date

«Олтин Ҳумо–2025»: миллий кино ютуқлари эътироф этилди

«Олтин Ҳумо–2025»: миллий кино ютуқлари эътироф этилди

2025 йил 17 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Миллий кино санъати саройида миллий кинематография ҳаётида муҳим воқеа — «Олтин Ҳумо – 2025» миллий киномукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Анъанавий тус олган ушбу тадбир кино соҳаси вакиллари, таниқли санъаткорлар, режиссёрлар, актёрлар ва ижодий жамоаларни бир жойга жамлади.

Маросим доирасида жами 62 та киноасар томошабинлар ва мутахассислар эътиборига ҳавола этилди. Улар орасида 25 та бадиий фильм, 21 та ҳужжатли картина ҳамда 16 та анимацион лойиҳа бор. Бу кўрсаткич ўзбек киносида турли жанрлар ва йўналишлар изчил ривожланаётганини яққол намоён этди.

Тақдирлаш маросимида йилнинг энг муносиб ижодий ишлари алоҳида номинациялар бўйича муносиб баҳоланди. Жумладан, «Оқ олтин лаънати» фильми энг яхши ҳужжатли фильм деб топилган бўлса, «Ақлли қиз» анимацион йўналишда ғолиб бўлди.

Техник ва ижодий маҳорат ҳам четда қолмади: «Баҳор ортидан» фильми учун Улуғбек Абдусоатов энг яхши овоз режиссёри сифатида эътироф этилди, «Саёқ шамол» фильмидаги монтаж ишлари учун Азим Ботиров мукофотга сазовор бўлди. «Минтақа» фильми график ечимлари билан, «Пахта» эса рассомлик ва операторлик ишлари билан ажралиб турди.

Актёрлик маҳорати борасида ҳам кучли ижролар қадрланди. «Шамскамар» фильмидаги роли учун Юлдуз Ражабова энг яхши аёл роли, «Чўлоқ» фильмидаги чиқиши билан Улуғбек Муҳаммадкаримов энг яхши эркак роли номинациясида ғолиб бўлди.

Кечанинг энг асосий соврини — «Энг яхши фильм» мукофоти «Махтумқули Фироғий» картинасини яратган ижодий жамоага топширилди. Фильм продюсери Музаффархон Эркинов ушбу муваффақиятни бутун жамоанинг меҳнати сифатида баҳолади.

«Олтин Ҳумо – 2025» маросими яна бир бор миллий кино санъатида янги изланишлар, кучли ғоялар ва юксак ижодий салоҳият мавжуд эканини кўрсатди. Бу эътирофлар эса келгуси йилларда ўзбек киноси янада баланд марраларни кўзлашидан дарак беради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » «Олтин Ҳумо–2025»: миллий кино ютуқлари эътироф этилди