13:06 / 22.07.2017
22 696

Беҳаёлик модага айланиб қолди…ми?

Беҳаёлик модага айланиб қолди…ми?
Глобаллашув даврида яшаяпмиз. Ҳамма тизимда шунга мос ва хос жараёнлар кечмоқда. Бу тўлқин маънавиятни ҳам чеклаб ўтмаяпти. Ахлоқий йўналишларда ҳам шунинг таъсири сезилиб қолаяпти.

Бугун айниқса миллатимиз ғурури, ору номуси, шаъни бўлмиш қизлар ахлоқи , тарбиясида қандайдир англаб бўлмас тезкорлик шиддати минг-минглаб оилалар, оналарни ташвишга солаётгани бежиз эмас.

Бир донишманддан “Ўлимдан ҳам оғир нима бор?” деб сўрашганда, у “Қиз келтирган иснод” деб жавоб қайтарган экан. Ўйланиб қоласан, исноднинг катта ё кичиги бўладими? Йўқ! Иснод миқдор билан ўлчанмайди. Куппа-кундуз куни скамейкаларда қучоқлашиб ўтирган коллеж ё лицей ўқувчиларининг баҳаёлиги иснод эмасми? Жамоат жойида, хиёбонларда, одамлар орасида йигитларнинг ўзбек қизларини уялмай-нетмай кўтариб юриши иснод эмасми? Қишлоқдаги айрим қизларнинг шаҳарга ўқиш учун келиб туни билан маст-аласт саёқ юриши иснод эмасми? Баъзи эркатой қизларнинг тунги чилимхоналарда сархуш бўлиб юриши иснод эмас дейсизми?

Қизлар ахлоқий тарбияси учун биргина жавобгар шахс- унинг онаси. Наҳотки, оналаримиз ўз қизларини шунчалик назоратдан чиқариб юборишган бўлса. Наҳотки, улар қизларини қаерда, нима иш билан машғул эканликларини билишни истамаса, хавотир деган сўз уларга наҳотки бегона бўлса?

Ҳурматли оналар! Эртага иснодга қолмаслик учун қизларимизга кўз қулоқ бўлайлик! Улғайган, муҳаббат ёшига етган фарзандларимизга кўпроқ эътибор қаратайлик! Токи бепарволигимиз эртага юзимизни эл олдида шувит қилмасин!

Ички ишлар идораларига ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи бўлган гапларимиз бор. Шаҳримизнинг хоҳлаган кўчаси, жамоатчилик дам оладиган хоҳлаган боғ ва хиёбонларида куннинг исталган соатида ўзидан катталардан тап тортмайдиган, беҳаё қилиқлари билан одамларнинг нафратини келтираётган йигит-қизларни учратиш мумкин. Шарқона тарбия ва одобни унутган ўзбек қизларимизнинг башараларини кўрмоқчи бўлсангиз, уларни тартибга чақирмоқчи бўлсангиз, шаҳар боғ ва хиёбонларини бир айланиб кўринг, фикримизнинг ҳақлигига амин бўласиз.

Балки бу ҳамманинг ўз шахсий иши, дегувчилар ҳам топилиб қолар. Шахсий иш барчанинг ўз уйида бўлади, жамоат жойларининг ҳам ўз қонун-қоидаси, тошу тарозуси бор. Жамоат жойларида ахлоқсизлик, беҳаёлик иллати авж олаётган бўлса-ю биз кўзимизни юмиб ўтиб кетаверсак? Қани жамоатчилик назорати фаолияти? Миллатимиз ғурури қизлар тарбияси билан ким шуғулланади? Аҳвол шу даражада ташвишли тус олаётганини назарда тутиб, бугун ахлоқий тарбияда тинимсиз очиқ мулоқотлар, оналар йиғилишлари, қизлар билан учрашувлар, ҳатто шу мавзуга бағишланган конференциялар ўтказиш зарур! Керак бўлса, телеэкран орқали баҳаёлик кўчасининг “қаҳрамон”ларини тасвирга олиб, кўрсатиш зарур. Ана шундагина бу “эпидемия”ни тўхтатиш мумкин.

Кузатиб бораяпмиз бир ҳафтадан буён гиёҳвандликнинг олдини олиш борасида кўрсатувлар ва ахборотларга кенг ўрин берилаяпти. Тўғри, гиёҳвандлик ёмон иллат! Қизлар ахлоқсизлиги ундан ҳам хавфли иллат! Иллат бўлганда ҳам бутун бир миллатни жар ёқасига олиб бориб қўядиган, хароб қиладиган, шармандаю шармисор қиладиган иллат-ку!

Раъно ҲАКИМОВА, Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси, журналист

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Беҳаёлик модага айланиб қолди…ми?