09:05 / 11.02.2018
8 502

Японларнинг "ўзбек қизи"...

Японларнинг "ўзбек қизи"...
Бир мухлисимиз таҳририятга қўнғироқ қилиб, «Тановор»га қойилмақом рақс тушадиган япон қизи ҳақида мақола тайёрлашимизни сўради.

Албатта, таклиф жуда ажабтовур эди. Ҳайратланарлиси, миллий рақсимиз ҳисобланган «Тановор» Мукаррама Турғунбоевадан мерос. Анча мураккаб, ўзбек аёлининг ибо-ҳаёси ва одоби мужассам бу бетакрор рақсни япон қизи ижро этиши чиндан ҳам ҳайратланарли эди.

Шулар сабаб бўлди-ю, Япониядан Ўзбекистонга ташриф буюрган «Рақс санъати академияси» («Arts Dance Academy») хореографи Аико Такеучи хоним билан учрашдик. Ўзбек тилида салом бериб, қўлини кўксига қўйиб турган бу аёлни кўрганимизда, унинг япон қизи эканига ишонгим келмади. Чунки айнан ўзбекларга хос урф-одат, одоб унинг ҳар бир хатти-ҳаракатида сезилиб турарди.

Бунинг сабабини сўраганимизда, у «Ўзбекистонга бу сафар олтинчи марта келишим. Илк бор 2011 йилда юртингизда бўлганман. Ўша маҳалдан бу диёрнинг урф-одатлари, санъати, одамлари, табиати мени мафтун этган ва катта завқ олганман», дея жавоб берди.

Аиконинг нега айнан ўзбек рақсини ўрганиш ва тарғиб қилиш истаги билан қизиқдим. Раққосанинг бутун ҳаёти рақсга бағишланган, ўзбек рақси эса ижодий фаолиятидаги энг юқори чўққини эгаллаган экан. Раққоса рақс санъатига 20 ёшида кириб келган. Аввало, япон миллий ва замонавий рақсларини пухта ўрганди. Ҳиндистон, Миср ва бошқа араб мамлакатлари, АҚШда урф бўлган рақсларни ижро этиб кўрди. Сўнг ўзбек миллий рақсларига қизиқиши ортиб, бу рақсни катта иштиёқ билан ўрганишга киришди.

— Илк бор «Муножот» рақсини кузатганман. Шунда аёлнинг гўзаллиги, ибо-ҳаёси дардини кўрсатувчи рақс айнан ўзбек рақслари эканини билганман. Мен излаган рақс айнан шу эди.

Аико олдинига Бухоро, сўнг Самарқандда ўзбек миллий рақс сирларини ўрганди. У японларнинг бу рақсга муносабати ҳақида гапирар экан, ўзбек раққосаларининг либоси, тақинчоқлари бошқа миллатларникидан жуда фарқланиши, ўзбек рақсида аёлнинг ҳаёси, жозибадорлиги, нозиклигини намойиш қилиниши томошабинда қизиқиш уйғотишини таъкидлади. Айниқса, кўзни олиб қочиш, юзларни беркитиш, им қоқиш, қошу елка учириш каби нозик ҳаракатлар фақатгина ўзбек рақсига хослигини такрорлади.

Аико «Тановор»ни ўзбек бўлиб ижро этади. «Лазги»га тушганда хоразмлик, «Яққу-яқ»ни сурхондарёлик бўлиб ўйнаб бера олади. У Японияда бўлиб ўтган туризм фестивалларида, «Японияда Наврўз!», «Ўзбек Наврўзи Японияда!», «Ўзбекистоннинг мустақиллик куни!» каби байрамларда ўзбек рақслари билан чиқиш қилганида, уни ҳатто ўзбек деб ўйлашган эди.

Бир гал Халқаро сайёҳлар фестивалида Андижон, Хоразм, Бухоро, Сурхондарё рақсларидан ташкил топган «Попури»ни ижро этганида, фестиваль қатнашчилари энг мафтункор ва янгича рақс ижро этгани учун эътироф қилишган. Аиконинг ўзи ўша хотираларини гапирар экан, бугун Японияда япон ёшларининг бу рақсга қизиқиши кундан-кунга ошиб бораётганини таъкидлади.

— Ўзим Токиода дарс бераман. Ўқувчиларга бир қанча миллат рақсларини ўргатамиз. Буларнинг ичида ўзбек рақси ҳам бор. Тўғри, ўзбек рақси ҳали жуда оммабоп эмас, аммо тарғиботларимиз орқали ёшларга кўрсатганимизда уларнинг сони ошяпти. Ўйлашимча, ўзбек рақсида жуда катта имконият бор. Чунки бу рақсларни бир кўрган одам ёқтириб қолади. Мисол учун, Токиога Нагоя, Осака каби шаҳарлардан айнан шу рақсни ўрганиш учун келишади.

Аико 2014 йилда Японияда «Буюк ипак йўли» ўзбек рақс ансамблини тузди. Ундан сўнг эса «Ширин» болалар ўзбек рақс ансамблига асос солди. Ҳозир унинг ансамблидаги рақслар сони бир концерт репертуарини ташкил этади. Аиконинг муваффақияти у рақсларни шунчаки ўрганмайди, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир услубни тўлалигича назарий жиҳатдан пухта эгаллайди. Рақснинг келиб чиқиш тарихи, саҳналаштирилган вақтигача билишга ҳаракат қилади. Шу орқали раққоса ижро давомида ўша ҳолатни ўзида мужассамлаштиришга эришади ва ҳақиқий ўзбекка айланади. Албатта, унинг муваффақиятига устозларининг ҳам ҳиссаси бор. Чунки у моҳир раққосалар Гулмира ва Дилором Мадраҳимовадан рақс сирларини ўрганди.

Япон раққосаси кетишга чоғланар экан, келгусидаги режаларини ошкор этди:

— Японияда Ўзбекистонни туризм, спорт орқали танишади. Мен эса Японияга Ўзбекистонни рақси орқали танитмоқчиман. Чунки миллатингизнинг жуда мукаммал рақслари мавжуд. Албатта, ўзим ўқитувчилик қилаётган мактабда ўзбек рақсини ўргатадиган гуруҳларни кенгайтираман. Кучим ва имкониятим борича Японияда ўзбек рақсини ёйишга ҳаракат қиламан.

Гулмира МАДРАҲИМОВА,
Ўзбекистон Давлат ашула ва рақс ансамбли балетмейстери:

— Аикога бир ҳафта давомида ўзбек рақс сирларини ўргатдим. Машғулотлар давомида Аиконинг жудаям юксак маҳорат эгаси эканига гувоҳ бўлдим. Чунки машғулот давомида битта рақсни ўрганувчига беш ёки олти қисмга бўлиб-бўлиб ўргатардим. Аммо Аикога бир кунда битта рақсни бошидан охиригача ўргатдим. У эса буни бемалол ўзлаштира олди. Аикога шу бир ҳафта давомида асосан Мукаррама Турғунбоевадан мерос қолган «Роҳат», «Тановор» рақсини, Исоҳор Оқиловнинг бухороча йўналишдаги «Ларзон» рақсини, «Лазги», фарғонача, сурхонча рақсларни ўргатдик.
Гўзалой МАТЁҚУБОВА

Манба: od-press.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Японларнинг "ўзбек қизи"...