Erkin Keci / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Серблар кўпчиликни ташкил этадиган Шимолий Косоводаги вазият маҳаллий маъмурларнинг Сербиядан келувчилар учун вақтинчалик ҳужжат жорий этиш режаси, шунингдек сербларнинг автомобил рақамларини Косовоникига ўзгартириш жараёни бошланиши туфайли кескинлашди.
Косово бош вазири Альбин Курти Косово шимолида яшовчи сербларга Сербияда берилган автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамларини Косовоникига алмаштириш ҳақидаги буйруқ «жавоб чораси» эканини айтиб, Косово давлатчилигини тан олмайдиган Сербия ўз ҳудудига кириб келувчи косоволикларга худди шундай талаблар қўйганига эътибор қаратди.
Косовода янги чоралар 1 августдан кучга кириши керак эди. 31 июл куни кечқурун юзлаб этник серблар Сербия чегарасидаги Ярине ва Брняк назорат-ўтказиш пунктларига олиб борувчи иккита асосий йўлни тўсиб, баррикадалар ўрната бошлади. Reuters агентлиги ёзишича, Косовска-Митровицада уч соат мобайнида сиреналар чалинган.
Сербия президенти Александр Вучич косоволик серблар учун вазият «жуда мураккаб» экани ва можаро келиб чиқса, унда «Сербия ғалаба қозониши»ни айтди. «Биз ҳеч қачон бугунгидан кўра мураккаб вазиятда бўлмаганмиз. Приштинадаги режим ўзини жабрдийда сифатида кўрсатиб, дунёдаги вазиятдан фойдаланишга уринмоқда, [Косово бош вазири] Альбин Курти қиёфасидаги янги Зеленский гегемонизмга қарши кураш ҳақида айтмоқда», — дея унинг сўзларини келтирган ТАСС.
Вучич Косово ҳукумати ярим тунда «серб ҳужжатларини тақиқлаш акцияси»ни бошламоқчи эканини ва шунинг учун ҳар эҳтимолга қарши назорат-ўтказиш пунктларига ўзининг махсус бўлинмаларини келтириб қўйганини айтди. Россиянинг айрим нашрлари президентнинг сўзларини ўзича талқин этди ва «Вучич Косово армияси тунда Сербиянинг шимолий қисмига ҳужум қилишни режалаштираётганини айтди» қабилидаги сарлавҳа билан постлар тарқатилди.
Сербия президенти «қандай қилиб бўлмасин тинчликни сақлаш»ни исташини қайд этди, аммо «агар сербларни таъқиб қилишга журъат этишса, сербларни ўлдиришга журъат этишса, Сербия ғалаба қозонажаги» ҳақида гапирди. РФ ТИВ Сербиянинг ёнини олди ва Приштинанинг ҳаракатини «сербларни Косоводан қувиб чиқаришга қаратилган навбатдаги қадам» деб баҳолади. «Приштинани ва унинг ортида турган АҚШ ҳамда ЕИни провокацияни бас қилиш ва Косоводаги серблар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирамиз», — дейилган вазирлик хабарида.
Якшанба куни кечқурун ижтимоий тармоқларда отишма овозлари эшитилган роликлар тарқалганди. Косово полицияси Сербия билан чегарадаги иккита назорат-ўтказиш пунктини ҳам ёпди ва 31 июл куни кечқурун полициячилар томонга ҳам ўқ узилгани, аммо «хайрият, ҳеч ким жабрланмагани»ни маълум қилди.
Косовска-Митровице шаҳридаги серблар ва албанлар яшовчи ҳудудларни ажратиб турувчи Ибар дарёси устидаги кўприкда Косово ҳудудида хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар (KFOR) пайдо бўлди. Миссия расмий баёнот эълон қилиб, тинчликпарвар кучлар вазият «кескинлашуви»ни диққат билан кузатиб бораётгани ва барқарорликка таҳдид юзага келса, вазиятга аралашишга тайёрлигини маълум қилди.
1 августга ўтар кечаси Косово расмийлари ўзгаришларни бир ойга кечиктиришини маълум қилди — фақат баррикадалар олиб ташланиши шарти билан. Reuters нашри ёзишича, Приштина бу қарорга Евроиттифоқ ва АҚШ билан маслаҳатлашувдан кейин келган; Американинг Косоводаги элчиси Жеффри Ҳовенйер Сербияда берилган Сербия рақамлари ва ҳужжатларига эга автомобиль эгаларига нисбатан чора кўришни бир ойга кечиктиришни сўрагани, чунки бу масала атрофида «жуда кўплаб ёлғон маълумот ва тушунмовчиликлар» юзага келганини айтиб ўтди. Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Косово маъмуриятининг Сербияда рўйхатдан ўтган автомобилларни Приштинада берилган янги давлат рақамлари учун мажбурий қайта рўйхатдан ўтказиш режасини амалга оширишни 1 сентябргача кечиктириш қарорини олқишлади ва баррикадалар «зудлик билан олиб ташланиши»ни кутаётганини айтди.
1 август тонгида Сербия давлат нашри РТС тўсиқлар ҳамон ўз жойида қолаётгани, Ярине ва Брнякдаги назорат-ўтказиш пунктлари ҳамон ёпиқлиги, Мердаредаги ишлаб турган назорат-ўтказиш пунктида серблар берган ҳужжатлар билан кириб келаётганларга вақтинча ҳужжатлар берилаётгани ҳақида хабар қилди.
Автомобил рақамлари туфайли 2021 йил кузида ҳам худди шу каби кескинлик кузатилганди. Ўшанда косоволик полициячилар сербча рақамли машиналар ҳайдовчиларини уларни алмаштиришга мажбурлаган; маҳаллий серблар йўлларни тўсишга киришган. Ўшанда ҳам, Deutsche Welle нашри ёзишича, Косово ўз ҳаракатини «акс эттирувчи чора» деб атаган, чунки Сербия косоволикларнинг автомобил рақамлари ўз ҳудудида алмаштирилишини талаб қилади. Бир неча кунлик қарама-қаршиликдан кейин томонлар икки давлат ҳайдовчилари иккинчи давлатга киришда ўз мамлакати рамзларини ёпиштириб олишига келишганди. Белград ва Приштина вакиллари кейинги ярим йил давомида бу борада бир тўхтамга келиши кўзда тутилганди, аммо бир йил ўтиб ҳам ечим топилмади. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди