21:13 / 05.04.2018
4 412

Бу йилги тест синовлари шаффоф ўтадими?

Бу йилги тест синовлари шаффоф ўтадими?
Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида белгиланган вазифалар ижроси хусусида сўз юритилди.

Қарорга асосан, олий таълим даргоҳларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган тест синовлари бўйича катта ўзгаришлар бўлди. Бу ўзгаришлар бўйича Давлат тест марказида бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг қамровли ишлар олиб борилди. Комплекс чора-тадбирлар, уларни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилди.

Эндиликда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари 15 кунда, ҳар куни икки сменада ўтказилади. Кунлик тест топширувчи абитуриентлар сони ўртача 57000-60000 тани ташкил этади. Тест материаллари китоб типлари асосида тайёрланиб, битта типдаги фанлар мажмуасига мос келувчи таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказиб борилади.

Натижаларни тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиш учун жавоблар варақасини тезкор ўқийдиган 2 дона "iNSIGHT 150" оптик сканери харид қилинмоқда. Бу борада АҚШ компанияси билан шартнома тузилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тест синовларини ўтказиш учун катта сиғимдаги павильонлар, кўп ўринли бинолар, коллежлар, ташкилотларнинг сиғими катта бинолари ўрганиб чиқилиб, улардан жами 57 та бино танлаб олинди. Уларнинг энг кичиги 240, энг каттаси 6150 ўринлидир.

Бу йил тест синовларига 2100 нафарга яқин назоратчи жалб этилиши кўзда тутилган. Улар учун семинар машғулотлари ўтказилади. Танлаб олинганларга махсус сертификатлар топширилади.

Абитуриент бинога шахсни идентификациялаш воситаси, видеофиксация қурилмалари, металлодетектор орқали киритилади. Тест жараёни узлуксиз видеокузатув остида ўтади. Ҳозирда биноларни етарли миқдорда стол-стул, ёзув тахтаси (доскалар) ҳамда техник воситалар билан таъминлаш, ўрнатиш борасида дастлабки босқич ишлар якунланди. Абитуриентларнинг ота-оналари тест синови жараёнини мунтазам кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.

Давлат тест марказидаги штатлар сони 150 тага кўпайтирилди. Муассасада бош бошқарма, бошқармалар ҳамда бўлимлардан иборат янги тузилмалар амалда бўлади. ДТМнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги бўлимларига 35 та штат бирлиги ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом қайта ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланди. Унда тест синовини ўтказиш билан боғлиқ атамаларга изоҳ берилган. Аудитория, аудитория раҳбари атамалари учрамайди. Олий таълим муассасасининг қабул комиссияси тест синови жараёнларида иштирок этмайди, раис ва масъул котиб бундан мустасно. Тест синовлари кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим учун ҳар йилнинг 1 августидан 15 августигача бўлган муддатда, кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 8:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади. Тест синовлари ўтказиладиган сана ва вақт Абитуриент рухсатномасида кўрсатилади. Ўтказилган тест синови бўйича видео ёзувлар Давлат тест марказида сақланади.

Саволлар китобида 3 та фандан тест синови топшириладиган таълим йўналишлари учун 90 та, 2 та фандан тест синови топшириладиган таълим йўналишлари учун 60 та, 1 та фандан 30 та савол бўлади. Тест топшириқларини бажариш ва жавоблар варақасини тўлдириш учун 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт ажратилади. Тест синови ўтказилмайдиган таълим йўналишлари бўйича алоҳида истеъдод талаб этиладиган таълим йўналишлари рўйхати шакллантирилди ва тегишли ташкилотларга топширилди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Манба: ЎзА

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бу йилги тест синовлари шаффоф ўтадими?