“Дунёда барча халқлар орасида энг кўп мусиқа, куй-қўшиқлар тинглайдиган ва ижро этадиган халқ – ўзбеклардир. Қадимий Хоразм воҳасини ўргангани борганимда, ҳар бир хонадонда битта ёки иккита миллий мусиқа асбобини кўриб ҳайратланган эдим…” Шарқшунос олим Евгений Бертелснинг бу иқрорномасида ҳикмат бор. Ҳақиқатан ҳам хоразмликлар мусиқа ва санъатга ошуфта халқ. У Комилжон Отаниёзовдек буюк санъат дарғасини етиштириб чиқарган воҳа. Биз бугун миллатимиз фахрига айланган, ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига сидқидилдан хизмат қилган, маънавиятимиз, маданиятимиз равнақига муносиб улуш қўшган бундай улуғ зотларнинг ўзини ҳам, қўшиғини ҳам соғиниб-соғиниб яшаяпмиз.
Ҳаёт қизиқ. Ҳар даврнинг ўз сози ва ўз овози бор. Яқин-яқинларгача кишилар юрагини забт этган, ўзбек миллий куй қўшиқларини баланд пардаларда куйлаган истеъдод соҳибларининг кўпчилиги бугун орамизда йўқ. Аммо уларнинг хонишлари кекса ва ўрта авлод вакиллари қулоғида ҳамон жаранглайди. Ўзбек мумтоз қўшиқларини тинглаганимизда руҳиятимизда ажиб туйғулар мавжланади. Турмуш икир-чикирларидан ҳориган, толиққан руҳ аста секин қувватга кира бошлайди. Ҳа, миллий куй-қўшиқларни тинглаган ҳар қандай одамнинг юрагида ана шундай эврилиш бўлиши табиий. Негаки, бизнинг томиримизда ота-боболаримизнинг қони оқяпти. Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқовдек, Таваккал Қодиров, Отажон Худойшукуров сингари улуғ санъаткорларни тарбиялаб вояга етказган миллат бу. Ҳақиқий санъатни сохта санъатдан ажрата биладиган халқ бу. Шунинг учун бўлса керак, биз уларнинг қўшиқларини ички бир энтикиш, ҳаяжон билан тинглаймиз.
Ҳеч кузатганмисиз, давралар, катта-катта байрам тадбирлари, тўю томошалар Хоразм “Лазги”сисиз ўтмайди. Аммо уни илк бор сўзга солиб, “Ҳай, омон-эй, омон” дея гулдурак овози ила дилларни тўлқинлантириб юборган зот Комилжон Отаниёзов эканини биров билади, биров эса билмайди. 1957 йилда К. Отаниёзов халқ куйига Комил Хоразмий ғазалини қўйиб “Лазги” қўшиғини яратишга муваффақ бўлади.
Комилжон Отаниёзовнинг “Аввал сўз, кейин соз” деган пурҳикмат сўзи бор. Куйлаётган ҳар бир қўшиқ матнига ўта синчковлик, масъулият билан ёндашган ҳофизнинг қувваи ҳофизаси кенг, фикри ниҳоятда теран бўлган экан. Санъаткор ҳам ҳофиз, ҳам созанда, ҳам актёр, ҳам бастакор сифатида ўзбек миллий мусиқа санъатида алоҳида мактаб яратди. Мураккаб халқ ашулалари, достонлар, Хоразм суворалари, мақом ашула йўлларини қунт билан ўрганган. “Салом сенга Хоразмдан”, “Муборак”, “Ватан”, “Олқиш”, “Темир йўл”, “Ўзбекистон”, “Хоразм” каби қўшиқлари халқчиллиги, самимийлиги, содда ва равонлиги билан халқимиз қалбидан чуқур жой олган. У достон йўлларини Бола Бахши Абдуллаевдан, Хоразм мақом ашула йўлларини Матпано Худойбергановдан ўрганган. Хоразм вилоят театрида ҳам хонанда, ҳам актёр сифатида фаолият юритиб, театр саҳнасида ранг-баранг роллар ҳам ижро этган. Унинг бастакорлик борасида ҳам олиб борган ижодий изланиши таҳсинга лойиқ. Санъаткорнинг О. Степанов билан ҳамкорликда яратган “Азиз ва Санам”, “Ошиқ ўариб”, С. Ҳайитбоев билан ҳамкорликда яратган “Сўнгги хон” каби мусиқали драмалари ҳам унинг серқирра ижодкор эканидан дарак беради.
Буларнинг ҳар бирини маромига етказиб куйлаш учун фақат овознинг ўзи камлик қилади, албатта. Катта куч, катта қалб, овоз диапозонининг кенглиги… Хуллас, битта ашула ё қўшиқни мукаммал даражада ижро этиш ҳам мушкул. Бу бир томондан шарафли, иккинчи томондан ўта масъулият ҳам талаб этади. Комилжон Отаниёзов ўз созию овози билан эмас, балки инсонийлик фазилатлари билан ҳам барчага ўрнак, намуна бўла оладиган буюк санъаткор эди.
Қуйида ҳофизнинг ушбу сўзларига эътиборингизни қаратмоқчимиз “Кибру ҳавога, манманликка берилган хонанда тез эл назаридан тушади. Одамлар унинг ўзини ҳам, қўшиғини ҳам соғинмай қўяди. Бундан ёмони йўқ!”
Донишмандлик билан айтилган бу панднома ҳассос санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг юрак тубидан отилиб чиққан. Содда ва равон аммо унинг таг мағзида фалсафий теран маъно бор десак асло муболаға бўлмас.
Минг шукрки, бугун халқимизнинг ардоқли ижодкорларининг қилган меҳнатлари муносиб қадрланиб, уларнинг хотиралари абадийлаштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз зиёлиларига, илм ва маърифат, санъат аҳлига катта эътибор қаратиш билан бир қаторда уларнинг номларини ўсиб келаётган ёшлар онгига, қалбига сингдиришдек шарафли ишларни амалга оширмоқда. Бундай эътибор ва эъзоздан барча ижодкорлар илҳомланади, руҳланади. Шахсан муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан халқимиз ардоғидаги санъаткор, Хоразм булбули, Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда “Ўзбекконтсерт” давлат муассасаси билан ҳамкорликда “Туркистон” саройида ўтказилган контсерт дастури фикримизнинг ёрқин далилидир.
Мана мухлислар интиқлик ила кутган контсерт дастури ҳам бошланди. Парда ортида ҳофизнинг шогирдлари бирин-кетин у кишининг қўшиқ ва ашулаларини куйламоққа чоғланиб туришибди. Шу пайт уларнинг кўнгилларидан нелар кечмоқда экан. Тингловчиларнинг нигоҳи саҳнага қадалган. Адабий кечада Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов, профессор Отаназар Матёқубовлар сўзга чиқиб, беназир санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг ўзбек миллий мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссаси, инсоний фазилатлари хусусида тўхталиб ўтишди. Сўнгра куй куйга, рақс рақсларга уланди. Ўзбекистон халқ ҳофизлари ўафур ва ўулом Эшжоновлар, Хоразм мақом ансамбли, “Лазги” ашула ва рақс ансамбли, Ўзбекистон халқ ҳофизи Сойибжон Ниёзов, Ю. Ражабий номидаги мақомчилар ансамбли, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зарифбой Азизов, Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландар Норматов, дуторчи қизлар ансамбли, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Оғабек Собиров, хонанда Роҳила Рўзимова, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажоновлар ижросидаги дилтортар куй-қўшиқлар мухлислар кўнглига ўзгача завқ бағишлади. Айниқса, Ортиқ Отажонов Хоразм “Лазги”сини куйлаганда бутун зал қалқиб кетди. Кеча тугади. Аммо Комилжон Отаниёзов хотирасига бағишланган контсерт тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этади…
Мақоламиз сўнгида улуғ ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг ушбу сўзларидан иқтибос келтирамиз. “Тўй-ҳашамга борадими, бирон тадбирда қатнашадими, ҳатто ўтиришма – зиёфатда қўшиқ айтадими, хонанда оғзидан чиққан ҳар сўзнинг маъносини тушуниши, тингловчи юрагини забт эта олиши керак. Бўлмаса фойдаси йўқ. Бунинг учун адабиётни билиши, кўп китоб ўқиши, шоирлар, адиблар билан тез-тез мулоқотда бўлиб туриши керак”.
Ҳа, бу битиклар, санъат аҳлига, санъат бўсағасида турган келгуси ёшларга бир даъват, бир мурожаат. Ҳассос санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг умри боқий қўшиқлари ҳали узоқ йиллар халқимиз қалбидан ўчмайди, ҳали кўп куйланади, ҳали кўп тингланади, авлодлар алмашади, бироқ ҳофиз ўз қўшиқлари билан ҳамиша қалбларда яшайверади.
Манба: fayzbog.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Олий суд раиси: "Терговчилар асоссиз қўйган айбловлар учун жавоб бериши керак"
Киев Буюк Британияда “бўлажак бош вазир ва президентларни” тайёрлашни режалаштирмоқда
Андижонда Тез тиббий ёрдам маркази директор ўринбосари ўз ишига тикланди