Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ходимига Кубадаги сингари ҳужум қилиндими?

  • Жамият
  • 30-11-2017, 11:06
  • 521
  • Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ходимига Кубадаги сингари ҳужум қилиндими?
    28-29 ноябрь кунлари халқаро оммавий ахборот воситаларида Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонасида фаолият олиб бораётган ходимларга нисбатан акустик ҳужум уюштирилгани ҳақидаги хабарлар тарқатилди.

    Ушбу хабарларда АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлигининг (USAID) Тошкентдаги ваколатхонаси ходимларидан бири ва унинг турмуш ўртоғи сентябрь ойида ҳужумга учрагани ҳамда АҚШга тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида қайтарилгани ҳақида айтилган эди.

    Айрим нашрларнинг хабарида Ўзбекистондаги хуруж Россия махсус хизматларининг иши экани гумон қилингани таъкидланган.

    Ушбу хабарлар юзасидан АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда америкаликларга акустик ҳужум қилинганини тасдиқламаслиги ҳақида маълум қилди.

    АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси хизматчилари Кубадаги каби акустик ҳужумга учрагани ҳақидаги хабарни инкор этилиб, Ўзбекистонда Кубадаги сингари ҳодиса рўй бергани тасдиқланмаслигини маълум қилишган.

    Маълумот учун, USAID - Давлат департаменти билан қалин ҳамкорлик қиладиган давлат ташкилоти бўлиб, 100 дан ортиқ мамлакатларда фаолият олиб боради.

    Жорий йилнинг август ойида Кубадаги америкалик дипломатлар акустик ҳужумларга учрагани хабар қилинган эди. Бунинг натижасида кўплаб дипломатик ваколатхона ходимлари зарар кўрган. Жабрланганларда эшитиш ва кўриш қобилиятини бузилиши, асаб касалликлари ва уйқусизлик келиб чиққани кузатилган эди.