсган болалар меҳрсиз бўлади, деган гапларни эшитиб хафа бўлардим. Ҳаётда ота-онасининг бағрида ўсиб ҳам меҳрсиз бўлган болалар кам эмас-ку? Меҳрибонлик уйида ўсган бола меҳрсиз эмас, аксинча меҳрга чанқоқ бўлади. Истаймизми, йўқми меҳрибонлик уйида унга ҳамма бегона, урилиб-сурилиб катта бўлади. Энг яхши дейилган меҳрибонлик уйида ҳам тарбиячилар болаларга меҳр бермайди. Шунинг учун ҳам ташқаридаги инсонлар унга озгина меҳр беришса, қувониб кетишади.
Меҳрибонлик уйининг ҳам ички тартиб-қоидалари бор. Ҳатто уларнинг баъзиларидан тарбиячилар ҳам бехабар бўлишади. Масалан, ёши кичик болалар катта болаларнинг хизматини қилиши керак. Қоидага бўйсунмаган бола, албатта, жазоланади. Чақалоқлик пайтидан меҳрибонлик уйида улғайган болалар анчайин агрессив бўлишади.
Менга ҳам ҳокимият томонидан уй бериш тўғрисида буйруқ чиқарилган эди. Ўзим Тошкентда бўлганим учун уни бувим кўриб келди. Бизга берилган уй қандайдир эски мактаб биносида экан, бувимнинг айтишича, бу уйда энг муҳтож инсон ҳам яшаши мушкул. Бундай хароб уйни олмай, имтиёзли кредит асосида икки хонали уй сотиб олдим.
“Юлдуз Усмонова сабаб актрисаликка қадам қўйдим”
— 2017 йили ансамблимиз билан Юлдуз Усмонованинг “Эй азиз инсон” концерт дастурида иштирок этганмиз. Юлдуз опа созандалар билан машқ қилаётганида бир четда мароқ билан қўшиққа рақс тушганман. Шунда Юлдуз опа ёнларига чақириб, шу қўшиққа якка рақс тушсин, деган.
Бир неча ойдан сўнг, ярим кечаси Юлдуз Усмонованинг маъмури қўнғироқ қилиб, қайсидир актриса клип 'сёмка'сига келолмагани ва ўрнига мен суратга тушишимни айтди. Рости, бу таклифга кўнишим осон бўлмади. Суратга олиш ишлари бор-йўғи 30-40 дақиқа давом этди.'Сёмка'дан сўнг клипдаги эпизодим учун 50 АҚШ доллари беришди. Бу 17 ёшимгача топган энг кўп пулим эди. Мана шу воқеадан сўнг клиплардан таклиф тушса, рад этмайдиган бўлдим, — дейди Зарина Йўлдошева.
“Ўзимни бечора кўрсатиб, атрофдагиларнинг раҳмини келтиргим келмайди”
— Мен ўзимни бечора кўрсатиб, одамлардан нимадир тилаб яшашни истамайман. Ҳатто санъатга кирганимдан кейин ҳам анча муддат атрофдагиларга шахсий ҳаётим ҳақида айтмаганман. Меҳрибонлик уйи раҳбарини “Одамийлик мулки” кўрсатувига таклиф этишганида, менга қўнғироқ қилиб: “Сен ҳам бориб интервью бер”, деди. Рости, шу даражага етишимга ҳисса қўшган инсонга рад жавобини беролмадим. Кўрсатув эфирга кетгач, атрофимдаги инсонлар шахсий ҳаётимдан хабар топишди, — дейди Зарина Йўлдошева.
“Кимгадир пул бериб, рол ижро этмаяпман”
— Шу кунгача ҳеч бир режиссёрга рол сўраб мурожаат қилмаганман. Таклиф этишса, имкон даражасида ижро этаман. Аммо ўзимни қобилиятли актриса деб билмайман. Ёши катта актрисалар билмаганларимни ўргатишади, институтда ўқишимни тавсия қилишади. Баъзи ёш актрисалар эса ортимдан негатив гаплар тарқатиб, ғашимни келтиришади. “Ўзини бечора кўрсатиб, пиар қиляпти ёки пул бериб роллар ижро этяпти”, деган гаплар ҳам қулоғимга чалинди. Менимча, ҳеч бир инсон ота-онаси вафот этганлиги ҳақида гапириб обрў олишни истамайди. Мен санъатга пул бериш эмас, пул ишлаш учун қадам қўйганимни ҳам кўпчилик билишади, — дейди Зарина Йўлдошева.
“Синглим ва укамни оёққа қўймагунимча шахсий ҳаётим ҳақида ўйлай олмайман”
— Яширмайман, ота-онамнинг уйи бўлмаган. Укам билан синглим меҳрибонлик уйидан келгач, ўз уйида яшашини истардим. Шу боис институтда ўқишни истамадим. Болалигимдан укам билан синглим Меҳрибонлик уйидан қайтганида уйсиз яшайдими, деб қўрққандим. Шукрки, улар Меҳрибонлик уйини тамомлагунларига қадар уй-жойли бўлиш ниятим ҳам амалга ошди. Синглим Чарос Низомий номидаги педагогика университетида таҳсил олди, Укам Лочинбек ҳам ўқиш билан банд. Уларнинг тўйини қилиш ва бахтли кунларини кўриш орзуйим бор, — дейди Зарина Йўлдошева.
“Актрисаликни давом эттириш ниятим йўқ”
— Келажагимни санъат соҳасида тасаввур этмайман. Актрисаликни давом эттириш ниятим йўқ. Фарзандларим менда бўлмаган тўкис-тугал оилада вояга етишларини истайман. Уларни мактабга олиб бориш ва уйга олиб келиш катта бахт. Ўзим кўрмаган бахтни фарзандларим ҳис қилишини орзу қиламан, — дейди актриса Зарина Йўлдошева.
Актриса шу кунгача, “Кўнгил”, “Ўжар ҳомиладор” каби сериалларда суратга тушган. Бундан ташқари, у Шаҳзод Султонов билан бирга ижтимоий тармоқлар учун видеолар ҳам суратга олади. Айрим кузатувчилар улар бир-бирига мос жуфтлик эканлигини айтишади. Аммо ижодкорларнинг иккиси ҳам шунчаки ҳамкор эканлигини ва ўрталарида муҳаббат йўқлигини таъкидлашади .
Актриса, Зарина Йўлдошева, Меҳрибонлик уйи “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг