07:20 / 29.05.2020
2 737

Озодбек Назарбеков: «маданият бормаган» қишлоқлар ва санъат борасида ўтмаслашган дид

Озодбек Назарбеков: «маданият бормаган» қишлоқлар ва санъат борасида ўтмаслашган дид
Фото: Kun.uz
26 май куни президент Шавкат Мирзиёев маданият соҳасига оид «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Kun.uz мухбири бу фармон билан маданият соҳасида қандай ўзгаришлар кутилаётгани ҳамда ўз ечимини кутаётган бир нечта муаммолар юзасидан Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан суҳбат уюштирди.

— Озодбек ака, сизга Маданият вазири лавозими топширилганига деярли 4 ой бўлди. Одатда, қайсидир лавозимни эгаллаган инсоннинг фаолиятига баҳо бериш учун 100 кун вақт ўтиши кутилади. 100 кундан сўнг унинг натижаларига баҳо бериш мумкин. Сиз вазир сифатида лавозимга тайинлангандан сўнг нималарга кўпроқ эътибор беряпсиз ва нималарни қилишга улгурдингиз?
— Аввало, маданият бошқарув тизимида қарийб 3 йилдан бери фаолият юритаётган бўлсам, мен бирор иш қилдим деб айта олмайман. Сабаби, дастлаб, ўрганишда бўлдим. Тизим муаммоларини таҳлил қилиш, тушуниш ва муаммоларни ҳал қилиш самарадорлигини оширишга ҳаракат қилдим. Ҳеч кимга сир эмас, ўтган йиллар мобайнида маданият иккинчи даражали ёки ундан ҳам қуйироқдаги тизим сифатида қараб келинган.

Бу давр мобайнида соҳани қўлдан келганча ўргандим, лекин 3 йил бунинг учун етарли эмас. Санъат соҳасида cуягим қотгани учун ҳам маданиятга оид муаммолар билан таниш эдим. Ҳозир мана шу муаммоларни ҳал қилишга имкон қадар ҳаракат қиляпман. Ўтган давр соҳани ичига киришим учун тайёргарлик бўлди, десам ҳам бўлади.

Соҳада ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар кўп бўлса-да, энг асосийлари янги фармон билан ўз ечимини топиши керак.

— Тушунишимча, фармон билан маданият соҳасида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи ОТМ - Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа ва санъат институти ташкил қилиниши белгиланган. Кадрлар тайёрланса, бунинг билан бирга унинг сифатига баҳо берадиган бахшишунос, мақомшунослар ҳам тайёрланадими?
— Умуман олганда, таълим соҳасидаги ислоҳотларда мана шу соҳага оид олимларни етиштириш мақсад қилиб олинган. Сабаби, айниқса, бахшичилик ва мақом йўналишларида зўр ижрочиларга муҳтож эмасмиз. Улар бугун бор. Истеъдодлар турли ҳудудларимизда мавжуд. Бироқ ўтган давр мобайнида илм билан ҳеч ким шуғулланмади- назария узилди. Дейлик, Юнус Ражабий мақом санъатини нотага киритиб, мақом меросимизни қоғозга туширган мақом йўналишидаги биринчи ва охирги академик бўлиб қолган.

Шундан сўнг ўтган давр мобайнида бирорта академик бўлмаган, соҳада сезиларли ўзгаришлар қилинмаган ва яхши ўқув қўлланмалар чиқарилмаган. Ҳатто консерваторияда мақом ижрочилиги факультетида устоз-шогирдлик анъанаси бўйича таълим берилмоқда. Мен буни қораламоқчи эмасман. Бироқ хавотирли томони: агар шу йўналишда бирор устоз қолмаса, демак, бу санъат ўлди дегани. Чунки унинг ҳужжати, паспорти йўқ.

Яъни, масалан, жаҳон мусиқаси йўналишида бизда бирорта мутахассис қолмаса, методикалардан фойдаланиб, ўрганиб, ишни қайтадан йўлга қўйса бўлади. Бироқ мақомчилик йўналишида шундай ҳолат бўлса, бу йўналиш тугайди. Шунинг учун мақомчилик, катта ашула каби йўналишларда билими бор устозларни илмга йўналтириб, улардан керакли нарсани олиб қолишимиз керак.

Қисқача айтганда, миллий анъанавий йўналишда таълим сиёсатини тубдан ислоҳ қилишга муҳтож эдик. Ўтган йили бахшичилик марказлари ташкил қилинганди, энди мақом марказлари ҳам очилиш режалаштирилган, уларда, асосан, илм билан шуғулланилади. Марказларда унутилиб кетган созлар, топилмаган, таржима қилинмаган мусиқа асарлари, рисолалар ўрганилади.

Масалан, Форобийнинг ҳам мусиқага оид ҳали таржима қилиб ўрганилмаган асарлари бор. Лекин, аслида, жаҳон мусиқаси ва миллий мусиқамиз ўртасида ҳам катта тафовут бор.Жаҳон мусиқаси андозалари миллий мусиқамизга мос келмайди. Жаҳон мусиқаси миллий мусиқамизни тасвирлаб бера олмайди. Шунинг учун олдимизда миллий ноталаримизни яратиш вазифаси ҳам турибди. Буларнинг ҳаммаси эса илм билан боғлиқ.

— Кейинги савол ҳам бевосита шу мавзуга алоқадор. Бизда мақом йўналишида назариячи мутахассислар масаласи долзарб ҳисобланади.
Маҳмуджон Тожибоев, Аброр Зуфаров, Муножот Йўлчиева каби тажрибали устозлар бўлса-да, улар кўпроқ амалиётчи. Хўш, янги очилаётган институтда талабаларга назарий билимларни ким беради?

— Фармон лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ундан кейинги жараёнларда мутахассисларни жалб қилдик. Бундан ташқари, ўтган йили мақомчилик ривожланган Бухоро, Хоразм, Фарғона ва Тошкент каби 4 та ҳудудда мақом мактаб-интернатлари ташкил этилганди.

Режамизга кўра, ўша мактабларни битириб келган болаларни консерватория таълими қониқтирмаслиги керак. Улар ўша мактабларда кўпроқ нарса ўзлаштириши ва мақомчиликни ўрганиши учун кадр тайёрлашни мактаб-интернатлардан бошламоқчимиз. Эҳтимол, бу бошида 1-2 йил натижа бермас, лекин босқичма-босқич самарасини кўришимиз мумкин. Бошида таъкидлаганимдек, яхши амалиётчиларимиз кўп, энди яхши назариячилар, олимларга эга бўлишимиз керак.

Шунинг учун 4 та мактаб-интернатда мақомчилик илми, тарихи, ноталар, аруз, ғазалларни тушунишни мукаммал ўрганган кадрларни бошидан тайёрлаб келмоқчимиз.

Агар консерватория ҳақида маълумот сўралса, ўртача 4-5 баҳолик маълумот берилаверади. Масалан, фортепиано, академик ижро йўналишида йигит-қизлар катта-катта фестивалларда лауреат бўлиб келишмоқда. Улар таълим муассасасига умумий баҳони олиб беришмоқда. Бироқ консерваторияда қайсидир бир соҳа чиримоқда, йўқолиб боряпти. Умумий планда эса “мана шунча лауреат бор” дея кўрсатилади, бироқ ичкарида ривожланмай қолаётган мақомчилик каби йўналишлар бор.

Бунинг айби ҳам яхши ижрочилар, мақомчилар билан ёпилиб кетяпти. Лекин улар индивидуал истеъдод эгалари, оила тарбияси ва мерос қобилият билан шу даражага эришишган, бундай шахсларни консерватория тайёрлаб беради, деб айта олмайман. Шунинг учун камчиликларни кўрсатмоқчи ҳаммиз. Бунинг билан эртагаёқ консерватория ёки миллий мақомчилик институти гуллаб-яшнайди, деб айтолмайман, аксинча, хато ва камчиликларимиз кўринади, унинг қанақа аҳволда эканини олимлар ҳам, жамоатчилик ҳам кўрсин.

Ва бу бизга уни мукаммаллаштириш вазифасини юклайди. Агар умумийлик ичида миллий мусиқамиз қолиб кетаверса, унда унинг қай аҳволда эканини била олмасдан ўз-ўзимизни алдаб юраверамиз. Агар бошқа мусиқа йўналишларидан ажратиб олсак, камчиликлари яққол кўринади ва уларни бартараф этиш учун ҳамма имкон қадар ёрдамга шошилади.

— Чекка ҳудудларда маданият ва дам олиш марказлари жуда ачинарли аҳволда. Қўполроқ тасвирласак, бу йўналишда одамлар одамдек яшамайди. Фармонда шу йўналишда ҳам режаларни кўрдим. Хўш, чекка-чекка ҳудудларга клублар, дам олиш масканлари қай даражада кириб боради?
— Масалан, мен туғилиб-ўсган Шаҳрихон туманида 350 минг аҳоли яшайди. Шу туманда 3 та маданий марказ бор, уларнинг биттаси ишлайди, биттаси бир ишлаб-ишламайди. Бир сўз билан туманда маданият йўқ деб айтишим мумкин. 350 минг аҳоли 30 километр йўл босиб туман марказидаги маданият марказига келмайди. Бу аччиқ ҳақиқат.

Лекин биз бир йилда ҳамма туманларда маданият марказлари қуриб фойдаланишга топшира оламизми? Буни ҳал қила олмаймиз.

Шунинг учун давлат раҳбари томонидан кўчма автоклублар ташкил этиш ҳақида айтилди. Уларнинг ичида ҳамма шароит, ҳатто гримхонагача бўлади. Улар ҳудудларга бориб, маданий хизмат кўрсатиш вазифасини бажаради. Бу туман ҳудудларида маданий марказлар қуриб фойдаланишга топширилгунга қадар ҳозирги биринчи ечим.

Бундан ташқари, бу автоклублар топган даромадни улар тегишли бўлган маданий марказларда қолдириш, вилоят маданият бошқармаларининг ҳам топган пулларини ўзларида қолдириш, пуллик шартнома асосида тадбирлар ўтказиш вазифаси қўйилмоқда.

Булар билан «тип»лардан воз кечилмоқда. Ҳозир маданият марказларининг 3 та типи бор. Шулардан воз кечиб, маданият марказларининг арзон-қулай вариантлари шакллантирилмоқда.

Биз Андижон вилояти мисолида ҳолатни ўргандик ва битта маданият маркази ўрнига 3-4 маҳалла гавжум яшайдиган ҳудудларга кичик-кичик маданият марказларини қуриш фикрига келдик. Масалан, уларда ҳам тўгараклар ташкил қилиш ва бошқа энг керакли шароитларни қилиб бериб, маданий хизматларни йўлга қўйишимиз зарур.

Қишлоқларда ҳозир деярли маданий марказлар йўқ. Фақат мактаб, дала, мол-қўй. Шунинг учун бу масалани имкон қадар тез ҳал қилишимиз зарур. Ва ҳозир бу йўналишдаги йиллик режамизга ҳам ўзгартириш киритиб, қурилиши мўлжалланган битта каттароқ марказ ўрнига нечта кичикроқ марказ қуриш мумкинлигини ҳисоблаб чиқяпмиз. Агар ҳаммасини аниқ белгилаб олсак, кейин шунга қараб, тегишли ташкилотлар билан келишамиз. Бунинг билан ҳар бир вилоятга тушган пуллар сарфини ўзгартириб, кўпроқ аҳолини қамраб олмоқчимиз.

— Маданиятнинг турли тармоқлари: адабиёт, тил, санъат, дин ҳаммаси инсон дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилади. Лекин сиз ҳам таъкидладингиз, охирги пайтларда инсонлар дунёқараши ўтмаслашгандек ва, афсуски, шунинг ортидан тил борасида ёки бошқа йўналишларда турли таҳдидларни ҳам сезяпмиз.
— Бу савол жуда оғриқли нуқтамиз ҳақида бўлди. Шу нуқтаи назардан фармонда маданият ва санъатнинг жамиятимизга таъсирини кучайтириш ҳақида айтилган. Бу эса биз маданиятчиларга чақириқ бўляпти.

Биринчидан, маданиятчиларни ўзларининг ҳаракатлари ҳақида ўйлаб кўришга чақиради: биз жамиятга қай томондан таъсир кўрсатяпмиз? Ижобийми ёки салбийми деган савол пайдо бўлади. Аслида, маданият соҳаси вакилининг жамиятда қандай вазифалари бор эди? Биз нималар қилишимиз керак эди?

Масалан, кўчада йўл патрул хизмати ходими одамларга қўпол муомалада бўлаётган бўлса, бунда бизнинг айбимиз йўқмикин? Бу ҳақида бирор маданиятчи ўйлаб кўряптимикин?

Ёки тилимизга тош отилаётган бир пайтда жамиятнинг жим туриши ҳам маданиятчиларнинг айби эмасмикин?

Ёки умуман, маданият одамлар дунёқарашида қандай акс этяпти? Фақат концерт, томошаларни англатадиган бўлиб қолганми бу сўз? Ёки бошқа маънолари борми? Афсуски, маданият сўзини одамлар жуда енгил тушунадиган бўлиб қолишган. Бу борада маданиятчилар масъулият ҳис қилишяптими? Жамиятнинг маданий савияси шаклланиб, такомиллашиб бормас экан, ўзини йўқотувчи жамиятнинг биринчи аломати ҳам шу эканлигини англаяпмизми? Чунки миллатни миллат қилувчи нарсалар ҳам маданиятдан иборат. Агар одамнинг маданияти бўлмаса, унинг манқуртдан фарқи қолмайди. Биз эса бунинг олдини олиш учун жамиятга қанчалик таъсир ўтказа оляпмиз?

Демак, бугун тизимлар орасида, вазирликлар ичида Маданият вазирлиги локомотив бўлиши шарт.

Айни пайтда айрим ота-оналар фарзанди паспорт олиши билан Россияга тоғасининг олдига ишлагани боради деб ўйлашади. Уларнинг орзулари шу даражада кичрайиб қолган. Бу совет даврининг бизга ўтказган салбий таъсирининг мевалари. Қишлоқларда ота-онанинг ҳам, фарзанднинг ҳам энг катта орзуси Россияга бориб ишлаб келишдан иборат бўлиб қолиши оммалашмоқда. Жамиятнинг орзулари кичрайган.

Амир Темурни ва бу орзуларни солиштириб кўринг ёки Ибн Сино, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ал-Хоразмийнинг қандай муқаддас орзулари бор эди-ю, ҳозир жамиятнинг аксар қисмида нега бундай кичик орзулар шаклланяпти? Буни фожиа деб аташ мумкин. Унинг содир бўлишида эса бизнинг, маданиятчиларнинг ҳам айбимиз бор, шунинг учун жамиятни ислоҳ қилиш дарди, уни қила оляпмизми ёки йўқми деган дард билан яшашимиз керак.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Озодбек Назарбеков: «маданият бормаган» қишлоқлар ва санъат борасида ўтмаслашган дид