Расман: Ўзбекистонда 1 апрелдан "заправка"да нақд пул ўтмайди

Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб бир қатор тўловлар фақат нақдсиз шаклда қабул қилинади. Гап шунчаки “қулайлик” ҳақида эмас — қарорнинг асосий мақсади нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш.
Энг кўп муҳокама бўладиган жиҳат — ёнилғи қуйиш шохобчалари. 1 апрелдан транспортларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида нефт-газ маҳсулотларини сотиш ҳамда электромобилларни зарядлаш хизматлари банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланган. Яъни “нақд бериб кетавераман” деган сценарий ишламай қолади.
Бу тартиб фақат “заправка” билан чекланмайди. Шу санадан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви учун тўловлар, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун тўловлар ҳам нақдсиз йўлга ўтади. Қолаверса, қиймати 25 миллион сўмдан юқори бўлган товар ва хизматлар бўйича тўловлар ҳам фақат карта/электрон тўлов билан бўлади.
Яна бир катта нуқта — йирик олди-сотдилар. Ҳужжатда кўчмас мулк объектлари ҳамда ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган айрим тоифадаги транспорт воситалари (М, N, O ва G тоифалари) ва махсус автотранспортни сотиш-сотиб олишда ҳам тўловлар нақдсиз шаклда амалга оширилиши кўрсатилган.
Амалиётда нимани англатади?
Карта/телефондаги тўлов иловасини “доим тайёр” ҳолатга келтириш керак бўлади.
"Заправка"га киришдан олдин баланс ва лимитларни текшириб қўйиш фойдадан холи эмас (акс ҳолда касса олдида “ой-йой” бошланади).
Катта харидлар ва олди-сотдиларда пул ўтказиш, чек ва тасдиқ ҳужжатлари тартиблироқ бўлади — кейин “мен бергандим-ку” деган баҳслар камаяди.
Хулоса оддий: 1 апрелдан “нақдга ўрганганлар” учун режим ўзгаради. Эртароқ мослашсангиз, кейин навбатда асаб йўқотмайсиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!