07:32 / 23.07.2017
8 726

"Бу воқеани эшитиб, ларзага тушдим"

"Бу воқеани эшитиб, ларзага тушдим"
Туркиянинг Шом чегарасига яқин Газиантеп шаҳарчасида қизим тенги қизалоққа кўзим тушди. Паришонхотир она қучоғида ётган беш ёшли гўдакнинг бир қўли ва бир оёғи йўқ эди. Қиз ўз тилида бир нарсалар деб инжиқлик қилар, онаизорнинг эса кўзидан дув- дув ёш оқарди. Уларни қочоқлардан бири эканлигини англадим. Юраклари эзилиб йиғлаётган она ва яримжон қизчанинг кўзида дунёнинг асл сийрати, алам ва охират сўроқлари жам бўлган эди гўё...
Қизчанинг қўлига ширинлик тутдим. Туркчада миннатдорчилик билдирган аёлни юпатар эканман, ўринсиз бўлсада фарзанди нима сабабдан бу холга тушганини билиш истагида савол бердим.
Онаизор чуқур хўрсиниб айтиб берган воқеадан ларзага тушдим.
..Айтишича, қизча аввал жуда шўх бўлган. Улар яшаган қишлоқ вайронага айланган бўлсада омон қолган тенгдошлари билан кечгача шаталоқ отиб чарчамасди.
Бир куни ўйнаб, вайрон бўлган ховлиларнинг бирига кириб қолишибди. Қизалоқ омон қолган ёлғиз дарахт шохида қизариб турган бир дона шафтолига кўзи тушгач севиниб кетибди.
Уни оламан дея дарахт остига яқинлашган замон эса кучли портлаш юз берган. Яъни қизча ўша шафтолини оламан деб портламай қолган снарядни босиб олган экан.
- Ҳаётику сақлаб қолинди,- деди аёл, фарзандининг бошини силар экан, - Аммо ҳар куни йиғлаб, яратганга илтижо қилади.
« Аллох, мен бошқа шафтоли емайман. Фақат, илтимос оёқчам ва қўлимни қайтариб бер!» дейишларига юрагим дош бермаяпти.
Унинг қолган гапларини эшита олмадим.
...Кўз ўнгимда Фарғонаги боғимизда шоҳлари ерга эгилган дарахтлардан истаганча шафтолихўрлик қилаётган болаларим намоён бўлди. Бекзодамнинг оёқларига қадар оқиб тушгувчи шира гўё менинг кўзларимдан оқаётгандай ўпкам тўлиб- тўлиб йиғлардим....
Бизда бир дона шафтоли қанча туришини билмадиму,
Ватанимни жудаям соғиниб кетдим.

Муаззам Иброҳимова

Манба: Dia.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Бу воқеани эшитиб, ларзага тушдим"