date
views 828

Ижтимоий тармоқларни “портлатаётган” “Ҳомай” қўшиғини ким ижро этган?

Ижтимоий тармоқларни “портлатаётган” “Ҳомай” қўшиғини ким ижро этган?
Бошқирдистонлик “Ay Yola” гуруҳи томонидан ижро этилган “Ҳомай” қўшиғи март ойидан бери дунё чартларида етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Қўшиқ Shazam иловаси глобал рейтингида топ бешталикка кирди, TikTok’да эса унга ҳар куни кўплаб видеолар суратга олинмоқда.

“Ay Yola” гуруҳи қаердан пайдо бўлди? “Ҳомай” қўшиғининг муваффақият сири нимада? Нима учун баъзи бошқирд аудиторияси уни танқид қилди, қуйида шулар ҳақида.

Бошқирд гуруҳи уч кишидан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири аввалдан мусиқий тажрибага эга. Гуруҳни Руслан Шайхиддинов ташкил қилган, у илгари бир нечта машҳур лойиҳалар билан ишлаган ҳамда ДЖ Север тахаллуси остида мусиқалар яратган, бундан ташқари Россиянинг “Махимум” радиосида ўз дастурини олиб борган.

Фото: Instagram
“Ay Yola” гуруҳининг вокал хонандаси Адел Руслан Шайхиддиновнинг қизи бўлиб, у 16 ёшидан бери саҳнага чиқади ва турли мусиқий танловларда бир неча бор ғолиб бўлган. Ота ва қиз илгари “Мусуме” деб номланган мусиқий лойиҳани яратган, аммо ўша пайтда улар рус ва инглиз тилларида қўшиқ куйлаган. 2019 йилда Шайхиддиновлар “ТНТ”даги “Қўшиқлар” шоусида, Тимати ва Баста билан бирга иштирок этди, аммо узоққа боролмади.

Гуруҳнинг учинчи аъзоси — Ринат Рамазанов республикада танилган кўп асбобли чолғучи ва Бошқирдистон халқ артисти бўлиб, гуруҳда қурай чалиб, баъзи вокал партияларини ижро этади. Бундан ташқари у илгари “Аргумак” деб номланган ўзининг этно-гуруҳини яратган.

Шайхиддиновнинг айтишича, “Ay Yola” гуруҳи ўтган йили ташкил топган.
“Ўтган йили 50 ёшга тўлдим, шаҳримиз Уфа эса 450 ёшга тўлди ва мен мадҳия ёзиб уни ўзимга ва шаҳарга совға қилишга қарор қилдим. Бунинг учун қурай чолғучиси керак эди ва менга Ринат Рамазановга мурожаат қилишни тавсия қилишди. Шундай қилиб биз бирга ишлашни бошладик. Маълум бўлишича, қурай электрон товушда ажойиб янграйди ва биз “Ay Yola” деб номланган шундай лойиҳани яратишга қарор қилдик”, дейди Руслан.

Янги жамоа ўз ижодида бутунлай туркий этносга таянади ва шунинг учун барча қўшиқлар бошқирд тилида ижро этилади.

Нима учун “Ҳомай” қўшиғи бунчалик оммалашиб кетди?

Мусиқа мутахассислари бу ҳақида ҳали-ҳануз баҳслашмоқда. Баъзилари бу тасодиф ва иловалар алгоритмларига боғлиқ деб ҳисоблайди, улар кўпинча янги ижрочиларни “юқорига” кўтаради. Бошқалари эса машҳурликнинг сири қўшиқнинг мавзусида эканлигини таъкидлашади. Туркий эпик шоирлар кўплаб маданиятларнинг асосини ташкил этади ва шунинг учун турли мамлакатлар аҳолиси ушбу қўшиқни ёқтириб қолишди.

Ҳозирда кўплаб фойдаланувчилар ушбу қўшиққа видеороликлар яратмоқда. Масалан, қизлар оналари, бувиларининг қизлик фамилияларини эслаб, ўз наслларининг тарихини тиклашмоқда. Умуман олганда, композициянинг этник мазмуни кўпчиликни ўз халқининг маданиятига чуқурроқ шўнғишга ундади.

Қўшиқ айниқса Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркия каби мамлакатларда катта шуҳрат қозонди. Бироқ кейинчалик у нафақат МДҲда, балки Финляндия, Чехия, Дания, Нидерландия, Германия, БАА, Буюк Британия, Швеция ва Жанубий Кореяда ҳам энг яхши қўшиқлар рўйхатига кирди. Бу шуҳратнинг сабаби электрон мусиқа ва халқ чолғуларининг қизиқарли уйғунлиги деб ҳисоблашмоқда.

Барча танқидчилар бугунги кунда бирор қўшиқнинг шуҳрати жуда мураккаб прогноз қилинадиган нарса деган қарорга келишди. Руслан Шайхиддиновнинг ўзи эса қўшиқда барча зарур омиллар бирлашган деб ҳисоблайди.

“Аслида ҳамма нарса жуда оддий. Сир шундаки, қўшиқ тингловчиларга шунчаки ёқди, уларнинг қалбига кириб борди. Аделнинг образи, товуш, дўмбира билан кириб келаётган овоз буларнинг барчаси шундай уйғунлашдики одамларнинг ўзи қўшиқни қўллаб-қувватлай бошлади. Кейин радиостанциялар қўшилди, одамлар трендларни яратишни бошлади, рақсга тушишди, куйлашди, миллий кийимларини кўрсатишди. Қўшиқ шу вақтда, шу ерда ва ҳозир пайдо бўлиши керак эди. Бу содир бўлди”, деди у.

Бундан ташқари, қўшиқ ва гуруҳни тарғиб қилиш учун катта бюджет сарфланмаган, деб таъкидлади артист.

“Ҳомай” қўшиғи қадимги туркий маданиятларда учрайдиган афсонавий қуш ҳақида ҳикоя қилади.

Қўшиқда “Ҳомай” (Ҳумо) қушининг “Урал-Ботир” афсонасидаги образи акс эттирилган. Бу афсонада “Ҳомай” — самовий худо “Самрау” ва Қуёшнинг қизи бўлиб, “Урал-Ботир”га ёвуз кучларга қарши курашиш учун олмос қилич ва афсонавий “Акбузат” отини совға қилади. “Ҳомай” “Урал-Ботир”га нафақат иттифоқчи, балки рафиқа ҳам бўлади.

Қўшиқда “Ҳомай”нинг “Урал-Ботир”га абадий ҳаёт манбасига йўл кўрсатганлиги, шунингдек, “Урал-Ботир”нинг бу манбадан сув ичиш ўрнига, уни бутун инсоният учун қутқаришга бағишлаганлиги ҳақида ҳикоя қилинади. “Ҳомай” эса, содиқ севгили сифатида, бу воқеалардан сўнг абадий лайлакка айланади.

Қўшиқда “Ҳомай”нинг ҳеч қачон бегоналар билан турмуш қуришга рози бўлмаганлиги, ўз юртида қадимги урф-одатларга содиқ қолгани, ватанига содиқ ўғилларни тарбиялагани ва бошқирд гўзалларининг қалбида абадий ҳаёт манбасига йўл муҳрлангани ҳақида куйланади. Шунингдек, таронада “Ҳомай”нинг бошқирд халқининг маданияти ва анъаналарига содиқлиги, шунингдек, аёлнинг кучли ва содиқ руҳи акс эттирилган.

“Ay Yola” гуруҳи ҳозирча фақат иккита қўшиқ чиқарган: “Батйр” (“Ботир”) — февраль ойида ва “Ҳомай” — март ойида. Лекин гуруҳ аъзолари айтганидек, бу бутун лойиҳа “Урал-Ботир” достонига бағишланган альбом бўлиб, ундаги қўшиқлар “сериал” форматида чиқарилади.

Баъзи бошқирдлар қўшиқни нима учун танқид қилишди?

Бошқирд аудиториясининг бир қисми Аделнинг миллий тилдаги талаффузидан норози бўлди. Одамларнинг фикрича, кўпгина ибораларни тушуниш қийин ва рус тилидаги акцент сезилади.

Ижтимоий тармоқларда нафақат изоҳлар, балки “мен бошқирдман ва қўшиқда нима ҳақида куйланаётганини тушунмаяпман”, каби мустақил видеолар ҳам пайдо бўлди. Аммо қизни ҳимоя қилишга киришган тингловчилар ҳам топилди. Уларнинг фикрича, ҳамма нарса вокалнинг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ.

“Унинг нима куйлаётганини тушуниш учун Урал ҳақидаги достонни билиш ва ўқиш керак. Шунда ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. У сўзларни чўзиброқ айтади, ахир бу қўшиқ-ку. Ҳозир шундай куйлаш одат тусига кирган”, деб ёзган мухлисларидан бири.

Адел танқидга хотиржам муносабат билдирди. У ўзини ярим рус эканлигини ва оиласида бошқирд тилида сўзлашувчилар бўлмаганини таъкидлади.

“Лекин бу мен учун халқ маданиятига қизиқиш ва она тилида куйлашга халақит бермайди. Акцент ҳақидаги изоҳларга мутлақо оддий муносабатда бўламан, баъзи тингловчилар, аксинча, унда ўзига хосликни топишди”, дейди у.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ижтимоий тармоқларни “портлатаётган” “Ҳомай” қўшиғини ким ижро этган?