
Хонанда ва актриса Хонзода Дўстова НавоТВ кўрсатувида меҳмон бўлиб, оилавий муносабатлари ҳақида самимий фикрларини ўртоқлашди. У айтишича, ака-ука ҳаётига аралашмаслик керак ва бу оиладаги тинчликни сақлашнинг энг муҳим йўли.
“Мен акамнинг аёлини, яъни кенайимни ўзимнинг опамдек қабул қилганман. Агар акам билан урушиб қолишса, мен уларнинг тарафини оламан: Ака, айб сизда, кенайим оқ, уларни урушманг, деб маслаҳат бераман. Лекин аслида айб кенайимда бўлса ҳам. Чунки кимни яхши кўрсангиз ва меҳр берсангиз, у ҳам сизни яхши кўриб, меҳр беради,” — дея таъкидлади хонанда.
Хонзода шунингдек, ўз оиласидаги ҳурмат ва меҳрнинг амалий мисолини келтирди: “Акам билан кенайим турмуш қуришганига 6–7 йил бўлишига қарамай, улар билан ҳеч қачон урушиб, бир-биримизга қарши чиқмаганмиз. Ўзимга нимадир олсам, уларга ҳам қўшиб совға қиламан.”
У оилавий масалаларга аралашиш ва қизлар ўртасидаги нохуш вазиятлар ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Баъзи қизлар акаси ёки укасининг ҳаётига аралашиб, оиласини бузади, аммо кейинчалик ўзи турмушга чиқади ва шу кунларни бошидан кечиради. Кенайим айтардилар: Хонзода сиз бошқачасиз, меҳрибон ва яхшисиз. Сизга ҳам ўзингизга ўхшаган яхши қайнопалар, қайнсингиллар учрасин, деб. Тақдирни қарангки, менинг қайнопам ва қайнсинглим ҳам мени жуда яхши кўришади.”
Шундай қилиб, Хонзода Дўстова оилада меҳр, ҳурмат ва самимийлик муҳимлигини намойиш этиб, мухлисларга оила ҳаётида тинчлик ва илиқликни сақлаш бўйича ўз тажрибасини бўлишди.

Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.